ЖАМИЯТДА АЁЛ ҚАДРИ
02 март 2023 й.
601 марта ўқилди.

 ЖАМИЯТДА  АЁЛ   ҚАДРИ

Аллоҳ таоло барча мавжудотлар қатори инсонни ҳам жуфт, яъни эркак ва аёл қилиб яратган. Кишилик жамиятининг бир қисмини аёллар ташкил этар экан, ҳаётда турмуш юмушларининг ярми улар зиммасидадир. Аёл – биринчи навбатда онамиз, қолаверса  жуфту ҳалолимиз, опа-синглимиз, қизимиздир. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса демак, жамият соғлом бўлади. Чунки, келажакнинг меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келадилар. Уларга бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни кекса онахон-момохонларимиз ўргатадилар. Шундай экан, келажак авлоднинг солиҳ бўлишлиги бугунги кун аёлларининг солиҳа бўлишларига ҳар жиҳатдан боғлиқдир.
Аёл киши аввало, Она сифатида қадрланади. Қуръони каримнинг бир нечта оятларида онани эъзозлашга, унинг ҳаққини адо этишга буюрилган бўлиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларининг бирида: “Жаннат - оналар оёғи остида”, - деб марҳамат қилганлар. 
Ислом таълимотида оилали аёлнинг зиммасига қатор вазифалар юклатилиши билан баробар, оилада у ўз ҳақ-ҳуқуқига ҳам эга эканлиги айтилган бўлиб, бу ҳақда Қуръони каримда: “Аёлларнинг зиммаларида (вазифалари) бўлганидек, улар учун ҳам ўз меъёрида  (ҳуқуқлари) бордир...”, - деб баён қилинган (Бақара сураси, 228-оят). Ривоят қилинишича саҳобалар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан: Зиммамизда хотинларимизнинг қандай ҳақлари бор? – деб сўрашганда, У зот: “Еганингизда уни ҳам едирмоғингиз, кийганингизда кийдирмоғингиз, юзига урмаслик, ёмон сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, фақат уйдан чиқмаган ҳолда ўринни бошқа қилиб ётмоқлик”, - дедилар (Абу Довуд ривояти). 
Пайғамбаримиз с.а.в.нинг: “Аёллар эркакларнинг ажралмас бир қисмидирлар”, - деган ҳадисларига биноан аёл киши жамиятнинг ажралмас бир бўлаги экан, у ижтимоий ҳаётда ўз мавқеига эга бўлиб, илм олишга, касб-ҳунар қилишга ҳақлидир. Шунга биноан бугунги куннинг аёли ҳам унга берилган ҳақ-ҳуқуқлардан оқилона фойдаланиш билан бир қаторда, аёллик иффатини сақлаб, ўз шаънига доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи лозим. Афсуски, баъзи бир аёллар ўткинчи ҳавасга берилиб, оналик шаънига доғ тушириб, ўз жигар гўшаларини кўча кўйларга, меҳрибонлик уйларига ташлаб кетмоқдалар. Яна баъзилари эса, “охират илмини ўргатамиз” деган баъзи нопок кимсаларнинг қўлига тушиб, мутаассибликка берилиб кетмоқдалар. Бундай аёллар Аллоҳ ва Пайғамбар улуғлаган сифатларга доғ тушурмоқдалар, гуноҳга ботмоқдалар, жамият келажагини таҳдид остига қўймоқдалар. Уларни ҳимоялаш ва тўғри йўлга солиш биз эркакларнинг зиммамиздадир.
Аёллар эркакларга қараганда табиатан заифа бўлганлари учун ҳам Аллоҳ таоло пайғамбарлик мақомини, нафақаи аҳли аёл масъулиятини, жамоатга имомлик қилиш, азон айтиш, намозни жамоат билан адо этиш, жума намозига бориш, талоқ бериш каби ҳуқуқларни заифа аёллар зиммасига юкламаган. Ҳатто, фарз намозларини ҳам уйларининг ичкарисида ўқишлари афзал эканлиги айтилган. Жамиятимизнинг фаровонлиги ҳар жиҳатдан аёлларга ҳам боғлиқ экан, Аллоҳ таоло уларни Ўз ҳифзу ҳимоясида сақлаб, уларга хайрли ва баракотли ҳаётни насиб қилсин.
«Хокимулломир» жомеъ масжиди 
имом-хатиби Ғолиб Муротов
 
«орқага

Фикр билдириш

Фикр беринг

Сизнинг исмингиз *:
E-mail *:
Фикр матни *:
Текшириш коди:


* - асосий қаторлар

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:28
Пешин: 13:10
Аср: 16:55
Шом: 18:35
Хуфтон: 20:10
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram