ХОЖА МУҲАММАД ОРИФ МОҲИТОБОН РЕВГАРИЙ
29 феврал 2020 й.
4172 марта ўқилди.

 
ХОЖА МУҲАММАД ОРИФ МОҲИТОБОН РЕВГАРИЙ  

Ҳожа Ориф Моҳитобон номи билан ғарбу шарқда маълум ва машҳур. Ҳазрат Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий Шофиркон тумани Ревгар қишлоғида ҳижрий 560, милодий 1165 йилда таваллуд топган.
Ориф Ревгарий Моҳитобон номи билан ҳам машҳур. Шофирконни ҳам, бу улуғ зот туғилган макон сифатида улуғлаб Моҳитобон деб юритганлар. Моҳитобон дейилишига сабаб, Ориф Ревгарий валий бўлиб қалблари илоҳий нурлар хазинасига айланган эди. Бу нурлар вужудларининг ҳар бир ҳужайрасидан шуъла сочиб, тажалли этиб порлаб турар эди. Хожа Орифга валоят даражаси шунчалик юксак эдики, у киши кирган ҳужра ёруғ бўлар эди. “Мақомотда”, у киши боши устига Каъба келиб, соя солиб тургани баён этилган. 
Хожа Ориф Ревгар қишлоғида таваллуд топиб, юз йилдан зиёдроқ умр кўрган ва умрининг асосий қисмини шу қишлоқда ўтказган. Касб-корлари деҳқончилик бўлган ва шу билан ҳаёт кечирганлар.  
Хожа Ориф Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг шогирд ўринбосари ҳисобланади. Хожанинг муриди сифатида устознинг таълимотини давом эттириб, зоҳидларча художўйлик ва тақводорлик, ортиқча хайқириб, Худони ёд этиш шариатга хилофлигини таъкидлаган. 
Зикри хуфия Орифлар, яъни маърифатли инсонлар таоми, - деган ҳикмат билан зийнатланган. Бу зоти шариф нақшбандия тариқати "силсилаи шариф"да ўн биринчи ҳалқанинг пири муршиди ҳисобланадилар.  
Ҳазрат Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий  ҳақларида Абдураҳмон Жомийнинг “Нафоҳатул унс”, Алишер Навоийнинг “Насоимул муҳаббат”, Тоҳир Эшоннинг “Тазкирайи нақшбандия” ва бошқа асарларда маълумотлар берилгандир. Аксарият қадимий манбаларда Хожа Ориф "Қутбул авлиё-валийлар йўлбошчиси" деб баҳоланган.
Ориф Ревгарийдан “Орифнома” рисоласи сақланган. Бу рисола нусҳасини устозимиз Жонмуҳаммад Гулов берган.
Ҳазрат Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарийнинг “Орифнома” асарларини форс-тожик тилларидан Садриддин Салим Бухорий ва Исроил Субхоний 1994 йилда тажрима қилиб, 16 бетдан иборат 75 минг нусҳада китобхонлар учун чоп этганлар. Рисолада ўзлари айтган ҳикматли сўзлар  ёзилган. Шунингдек, машойихлар ҳикматидан 38 та ҳикмат келтирилган. “Орифнома” асарлари бир томондан хожагон талимотининг мазмун-моҳияти одоби, камолот йўли ва воситаларини ўргатувчи бир асар бўлса, иккинчидан бу тасаввуф тарихидаги буюк намоёндалар таълимотини ўргатувчи манбадир. “Орифнома” асарларида Боязид Бастомий ва у кишининг шогирди Абу Туроб Нақшабий, Робия Адавия, Ҳасан Басрий, Шақиқ Балхий, Молик Динор ва Суфиёний Саврий, Яҳё Розийлар ҳақида маълумотлар бор. Шунингдек, бу асарда Ориф Ревгарий ўз устози Абдулҳолиқ Ғиждувонийнинг ўгитлари, ҳаёт йўллари ва охирги дамлари ҳақида маълумотлар келтирилган. Ориф Ревгарий таъкидлайдиларки, “Зеро ҳушёр бўлсинки, алвоқту сайфун қотиун! Яъни вақт шамшир каби кескирдур! Турфатул айнни ҳам ғафлат билан беҳуда ўтказмасин ва Ҳақ Субҳаналлоҳу таолодан бошқа зот ҳаёли билан хуш-хурсанд бўлмасин”. Ориф Ревгарий бу ўгитлари орқали банда икки олам саодатига эришиши учун Аллоҳни қалбида нақшлаши лозимлигини айтмоқдалар.  Ориф Ревгарийнинг асарларидаги  бешинчи ўгитларида шундай келтирилган: “Пок эътиқодли бўл!, Зероки қора юрак, чиркин кўнгил бутун аъзойи баданни ҳаром қилғай! Ахир Аллоҳнинг бизни қабул этиши ёки этмаслиги айни шу кўнгил туфайли-ку!” Бу ўгитда Ориф Ревгарий қалб поклигига  эътибор қаратиш лозимлигини уқтирмоқдалар. Чунки, айнан қалб инсонни Аллоҳ билан боғлайдиган муқаддас ришта бўлиб, айнан қалбга Аллоҳ назар этиб, ўзининг раҳматини, файзини, нурини жойлаштиради. Илоҳий манзил-у маконга айланган қалб бутун вужудни поклайди ва инсонни пок эътиқодли қилади.     
Ҳазрат ўзларининг “Орифнома” асарларида айтадиларки: “Авлиёлик аломатлари учтадир: биринчиси шуки, баланд даражани эгаллаганда ҳам камтар бўлмоқ, иккинчиси шуки, қудрати, сабр-у тоқати етгунча парҳезкорлик қилмоқ. Учинчиси шулки, то кучи етгунча инсоф қилмоқдур”.
Ваҳоланки, “Орифнома” асарларидан Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд  ва бошқа авлиё-алломалар баҳраманд бўлиб, таълим олганлар. Қарийб, 800 йил олдин ҳижрий 622, милодий 1225 йилда ёзилган асарнинг ҳар бир жумласи ҳикмат ва ҳар бир гапида олам-олам маъно сингдирилган. Албатта, бу асарни ўқиган азиз китобхонларимизнинг кўнгиллари шод бўлади. Бу асарнинг қиммати яна шундаки, унда Ориф Ревгарийнинг вафотига оид қуйидаги назмий парча келтирилган.
“Орифнома” асарларида  қуйидаги байтлар хаттот томонидан  ёзилган: 
Афсус шуд пинҳон Моҳитобон ба зери хок,
Килкам сияхпўш, жигар реш, сина чок.
Тарих баҳри реҳлати ў жустам аз қалам,
Қутби замон ва Орифи биллоҳ зери қалам.
Мазмуни: Афсус, Моҳитобон тупроқ остига пинҳон бўлди, қаламим қора кийинди, жигарим тилинди, кўксим чок бўлди. Унинг марҳум бўлган йили “Қутби замон” ва “Орифи биллоҳ” зери қаламдан чиқади. Ушбу байтдан 634 ҳижрий сана чиқар экан, демак Хожа Ориф милодий 1234 йилда вафот қилганлар. 
Ориф он Орифи раббоний, 
Муттасил шуд ба васли субҳоний.
Хўжаи аҳли дин бигуй солаш,
Низ Орифи амини раббоний.
Мазмуни: 
Ориф ул Орифи раббонийдур, 
Мудом Аллоҳ васлига етишди.
Унинг (ўлими) тарихи “Хўжаи аҳли дин”дан,
Ёки “Орифи амини раббоний” дан чиқади.
Садриддин  Салим Бухорий “Бахоуддин Нақшбанд ёки етти пир” китобида бу мисраларни шундай таҳлил этганки: “Хўжаи аҳли дин” ва “Орифи амини раббоний” да абжад ҳисобида Хожа Ориф марҳум бўлган йил яширинган. Муаллиф Ориф Ревгарийнинг вафот йили деб, ҳижрий 657, милодий 1259 йилни кўрсатган.
Хожа Ориф ар-Ревгарий зиёратгоҳлари 1910 йилда Бухоронинг сўнгги амири Саид Амир Олимхон томонларидан қайта таъмирланган.
1991 йил Истиқлолимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб Хожа Ориф мақбаралари атрофи ободонлаштирилиб, Шофиркон ҳуснига кўрк берувчи кўркам мажмуа барпо этилди. Бугунги кунда бундай меъморий мажмуалар нафақат юртдошларимиз,  балки бутун дунё мусулмонларининг зиёрат қиладиган севимли масканига айланди.
Президентимиз Ш.Мирзиёев Бухоро вилоятида бўлганларида Бухорои Шарифдаги  “Етти пир” мажмуаларини реконструкция қилиш ҳамда янги сайёҳлик йўналишларини очиш тўғрисидаги тавсияларига мувофиқ, Хожа Ориф зиёратгоҳида кенг кўламдаги ободонлаштириш ва қўшимча бинолар барпо этиш ишлари бошлаб юборилди. 
2018-2019 йиллар мобайнида Хожа Ориф ар-Ревгарий Моҳитобон зиёратгоҳи ҳудуди замонавий янги лойиҳа асосида ҳашар, реконструкция ва қурилиш ишлари олиб борилди. Асосий кириш дарвозаси, “Минор”, эркаклар ва аёллар таҳоратхонаси қурилди. Музей, кутубхона, ўқув хонаси ва маъмурий бинолар барпо этилди. Зиёратчилар учун сув олиш жойи қайта қурилди. Зиёратгоҳ атрофи девор билан ўраб олинди. Боғнинг марказида “Фаввора” ва атрофида 4 та “Бесетка” (дам олиш жойлари)  қурилди. Хожа Ориф ар-Ревгарий Моҳитобон хазратларининг хонақоҳлари тамирланиб, атрофи тўрт томонли айвон билан бунёд қилинди. Жомеъ масжид замон талабларига мос ҳолда қайта таъмирланиб, жиҳозланди. Ҳудди шунингдек, зиёратгоҳ атрофида 85 ўринли “POYKENT” меҳмонхонаси, “Моҳитобон чойхонаси” ва замонавий “Автотураргоҳ”  қурилиб, келаётган меҳмонлар ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилди.

“Хожа Ориф ар-Ревгарий Моҳитобон” жомеъ
 масжиди имом-хатиби Жасур Латипов
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:58
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram