Аёллар ислом ҳимоясидадир
09 март 2021 й.
1125 марта ўқилди.

 
Аёллар ислом ҳимоясидадир
 
Ҳозирги кунда шариатдан бехабар баъзи эрлар аёллари билан муносабатлари бузилса, “Мен энди аёлим билан яшамайман, уни нафақа билан ҳам таъминламайман, талоғини ҳам бермайман”, дейди. Бунда аёл на оилали бўлмай, на эридан ажрала олмай, йиллаб аросатда қолиб кетмоқда.
Бундай қилишдан қайтариб Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида шундай деган:
وَلَا تُمْسِكُوهُنَّ ضِرَارًا لِتَعْتَدُوا وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ فَقَدْ ظَلَمَ نَفْسَهُ وَلَا تَتَّخِذُوا آَيَاتِ اللَّهِ هُزُوًا
яъни: “…Уларга зулм қилиб, зарарлантириш ниятида ушлаб турманг! Ким шундай қилса, демак, ўзига зулм қилибди. Аллоҳнинг оятларини ҳазил билмангиз!…” (Бақара сураси 231-оят). 
Аёлларга бундай зулм қилиш шариатимизнинг барча кўрсатмаларига зиддир. Ислом бундай хорликларга чек қўйган. Эр кишига фақат уч талоқнинг ҳаққини берди ва аёлни қийнамасликка буюрди. 
Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қиладики: “Бас, агар икковларининг Аллоҳнинг чегараларида тура олмасликларидан қўрқсангиз, хотин берган эвазда икковларига гуноҳ йўқдир. Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларни бузманг” (229-оят).
Ушбу ояти карима асосида Ислом шариатида “хулуъ” ҳукми жорий қилинган. Аёлга шариати исломия талоқ ихтиёрини бермади. Лекин, ундан тамоман маҳрум ҳам қилмади. Ва эрининг зулми, стами остида мажбур ҳолда ғассол қўлидаги маййит каби қолдирмади. Яъни эркак, аёл унинг зулми ва стамидан халос бўлиш учун бирор йўлга эга эмас деб, тушунмасин. Ман хоҳлаган ишимни қиламан деб ўйламасин. Чунки, золим эр зулмидан қутилиш учун аёл киши эри билан яшашни хоҳламаса, шариат аёлларга талоқни маҳр эвазига сотиб олиш, яъни “хулуъ” имконини берган. Агар хулуъ қилишга эр розилик бермаса аёл шаръий ҳокимият судига ё шариъат қозисига эр-хотин ўртасидаги муомалани тақдим қилиб қонуний талоқни қўлга киритади ва никоҳ қози томонидан фасх қилинади. 
Демак динимиз аёлни бир номард эрнинг қўлига хорлатиб қўймаган. Аёлнинг ҳам шаъни, қадр-қиммати, обрў эътибори, иззати ва ҳурмати борлигини, унинг ҳам саъодатли, бахтли яшашга ҳаққи борлигини мусулмонман деган эркаклар унутмасинлар.
Аёли никоҳида бўла туриб уни ўз ҳолига ташлаб қўяётган эркаклар билиб қўйсинларки никоҳдан сўнг хотиннинг нафақаси эрга вожиб бўлади. 
Улуғ аждодимиз Бурҳонуддин Марғиноний ўзларининг “Ҳидоя” номли асарларида: “Аммо хотиннинг нафақаси эр зиммасида бўлишга саҳиҳ никоҳ ақди сабаб бўлади. Чунки аёлга нафақа беришнинг вожиб бўлиши саҳиҳ никоҳ сабабли эр хотинини ушлаб тургани эвазигадир”, деб келтирадилар.
“Нафақа” сўзи луғатда “яхшиликка маблағ чиқариш” маъносини англатади. Шариатда эса, ўз қарамоғидаги шахсни (ота-онаси, хотини, болалари каби қўл остидагиларни) етарли кийим, таом ва маскан (уй-жой) билан таъминлашдир.
Нафақанинг эрга вожиб бўлиши Қуръон, суннат, ижмоъ ва ақл ила собит бўлган.
Қуръондан далиллар: Аллоҳ таоло “Талоқ” сурасида шундай деб марҳамат қилади: “Ризқи кенг кенглигидан нафақа қилсин. Кимнинг ризқи тор қилинган бўлса, унга Аллоҳ берганидан нафақа қилсин. Аллоҳ ҳеч бир жонга Ўзи берганидан ортиқчасини юкламас. Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонликни берур” (7-оят).
Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида бундай дейди: “У(она)ларни маъруф ила едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир”  (233-оят).
Аллоҳ таоло “Талоқ” сурасида бундай деб марҳамат қилади: “У(аёл)ларга ўзингиз яшаб турган жойдан имконингиз борича жой беринг” (6-оят).
Суннатда келган далиллар:
Ҳаким ибн Муовия Қушайрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Эй Аллоҳнинг Расули, биримизнинг хотинининг унда нима ҳаққи бор?” – дедим.  “Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан. Қачон кийим кийсанг, (ёки мол касб қилсанг) уни ҳам кийинтирасан. Юзга урмайсан. Ҳақоратламайсан ва уйдан бошқа жойда ҳижрон қилмайсан”, – дедилар у зот”.  Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.    
Нафақа билан таъмин қилиш масаланинг бир томони. Иккинчи томони ҳар бир оиланинг сардори аёли ва фарзандларини таълим-тарбияси, одобу-ахлоқи, умуман диёнати, маънавий ва руҳий ҳаётидан ҳам жавобгар, масъул эканини унутмаслиги керак. Аллоҳ таоло каломи “Таҳрим! сурасида марҳамат қилиб айтадики:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ 
عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَّا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ 
яъни: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар”.
Демак, оилани раҳбари эркак ўзини ва аҳли оиласини Аллоҳ таолонинг аъзобидан сақлашга буюрилганини унутмаслиги даркор.
Айрим эркаклар, хотинини нафақа билан таъминламаётгани етмагандек, “Бошқаларнинг хотини ишлаб пул топаётибди, сен ҳам мени боқасан”, деб телевизор кўриб ётишибди. Бу эса чидаб бўлмайдиган ҳолдир. Шуни таъкидлаб айтамизки, мана шу ҳолатда аёл гуноҳ йўлга кирса, фаҳш ва зинога қўл урса, у билан бирга номард эр ҳам баб-баробар гуноҳкор бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч киши ҳеч қачон жаннатга кирмайди: эркаклардан даюс, аёллардан эркакшода ва хамр (ароқ)га муккасидан кетган кимса» дедилар. 
Биз: «Аёллардан эркакшодаси ким?» деб сўрадик. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзини эркакларга ўхшатган аёл» деб жавоб бердилар.
Азизлар! Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтганларидек жаннатдан бандани тўсадиган бундай ношаръий иллат ва гуноҳлардан тийилсак жамиятимиз ислоҳ ва охиратимиз обод бўлади.
Барчамизга маълумки, ҳозирги кунда ҳам юртимизда аёлларга эътибор берилиб уларнинг ўзларига муносиб ишлар билан таъминлаш, ҳунармандлик, тадбиркорлик қилишлари учун шароит яратиш, маҳаллаларда “аёллар дафтари” очилиши ва бу бўйича ночор аёлларга ёрдам берилиши, ёлғиз аёлларга имтиёзли уйлар ажратилиши каби аёлларни қўллаб-қувватлаш ишлари олиб борилмоқда. Аллоҳ таоло бу хайрли ишларга Ўзи ёрдамчимиз бўлсин.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ислом аёлларнинг қадр-қимматини ўз ўрнига қўйиб, ҳуқуқларини ҳимоя қилган. Биз ҳам оиланинг бошқарувчиси, масуъли, жавовобгари эканимизни ҳис қилиб оналаримиз, аёлларимиз, қизларимизни ҳақ-ҳуқуқлари, ҳаёю иффатлари ва шаънларини ҳимоя қилайлик. Уларнинг бизни зиммамизда муқаддас ислом динимиз белгилаб берган вазифаларимизни ихлосу муҳаббат билан амалга оширишга Роббимиз ёрдамчимиз бўлсин. 

Ғиждувон туман «Соктари» жомеъ масжид
имом хатиби Жасурбек  Латипов
«орқага

Фикр билдириш

Фикр беринг

Сизнинг исмингиз *:
E-mail *:
Фикр матни *:
Текшириш коди:


* - асосий қаторлар

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:58
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram