АЁЛЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ
20 апрел 2022 й.
673 марта ўқилди.

АЁЛЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ
 
Аёл – муқаддас хилқат. Қадимдан аёл зоти, мўътабар она, меҳрибон опа-сингил ҳамда севикли ва вафодор ёр сифатида доим қадрланган. Барчамизга аёнки, оналарни, аёл зотини эъзозлаш эл-юртимиз учун азал-азалдан эзгу қадрият бўлиб келган. Бунинг боиси юртимизда ўсиб-улғайган ҳар бир инсон меҳр-муҳаббат ва одамийликнинг илк сабоқларини муштипар оналаримиздан, уларнинг бешик узра парвона бўлиб айтган алла оҳангларидан олган. Дархақиқат, ҳаётимиз мазмуни бўлган садоқат, меҳр-муҳаббат, назокат ва латофат каби энг нозик, сирли туйғуларни Яратганнинг беқиёс мўжизаси бўлмиш аёл зотисиз асло тасаввур эта олмаймиз.
Маълумки, бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Бу эса аёллар борасида сиёсат даражасида алоҳида ғамхўрликни талаб этади. Қолаверса, жамият ва давлатнинг қай даражада халқпарвар ҳамда адолатли экани унинг аёлларга бўлган муносабати ва ғамхўрлиги билан белгиланади. Шу сабабли бугун юртимизда ҳам хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш республикамизда олиб бораётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Бугунги кунда аёлларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликлари давлат қонунчилигида тўлиқ мустаҳкамланди. Хусусан, Ўзбекистоннинг асосий қонуни – Конституциянинг 46-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли эканликлари мустаҳкамлаб қўйилди, давлатимиз хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги, хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги, бир хил қийматга эга бўлган меҳнат учун эркаклар ва хотин-қизларни тенг рағбатлантириш тўғрисидаги конвенцияларга қўшилди.
Аёлнинг нозик табиати, болалар тарбияси ва оиладаги ўрнини ҳисобга олиб, қонунчиликда касб-кор ва меҳнат соҳасида ҳам улар учун қатор имтиёзлар белгиланди. Хусусан, ҳомиладор аёллар ва бола парвариши учун ҳақ тўланадиган таътил, ёш болали оналарнинг иш вақтини қисқартириш каби кафолатлар айни шу имтиёзлар жумласидандир. 
Айрим ҳолатларда иш берувчилар ҳомиладор ёки кичик ёшли фарзанди бор аёлларни турли важларни кўрсатиб, ишга қабул қилмасликка ҳаракат қиладилар. Бу эса ҳуқуқбузарлик саналади. Ўз навбатида ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тегишли жавобгарликка ҳам сабаб бўлади.
Шунингдек, ҳомиладор аёлларни ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, ходимлар учун одатда, 40 соатлик иш ҳафтаси белгиланган бўлсада, уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга иш вақтининг ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади.  
Шу билан бирга аёлга, унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилади. Икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга, дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффусдан ташқари, болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар ҳам берилади. Бу танаффуслар камида ҳар уч соатда бир марта ҳар бири ўттиз минутдан кам бўлмаган муддат билан берилади. Икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи бўлган тақдирда, танаффуснинг муддати камида бир соат қилиб белгиланади. Болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар ҳам иш вақтига киритилади ва ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоби бўйича ҳақ тўланади. Бу қоида ҳам аёллар меҳнатини қўллаб-қувватлаш, уларга қўшимча имтиёзлар беришга қаратилгандир. 
Ҳар қандай халқнинг етуклик даражасини, аввало, аёлларнинг илмий-маданий камолоти белгилаб бериши, оқила ва ўқимишли оналар миллатнинг буюк келажагини яратишлари ҳаммамизга яхши аён. Шу боис юртимизда хотин-қизларнинг таълим борасидаги имкониятларини кенгайтириш, уларни узлуксиз ва сифатли таълим билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, буюк маърифатпарвар адиб Абдулла Авлоний айтганидек, “Қизлар билим олишга ҳаммадан кўпроқ интилишлари лозим, чунки, бу билимлар билан улар келажак авлодни тарбиялайдилар”.  Шундай экан, бугун хотин-қизлар таълим-тарбиясига берилаётган эътибор келажак авлод учун эътибор саналади.
 
Шукрулло Жўраев,
Имом Мотуридий халқаро илмий
тадқиқот маркази бўлим бошлиғи 
«орқага

Фикр билдириш

Фикр беринг

Сизнинг исмингиз *:
E-mail *:
Фикр матни *:
Текшириш коди:


* - асосий қаторлар

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram