ҲАЗРАТ ХОЖА БАҲОУДДИН НАҚШБАНД
09 март 2020 й.
1651 марта ўқилди.

 
ҲАЗРАТ ХОЖА БАҲОУДДИН НАҚШБАНД
 
Хожа Баҳоуддин Нақшбанд – ислом оламининг энг машҳур авлиёларидан бири, нақшбандия тариқатининг асосчиси. У милодий 1318 - йилнинг март ойида Бухоро вилоятининг Когон туманидаги Қасри Ҳиндувон қишлоғида туғилган. Халқ орасида Баҳоуддин, Баҳоуддинжон, Хожа Баҳоуддин, Хўжайи Бузрук, Шоҳи Нақшбанд номлари билан ҳам машҳур. Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг асл исми Муҳаммаддир. Манбаларда у кишининг отаси ҳам бобоси ҳам Муҳаммад исмида бўлгани қайд этилади. Баҳоуддин Нақшбанднинг насаби ота тарафдан Ҳазрат Алига, она тарафдан ҳазрат Абу Бакр Сиддиққа бориб тақалади. Хожалар авлодидан бўлгани учун унинг номи олдига хожа сўзини ишлатиш расм бўлган. Ёшлигида отаси билан бирга кимхобга нақш солиш ҳунари билан машғул бўлгани учун Нақшбанд тахаллуси билан машҳур бўлган. Ўша даврда матоларга нақш ишлаган, нақш солинган кўйлаклар ёки нақшли гиламлар тўқиган касб эгалари нақшбанд дейилган. Баҳоуддин” сўзи “Диннинг нури” деган маънони англатади. Бу Хожа Нақшбандга кейинчалик берилган фахрли унвон. Баҳоуддин Нақшбанд умри давомида бир неча буюк уламоларнинг тарбиясини олган. Биринчи устози – Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий эди. Кекса шайх бу ёш муридини тарбиялашни ўринбосарларидан бўлмиш Амир Саййид Кулолга топширади. У тариқат бобида билганларини ўргатиб бўлганидан кейин шогирдига ижозат беради. Баҳоуддин илм истаб, яссавия тариқати шайхларининг машҳур вакилларидан бўлмиш Қусам шайх олдига, Нахшаб, яъни ҳозирги Қаршига боради. Уч ой ундан таълим олади. Баҳоуддиннинг бу пирга ихлоси баланд бўлган, айни чоғда Қусам шайх ҳам уни ўз ўғлидек билиб, муридига чексиз ҳурмати туфайли умрининг охиригача Бухорода яшаб, шу ерда вафот этади.  Манбаларнинг далолат беришича, у Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний (1103–1179) дан руҳий тарбия олган. Баҳоуддин Нақшбанднинг умри асосан Бухоро ва унинг атрофидаги қишлоқларда ўтган. Ғарибона ҳаёт кечирган, фақат ўз меҳнати билан кун кўрган. Ўз таълимотини яратишда Юсуф Ҳамадоний ва Абдулхолиқ Ғиждувоний назарияларига асосланган. Таълимоти асосида: “Дил – ба ёр-у, даст – ба кор” (“Кўнгил Аллоҳда бўлсин-у, қўл иш билан банд бўлаверсин”), – деган шиор ётади. Тасаввуфдаги ҳар қандай тариқат каби, хожагон-нақшбандия тариқати ҳам ўз ғоялари, тартиб-қоидалари, одоблари ва қатъиятларини шакллантиришда жуда қадим ришталардан сув ичган. Аммо тариқатнинг бутун моҳиятини унинг бош шиори бўлмиш: “Дил – ба ёр-у, даст – ба кор” ҳикмати ҳамда яна ўн бир қоида белгилаб беради. Бу қоидалар “рашҳалар”, яъни “томчилар” деб юритилган. Рашҳалар Юсуф Ҳамадоний, Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд тарафларидан асосланган  
 
НАҚШБАНДИЯ ОЛТИН СИЛСИЛАСИ
Нақшбандия манбаларда “силсилат аз-заҳаб”, яъни “олтин силсила”  тарзида тилга олинади.
Бу қуйидаги тарзда шаклланган:
Сарвари олам Муҳаммад (соллаллоҳу алйҳи васаллам) (570–632).
Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) (573–634).
Ҳазрат Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) (578–657).
Ҳазрат Қосим ибн Муҳаммад (раҳматуллоҳи алайҳ) (ваф. 605 й.).
Ҳазрат Имом Жаъфари Содиқ (раҳматуллоҳи алайҳ) (702–765).
Султон ал-орифин Боязид Бистомий (қуддиса сирруҳу) (ваф. 875 й.).
Шайх Абул Ҳасан Харақоний (қуддиса сирруҳу) (963–1033).
Шайх Абу Али Формадий (қуддиса сирруҳу) (962–1055).
Ҳазрат Хожа Юсуф Ҳамадоний (қуддиса сирруҳу) (1049–1141).
Ҳазрат Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний – Хожаи жаҳон (1103–1179).
Ҳазрат Хожа Ориф Ревгарий – Моҳитобон (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1317 й.).
Ҳазрат Хожа Маҳмуд Анжирфағнавий (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1317 й.).
Ҳазрат Хожа Али Рометаний (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1326 й.).
Ҳазрат Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1354 й.).
Ҳазрат Хожа Саййид Амир Кулол (қуддиса сирруҳу) (ваф. 1370 й.).
Ҳазрат Хожа Баҳоуддин Нақшбанд Бухорий (қуддиса сирруҳу) (1318–1389
Юсуф Ҳамадоний тайин этган шиорлар:
Ҳуш дар дам.
Назар бар қадам.
Сафар дар ватан.
Хилват дар анжуман.
Абдулхолиқ Ғиждувоний тайин этган шиорлар:
Ёткард.
Бозгашт.
Нигоҳдошт.
Ёддошт.
Баҳоуддин Нақшбанд тайин этган шиорлар:
Вуқуфи замоний.
Вуқуфи ададий.
Вуқуфи қалбий.
 
ҲАЗРАТ ХОЖА БАҲОУДДИН НАҚШБАНД ЗИЁРАТГОҲИ
 
Бухородан 10 километр шимоли-шарқда Қасри Орифон қишлоғида жойлашган Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи нафақат юртдошларимиз, балки бутун дунё мусулмонлари учун табаррук қадамжолардандир.

Нақшбандия тариқатининг асосчиси Хожа Баҳоуддин Нақшбанд 1389 - йилда 71 ёшида вафот этади. Улуғ пиру комил дафн этилган Қасри Орифон қишлоғидаги зиёратгоҳда турли меъморий иншоотлар қурилиб, мажмуа беш аср мобайнида шаклланиб борган. Ўрта аср тарихчиларининг ёзиб қолдиришларича, мемориал комплекс бир неча бор қайта қурилган.

Истиқлол йилларида тарихий-меъморий мажмуа тамомила обод масканга айлантирилди. Қайта тиклаш ишларида юртимизнинг барча ҳудудларидан маҳоратли таъмирчи-усталар иштирок этди. Баҳоуддин даҳмаси атрофида қарийб 90 метрлик янги айвон ўз ўрнида қайта қурилди. Ҳазратнинг ҳаёти ва таълимотига бағишланган “Нақшбандия тариқати” музейи барпо этилди. Зиёратчилар учун барча шароит яратилди.

Айни пайтда ушбу қутлуғ қадамжога йилига 2 миллиондан ортиқ меҳмонлар ва саёҳатчилар ташриф буюрмоқда.

Манбалар асосида тайёрланди
ЎМИ Бухоро вилоят вакиллиги матбуот хизмати
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:05
Куёш: 05:55
Пешин: 13:10
Аср: 18:05
Шом: 19:50
Хуфтон: 21:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram