Тариқат одоблари (Нақшбандия таълимоти асосида)
1032 марта ўқилди.

 
Тариқат одоблари
(Нақшбандия таълимоти асосида)
9-қисм

Эргашишга лойиқ муршиднинг аломатлари
Ҳужжат ул–ислом Имом Абу Ҳомид Ғаззолий эргашишга лойиқ муршиднинг қуйидаги 5 сифатини баён қилганлар:
«Олим бўлиши, тақводор бўлиши, унда дунё севгиси ва шон-шуҳрат бўлмаслиги, яшаётган ҳудудида доимо тўғрилиги билан машҳур
бўлиши ва охиргиси унинг атрофида, унга эргашганлар орасида олимлар бўлиши керак.
Шу каби сифатлар соҳибини учратганингда ҳеч иккиланмай ўз нафсинг тарбиясини унга топшир. У зот сени Аллоҳ учун нафсингни тарбиялайди ва сен ҳақиқатни мушоҳада қиласан».
Муҳаммад Нуруллоҳ Сайдо ал-Жазарий «Тасаввуф сирлари» рисолаларида эргашишга лойиқ муршиди комилнинг 19 аломати бўлишини қайд қилганлар. Улар:
1. Барча зарур диний илмдан воқиф бўлиши;
2. Эътиқодда, амалда ва ахлоқда исломий мезонларга содиқ бўлиши;
3. Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига маҳкам боғлан- ган бўлиши;
4. Дунёга ва дунё молига фикрини чалғитмаслик;
5. Ҳеч вақт нафсининг камолот даражасига етганлигига ишонч ҳосил қилмаслик(сабаби: бу туйғу ҳам дунё севгисидан бир парчадир);
6. Комил бир муршиднинг суҳбатидан маълум вақтгача баҳраманд бўлган ва бир орифнинг тарбиясини олган бўлиш, моддий ва маънавий жиҳатдан тўқ бўлиши;
7. Замондошлари бўлмиш инсофли шайх ва олимлар ҳақида яхши фикрда бўлиши;
8. Халқ орасидан кўпгина ақлли ва диндор, таҳсил кўрганларнинг унга рағбат кўрсатиши;
9. Иршод истаганларни ўқитиб, тарбиялар экан, шафқатли бўлиши;
10. Муридларининг аҳволини тушуниш учун зийрак ва кучли фаросат эгаси бўлиши;
11. Унинг суҳбатида ўтирганлар қалбларида дунё севгисининг камайганлиги ва Аллоҳга бўлган севгининг кўпайганлигини ҳис қилиши;
12. Муридларга ўз нафсида татбиқ этмаган амр, суннат ва макруҳлар ҳақида гапирмаслик (акс ҳолда сўзининг таъсири қолмайди);
13. Гаплари ҳою ҳавасдан, ҳазил ва сафсатадан холи бўлиши;
14. Ҳаддан зиёд таъзим этилишини кутмаслик, атрофидагиларга уларнинг кучи етмайдиган оғир таклифлар қилмаслик;
15. Зериктирадиган даражада амал юкламаслик;
16. Мурид билан кўп апоқ-чапоқ бўлмагани каби ундан унчалик узоқ ҳам бўлмаслик;
17. Муридлар билан ўтирганида, сукут ва виқор билан ўтиради, уларга ошиқча илтифот кўрсатмайди.
18. Муридлардан бири уйга таклиф этса, қабул қилиши ва у ерга борганда иззат-ҳурматини қўлдан бермаслик;
19. Муридларидан бирортаси узоқ вақт кўринмай кетса, унинг аҳволини сўраб-суриштириши, агар касал бўлиб қолган бўлса, унга ёрдам қўлини чўзиш, зиёрат қилиш, зарур эҳтиёжи бўлса, қондириш ёхуд жамоат билан бирга унинг ҳаққига дуо қилиш».
Муриднинг ҳам нафсига оид 15 вазифаси борлигини таъкидла- ганлар:
1. Ёмон инсонлардан узоқ юриш;
2. Жунуб бўлган ҳолда ётиб ухламаслик;
3. Ҳамиша таҳоратли бўлиб юриш;
4. Нафсини тергаш (робитаи мавтия);
5. Ҳар кунги амалларини назорат қилиб бориши;
6. Инсонларнинг мулозаматига алданиб қолмаслик;
7. Баланд овозда қаҳқаҳа отиб кулишни, қовоғи осиқликни ташлаш;
8. Оз ухлаш;
9. Кам гапириш;
10. Кам емоқлик;
11. Қорни очмагунча овқатланмаслик ва тўймасдан дастурхон бошидан туриб кетмаслик;
12. Овқатланишдан олдин «Бисмиллоҳ», еб бўлгач «Алҳамдулиллоҳ» дейиш;
13. Овқатланишда одоб билан ўтириш;
14. Номаҳрамларга қарамаслик;
15. Ўринсиз ҳазил-мутойиба ва мунозаралардан узоқлашиш.
Бундан ташқари, яна муриднинг вазифалари:
1. Зикр учун алоҳида вақт ажратиш;
2. Зикрларни нуқсонсиз, тўла-тўкис адо этиш;
3. Жамоат билан намозни ўқишни тарк қилмаслик;
4. Суннати завоид (қўшимча суннат) намозларини доимо ўқиб бориш.
Мурид устозининг ҳар бир шаръий таълимини тўғри қабул қилиши лозим. Ўзида бирор аломатларни сезса, ҳеч тортинмай ва одобини жойига қўйиб, устозидан маслаҳат олиши керак.
Мурид муршиднинг камтаринлик, хушмуомалалик, чиройли одоб ва бошқа фазилатларини ўзида мужассам қилиши лозим. Ибодатларда, зикрларда, таваккул, таважжуҳ ҳамда робитада устозига эргашиши, пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига бекаму кўст амал қилиши зарур.
Давоми бор...

ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги 
Матбуот хизмати
Ҳожи Абдулғафур Абдурраззоқ Бухорий
Тариқат одоблари  (Нақшбандия таълимоти асосида) китобидан
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram