БАЙРАМ МУБОРАК БЎЛСИН!
01 сентябр 2020 й.
890 марта ўқилди.

 
БАЙРАМ МУБОРАК БЎЛСИН!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту саломлар бўлсин.

Азиз юртдошлар!
Сизларни халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами – Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 29 йиллиги билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва ўз номимдан самимий муборакбод этаман. Аллоҳ таборака ва таолодан барчага мустаҳкам соғлиқ, бахту саодат ва файзу барака тилаймиз.

Тараққиётимизнинг янги даврида муҳтарам Президентимиз бошчиликларида Ислом дини маърифатини кенг тараннум этиш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини тўла таъминлаш, масжид-мадрасаларни обод этиш ва муборак динимизни равнақ топтириш йўлида жуда катта ишлар амалга оширилди. Шунингдек, инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун деган эзгу тамойилга амал қилган ҳолда халқни рози қилиш асосий мезонга айланди.

Аллоҳ таолога шукрки, бугунги синовли дамларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўзининг ижобий самарасини бериб, пандемиядан кам талофат билан чиқилмоқда, фуқароларимиз одатий меҳнат қилиш ва яшаш тарзига секин-аста ўтмоқда. Бунда ҳукуматимизнинг узоқни кўзлаб иш тутиши ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратиши муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Тарихий ўзгаришлар ва хушхабарларни ҳаммамиз кўриб, эшитиб, бевосита гувоҳи бўлиб турибмиз. Бундай хайрли ишлар ўз-ўзидан амалга ошмаяпти. Буларнинг замирида Яратган Парвардигорнинг иродаси ила бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатликда кунни тунга, тунни тонгга улаб меҳнат қилаётган пок ниятли халқимизнинг тинимсиз саъй-ҳаракатлари мужассамдир.
Ўзбекистон аталмиш гўзал заминда халқимиз бир мақсад йўлида бирлашиб, Давлатимиз Раҳбари атрофида жипслашиб ёрқин келажак, юксак тараққиёт сари дадил одимламоқда.

Шундай қутлуғ санада Ҳақ таборака ва таолодан барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик ёр бўлишини, хонадонингиздан файз-барака аримаслигини ва гўзал диёримизда доимо хурсандчилик айёмлари бардавом бўлиши сўраймиз!

Усмонхон Темирхон ўғли АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:58
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram