Она сути — бебаҳо неъмат
08 март 2026 й.
«орқага
159 марта ўқилди.
Она сути — бебаҳо неъмат
Аллоҳ таоло аёл зотини улуғ неъмат — оналик мақоми билан шарафлаган. Оналик фақатгина фарзандни дунёга келтириш эмас, балки уни ҳалол, покиза ва соғлом тарбия билан вояга етказишдек улкан масъулиятни ҳам ўз ичига олади. Бу тарбиянинг илк пойдевори эса она сути билан бошланади.
Она сути — оддий озиқа эмас. У — меҳр, у — дуо, у — она билан фарзанд ўртасидаги мустаҳкам қалб риштасидир. Чақалоқ дунёга келган заҳоти она бағрига босилиб, она сути билан озиқланиши унинг жисмоний ва руҳий соғлом ривожланиши учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳақда ҳам тиббиёт илми, ҳам муқаддас динимиз алоҳида таъкидлаб ўтади.
Онанинг фарзанди учун чеккан ҳар бир машаққати — савобли амалдир. Она сути билан боқилган фарзанднинг танаси бақувват, қалби эса хотиржам бўлади. Зеро, у она меҳрини бевосита ҳис этиб улғаяди.
Азиз ва муҳтарама оналар! Турли сунъий аралашмалар, вақтинчалик қулайлик излаш ёки бепарволик сабаб она сутидек табиий неъматдан воз кечмайлик. Аллоҳ таоло ато этган бу бебаҳо неъматни қадрлайлик. Чунки ҳар бир томчи сут — фарзанднинг ҳаққидир. Бу ҳақни адо этиш эса онанинг улуғ шарафидир.
Унутмайлик: соғлом авлод — соғлом онадан бошланади. Она сути эса соғлом авлоднинг биринчи ва мустаҳкам пойдеворидир.
Аллоҳ таоло барча оналарга сабр, қувват ва сиҳат-саломатлик ато этсин. Фарзандларимизни Ўз паноҳида асрасин.
Бухоро вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари
Баҳрамова Ризвон
Фикр билдириш
Фикр беринг
* - асосий қаторлар















