Тожикистон ва Афғонистон уламоларининг Бухородаги ташрифи
16 март 2021 й.
73 марта ўқилди.

 

Тожикистон ва Афғонистон уламоларининг

Бухородаги ташрифи

Маълумки, 15 март куни Самарқандда “Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари ва бугунги кундаги тарбиявий аҳамияти” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди. Тадбирда иштирок этган Афғонистон Ислом Республикаси Иршод, ҳаж ва вақф ишлари вазири, Тожикистон Ислом маркази раиси бошчилигидаги делегация аъзолари “Афросиёб” тезюрар поездида Самарқанд-Бухоро йўналиши бўйича Бухорога етиб келишди. Меҳмонларни Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Э. Мажидов, Бухоро вилояти бош имом-хатиби Ж. Элов ва бошқа мутасадди ходимлар кутиб олишди. Ташриф дастуридан делегация аъзолари Бухоронинг диққатга сазовор жойлари, қадамжоларга зиёрати ўрин олган.

Ташриф давомида Афғонистон ва Тожикистондаги диний соҳа раҳбарлари, етук уламолар ва мутахасислари Саййид  Амир Кулол зиёратгоҳига бўлишиб, 7 пир силсиласининг охиргиси бўлмиш “Ҳазрати Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд” мажмуасига ташриф буюришди. Қуръон тиловати қилиниб, ўтган азизларимиз ва халқимиз ҳаққига дуои хайрлар қилинди.

Ундан сўнг ислом оламининг буюк фиқҳшунос олими. Имом Бухорийнинг замондоши бўлмиш Абу Ҳафс Кабир зёратгоҳиига борилди. Мазкур манзилда барпо этилган меморий ансамбиллар ва алломанинг ёзиб қолдирган асарлари билан яқиндан танишдилар. Сўз ўрнида таъкид этиш жоизки Абу Хафс Кабир ислом қонуншунослиги асосларини яратган йирик олим бўлган. Наршахийнинг ёзишича, унинг шарофати билан Бухоро «Қуббат ул-ислом» — «Ислом динининг гумбази» унвонини олган. Ташриф давомида меҳмонлар Ўрта Осиёда Сомонийлар даври меъморчилигининг нодир намуналаридан бири бўлган тарихий обида Исмоил Сомоний меъморий ансамбилини ҳам томоша қилишди. Исмоил Сомоний шахси ҳақида гапирадиган бўлсак, у Бухорода Сомонийлар давлатига асос солган йирик сиёсий арбоб ҳисобланади. Исмоил Сомоний 848-йил Бухоро шаҳрида туғилган, 874-йилда сомонийларнинг Бухородаги ноиби, 888-йилдан эса бутун Мовароуннаҳрга ҳоким бўлган. Исмоил Сомоний марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш сиёсатини олиб бориб, турли ерлардан уламолар, адиблар, уста ва ҳунармандларни Бухорога тўплаган. Маданият ривожига катта ҳисса қўшган.

Ташрифнинг якуний қисмида Мовароуннаҳрда қурилган биринчи масжид ва ҳозирги “Масжиди Калон” тарихий меъморий мажмуасига уюштирилган эскурсия бўлди. Ҳадис илмининг султони Имом Бухорий (810–870) Бухорога келганларида ҳам Масжиди Калон жуда катта масжид бўлган. Бу ерда дарс ўтганларида маълум бир масофада мубаллиғлар, яъни, етказувчилар туриб, Имом Бухорийнинг сўзларини халққа етказиб турган. Ҳамма эшитиб, ёдлаб, ёзиб борган. Масжиди Калонда буюк муҳаддисдан бир вақтнинг ўзида ўн мингга яқин одам дарс олган. Амир Исмоил Сомоний (888–907) давригача бу масжид кенгайтириб борилди. Амир Исмоилнинг буйруғи билан масжид атрофидаги кўп уйлар сотиб олинди ва жомеъ учдан икки ҳиссагача кенгайди. Айрим маълумотларда келтирилишича, ўша пайтлар Масжиди Калонда юз минггача одам намоз ўқиган.

Ташрифнинг сўнгида ҳурматли меҳмонлар Бухорои азимдаги алломалар бешиги бўлмиш “Мир Араб” ўрта махсус ислом билим ютри мадрасаси билан яқиндан танишдилар. Мир Араб мадрасаси Минораи Калон ва Масжиди Калон билан гўзал бир меъморий мажмуани ташкил этади. Бу билим даргоҳи шаҳардаги мадрасалардан икки улкан мовий гумбази билан ажралиб туради. Ушбу мадрасага кириш эшиги ғарб томонида бўлиб, ўнг томондаги гумбаз остида масжид, чап томондаги гумбаз остида мақбара жойлашган. Мақбарада Саййид Абдуллоҳ ал-Яманий, Бухоро хони Убайдуллохон ва у зотнинг қариндошлари дафн этилганлар. Мадраса икки қаватли бўлиб, Қуръони Карим суралари сонига мувофиқ 114 ҳужрадан иборат. Бу бинода тўртта улкан пештоқ Қуръони Карим оятлари билан безатилган. Мир Араб мадрасаси ислом дини ва маданияти равнақига муносиб ҳисса қўшган илм даргоҳлари орасида энг маълум ва машҳурларидандир. Бу улуғ билим даргоҳида Бухоро амирларидан Амир Шоҳмурод, Амир Ҳайдар ва бошқа буюк зотлар ҳам таҳсил олганлар. Мадраса қарийб беш юз йиллик фаолияти давомида Ўрта Осиё, Афғонистон, Эрон, Россия, Кавказ, Озарбойжон, Доғистон каби давлатлар мусулмонлари ҳаётида ҳам муҳим ўрин эгаллаб келган ва диний ходимлар тайёрлашда катта аҳамият касб этган.

Шунинг билан меҳмонларнинг ислом тамаддунига улкан ҳисса қўшган, буюк маданий, маънавий тарихга эга, осмон остидаги мадрасалар юрти бўлмиш, Бухоро шахридаги ташрифи якунига етди.

 ЎМИ Бухоро вилоят вакиллиги матбуот хизмати 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:25
Куёш: 06:12
Пешин: 13:10
Аср: 17:45
Шом: 19:25
Хуфтон: 21:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram