Хожа Али Ромитаний қуддису сирриҳу тарихи
04 март 2020 й.
372 марта ўқилди.

 
Хожа Али Ромитаний қуддису сирриҳу тарихи

«Азизон» тахаллуси билан машҳур бўлган Хожа Али Ромитаний қуддису сирриҳу (Аллоҳ сиррини муқаддас қилсин)  ҳижрий 588, милодий 1191-йилда Бухоронинг Ромитан туманидаги Қўрғон қишлоғида туғилган. У кишининг шамойили ўрта бўйли, кўркам сифатларга эга бўлган, нуроний юзли шахс эди. Али Ромитаний фақирлик йўлини танлаган, мато тўқиш билан шуғулланар эди. У киши зоҳирда халқ билан, ботинда Хақ (Аллоҳ) билан эди. Юксак манавий мақом эгаси бўлиб, фавқулотда кароматлари зоҳир эди. Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий ҳазратларининг хизматини ихлос билан қилган энг садоқатли, улуғ халифаларидан эди. 
Тасаввуф аҳли орасида «Азизон» тахаллуси билан машҳур бўлган Али Ромитаний Ромитанда бир неча йил халқни иршод этади, кейин Бовард (Абивард)га кўчиб боради, у ерда ҳам муридлар етиштиради. Ниҳоят, Хоразмга кўчиб бориб, у ерда муқим истиқомат қилади. 
«Рашаҳот айн ул-ҳаёт» ва «Ҳазарот ул-қудс» асарларида ёзилишича, Хожа Али Ромитаний Хоразмда яшаш учун ҳукмдордан ёзма рухсатнома олади. У ҳар куни мардикор бозорига борар, бир-икки ишчини уйига олиб келиб, уларга дин ва тасаввуфдан сабоқ берар, кеч кирганда ҳаққини бериб, кетказар эди. Лекин Хожа Али Ромитанийнинг суҳбатини бир марта эшитган одам яна келаверар эди. Шу аснода тез фурсатда муридлари кўпайиб кетди. 
  Замонасининг машҳур шайхларидан Бадриддин Ҳамадоний Хожа Али Ромитанийдан: «Аллоҳни кўп зикр қилинглар...» (Аҳзоб сураси, 41-оят) ояти каримасида назарда тутилган зикр, зикри жаҳрийми ё зикри хафийми?» - деб сўраганида, Хожа Али Ромитаний ҳазратлари: «Мубтадий (тариқатга янги кирган солик)га кўра жаҳрий, мунтаҳий (сулукни ниҳоясига етказаётган мурид)га кўра хафийдир»,—деб жавоб берадилар. «Зикри жаҳрийга далилингиз нима?» — деган саволга: «Охирги нафасингизда тавҳид зикрини талқин қилингиз» ҳадисидир, — дея жавоб берганлар. Бу талқин, табиийки, жаҳрий бўлади ва тақво қилувчи ҳар нафасини охирги нафас деб билади. Хожа Али Ромитаний ҳазратлари адиб ва шоир ҳам эди. Ҳикматларга тўла форсча шеърлар битган. «Тарихи назму наср» асари муаллифи Саид Нафисийнинг қайд этишича, Хожа Али Ромитанийнинг «Маҳбуб ул-орифин» номли асари бор. Унда муридларга тавсия қилинган ўнта асос қоидалар тушунтирилган. Бу асарда ва бошқа айрим манбаларда («Расоили ситтаи зарурия», Али Сафийнинг «Рашаҳот айн ул-ҳаёт», Ризоқулихоннинг «Риёз ул-орифин» ва «Мажма ул-фусаҳо» каби асарларда) Хожа Али Ромитанийнинг шеърлари келтирилган. Хожа Али Ромитанийнинг баъзи фикр-қарашларини унинг фарзанди Хожа Иброҳим бир неча саҳифалик кичик рисолага жам қилган. Бу рисолага Муҳаммад Хоразмий Арзангий шарҳлар битиб (тахминан XV асрда) «Шарҳи Рисолаи Азизон» ёки «Маноқиби Хожа Али Азизони Ромитаний» номи билан яхлит бир асарни тартибга келтирган. «Фиҳристи нусхаҳо» асарида «Рисолаи Хожаи Азизон» номли кичик бир рисола Хожа Али Ромитанийга нисбат этилади. 
Хожа Али Ромитанийнинг сўзларидан парчалар: 
- Хизматни миннат бил, миннатни хизмат билма. 
-Инсон доимо хайрли ишлар қилиши, лекин «қилмадим» деб ҳисоблаши керак. 
- Тилнинг доимий зикр билан машғул бўлиши «зикри касир», яъни Ҳақ буюрган «кўп зикр айтиш»дир, назари раҳматдир. Хафий зикр қилувчи машҳур бўлса, демак, у жаҳрий зикр қилибди... 
- Икки нарсага эҳтиёт бўлинг: овқатланаётганда ва сўзлашаётганда. 
- Биродаринг ҳаққига бегуноҳ тил билан дуо қил, рад бўлмайди. Яъни, сенинг тилинг унинг ҳаққига гуноҳ қилмаган, унинг тили сенинг ҳаққингга гуноҳ қилмаган бўлади, биродарнинг биродарга холис дуоси шу тарзда бўлиши керак. 
- Толиблар бирор ҳақ дўстининг кўнглидан жой олиш орқали камол топадилар. Маънавий камолатга эришишнинг энг қисқа йўли шудир. 
- Муҳаббатнинг шарти эргашишдир. «Ҳазрати пайғамбарнинг умматиман», деган киши авваламбор ул зотга тобеъ бўлиши керак. 
- Ҳақ таоло билан суҳбат қилинг, агар у билан суҳбатлаша олмасангиз, у билан суҳбатлашганлар билан суҳбат қуринг. 
- Дунё ва охират икки опа-сингилга ўхшайди. Бир киши бир вақтда опа-сингил билан никоҳ қура олмайди. Дунё ва охират севгиси ҳам бир қалбда жо бўлолмайди. Ҳолбуки, иккови ҳам махлуқдир. Шундай экан, яратувчи билан яратилмишга бўлган севги бир жойда жамланмайди.
- «(Ҳар бир) хуш сўз Унга юксалур» (Фотир сураси, 10-оят) оятининг ҳукмига кўра, зикр қушининг қанот ёзиб учиши учун икки қаноти бўлиши керак. Булар - ҳузур ва ихлос... 
- Банда Аллоҳ бўла олмайди, лекин Аллоҳнинг сифатлари билан сифатланади, холос. 
Хожа Али Ромитанийдан «Имон нима?» (ёки «Тасаввуф нима?») деб сўрашганида, ул зот: «Ажратмоқ ва бирлаштирмоқ» (яъни, кўнгилни дунё севгисидан ажратиб олмоқ ва Ҳаққа қаратмоқ), деб жавоб берибди. 
Хожа Али Ромитанийнинг ўғли Хожа Иброҳим отасидан сўрайди: «Мансур Ҳаллож «анал-ҳақ (мен ҳақман)», - деди, уни қатл этдилар, Боязид Бастомий «Хирқам ичида Аллоҳдан бошқа ҳеч нарса йўқ», - деди, унга ҳеч нима демадилар, бунинг ҳикмати нимада?» Хожа Али Ромитаний: «Мансур манликни илгари сурди ва сўзини «мен» дея бошлади, шу боис мусибатга йўлиқди. Боязид эса йўқлик - ҳечликни илгари сурди, сўзини «йўқ» билан бошлади, омон қолди», - дея жавоб берган эканлар. 
Кубравий шайхларидан Алоуддавла Симноний билан хат ёзишган, яссавия шайхи Саййид ота билан учрашган Али Ромитаний ҳазратлари 130 йил умр кўрган. Муҳаммад исмли беш кишини камолга етказганлар. Уларнинг ҳар бири илм ва фазилатда олим, комил, валий зот эдилар: Хожа Муҳаммад Иброҳим (ўз ўғли, вафоти м. 1391 й.), Хожа Муҳаммад Кулоҳдўз Хоразмий, Хожа Муҳаммад Ҳаллож Балхий, Хожа Муҳаммад Бовардий Хоразмий, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий. Хожа Али Ромитанийнинг мазкур халифалари ундан кейин Хоразм, Бухоро ва Балх ҳудудларида хожагон тариқати тарғибини давом эттирдилар. 
«Мурғи ҳақиқат шаҳпари» деб сифатланган бу улуғ зот ўзидан кейин хожагон- нақшбандияда шайхлик ижозатини Муҳаммад Бобойи Саммосийга топширганлар. Хожа Али Ромитанийнинг қабри Хоразмдаги Тошҳовузнинг Кўҳна Урганчида деб келтирилади,баъзи уламоларимизнинг таъкидлашича Хожа Али Ромитанийнинг ҳақиқий қабри  Азим Бухородаги она қишлоқлари бўлмиш, ҳозирги Ромитан туманида. Бунга далил сифатида Али Ромитанийнинг қаламларига мансуб ушбу битикларни келтиришади.

Хоҳики ба Ҳақ раси биё Ромитан,
Ан дар талабу дўсту биё Ромитан.
Хоҳики аз руҳи Азизон ёби,
Пой аз сари худ созу биё Ромитан.

“Хожа Али Ромитаний” зиёратгохи ҳақида 

Юртбошимизнинг  2018-йил февраль ойида Бухоро вилоятига қилган ташрифлари чоғида Етти пир зиёратгоҳини ободонлаштириш ташаббуслари билан  чиққанлари ва шу жумладан Ромитан тумани Азизон МФЙ Ўба қишлоғи ҳудудида жойлашган “Хожа Али Ромитаний” зиёратгоҳида қурилиш ва таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Зиёратгоҳнинг умумий ер майдони бир гектарни ташкил этади. Ҳозирги кунга қадар уч гумбазлик янги кириш дарвозаси, ҳовуз, баландлиги 16 метрли минор, Ҳазрат Али Ромитаний қабрлари устига мақбара, эркак ва аёллар учун таҳоратхона, кутубхона, қуриб битказилди. Зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида йўллар таъмирланиб, меҳмонлар учун автотураргоҳ ҳам ташкил қилинди. Ҳозирги кунда мақбарада қурилиш ишлари давом этмоқда. Хожа Али Ромитаний зиёратгоҳида жомеъ масжид бўлиб, ушбу масжид 2004 - йил ҳашар йўли билан қурилган. Масжид биноси уч томонлама айвон билан ўралган бўлиб, ҳозирги кунда ушбу масжидда жума намозларида олти юздан ортиқроқ намозхонлар ибодатларини адо этиб келмоқдалар. Масжид бир юз олтмиш кишига мўлжалланган. Зиёратгоҳнинг ёнида 43 кишилик янги замонавий «Қўрғон» меҳмонхонаси мавжуд. Зиёратгоҳ чашмаси (қудуқ) таъмирланиб, ўзгача қиёфа акс этди. Азизон зиёратгоҳида юздан ортиқ манзарали кўчатлар, турфа хил гуллар зиёратгоҳнинг чиройига чирой қўшмоқда. Хожа Али Ромитаний зиёратгоҳи қаршисида тўрт минг йиллик тарихга эга Афросиёб қурдирган Ромитан қўрғони (қалъа) мавжуд. Ушбу зиёратгоҳга ташриф буюрувчилар зиёрат асносида қадимий қалъани ҳам томоша қилиб келмоқдалар. 

Ромитан туман “Хожа Али Ромитаний”
жомеъ масжиди имом - хатиби 
Бобир Жўраев
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:26
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram