ФОЛБИНЛАРГА ИШОНМАНГ
15 апрел 2024 й.
1101 марта ўқилди.
ФОЛБИНЛАРГА ИШОНМАНГ
Мехрибон роббим инсон зотини азиз қилиб яратди. Оёғимизга куч, кўзимизга нур, белимизга қувват, тили забон, ақл фаросат, ўғил қиз, келин куёв, набира неъматларини берди. Аллоҳимга ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбар Муҳаммад, ( с.а.в)га дуруду саловотлар бўлсин. Хар бир инсон борига шукр, йўғида сабр қилиши шарт. Аллоҳим бандаларига дард, ғам, ташвиш, мусибат бериб синайди. Бу синовларга сабр қилиш ўрнига аёлларимиз дарров фолбиннинг ёнига югурадилар. Ўзлари билмаган ҳолда катта гуноҳга йўл кўядилар.
Азиз аёллар авваломбор фолбинларнинг гапига умуман ишонманг. Қолаверса, Аллоҳдан кўп дуода бўлиб икки дунё бахту саодатини сўранг. Намоз ўқинг, Қуръон ўқинг. Пайҳғамбаримизга саловотлар айтинг. Муаммонгиз бўлса, бахтингиз очилмаётган бўлса ғам чекманг. Аллоҳимдан холис сўранг, Аллоҳ меҳрибон, сўрасангиз беради. Кўнглингиз ғаш бўлса ўйлаб кўринг. Сизда ҳозир ғашлик бор. Ота-онангиз билан яхшилаб гаплашиб олинг. Онангиз билан айниқса, чунки онангизга ичингиздаги гапларни бемалол гапира оласиз. Сизни қийнаётган, ўйлантираётган вазиятни тушунтиринг. Кейин эса фолбинга борганингиз учун Аллоҳга астойдил тавба қилинг. Ва бошқа борманг. Шунда тавбангиз қабул бўлади. Сиз ҳали турмуш қурмагансиз. Турмушга чиққанлар, уйланганлар борса фолбинга, гапини тасдиқласа, никоҳи бекор бўлади. Шунинг ўзи ҳам айтиб турибди-ку, қанчалик оғир гуноҳ фолбинга боришлик. Фазилатли шайх Ҳазрат Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимуллоҳ бу ҳақда шундай ёзиб қолдирганлар:
“...Имом Табароний Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Ким фолбиннинг ҳузурига келиб, ундан бирор нарсани сўраса, қирқ кечагача тавбаси тўсилади. Агар фолбиннинг гапига ишонса, кофир бўлади", деганлар. Ҳақиқий мўмин киши учун қирқ кунлик эмас, бир вақтлик намозининг қабул бўлмаслиги ҳам чексиз мусибатдир. Ҳақиқий мўмин киши учун қирқ кунлик тавбаси эмас, бир онлик тавбасининг қабул бўлмай қолиши ҳам оғир мусийбатдир. Киши ишонмаса ҳам фолбинга боришининг шариатда таъкидланиши маълум ҳикматга эгадир. Аввало, фолбинга ишонмаган одам унга бориб нима қилади? Ахир, бу мантиқсиз тасарруф-ку?! Мўмин киши эса, бундай тасарруфларга лойиқ эмас. Иккинчидан, ким бир чуқурнинг атрофида айланаверса, бориб-бориб унга тушади. Шунингдек, фолбиннинг олдига борган шахснинг ҳам унга ишониб қолиш эҳтимоли кучаяди. Гуноҳга ботишнинг олдини олиш учун фолбинларга бутунлай мурожаат қилмаслик буюрилган. Фолбинга мурожаат қилувчилар ҳам бирор яхшироқ нарсага эришиш ёки ёмонликнинг олдини олиш, қайтариш мақсадида бўладилар. Лекин бу ношаръий, ҳаром йўл.
Шунинг учун ҳам улар мақсадларига ета олмаслик, олий даражаларга эриша олмаслик билан жазоланадилар.
Шариат бўйича, бирор ишни қилмоқчи бўлган одам, аввало, яхши ўйлаши, ўрганиши, биладиганлар билан маслаҳат қилиши, шундан сўнг азм қилса, Аллоҳга таваккал қилиб ишни бошлаши кўрсатилган.
Шариатга мувофиқ иш олиб борган одам олий даражаларга эришади. Шариатга хилоф иш қилганлар эса, икки дунёда ҳам олий даражага эриша олмайдилар. Ислом дини бўйича бу ҳақда кўрсатилган таълимотлар билан танишдик. Энди эса, амал қилиш керак. Авваллари билмай бу ишларни қилганлар бўлса, тавба этсинлар. Бу ҳукмларни эшитмаган, билмаганлар бўлса эшиттириб, билдирсинлар. Бундай маънавий жиноятлардан қутулиш, чораларини кўрсинлар. Валлоҳу аълам.”. (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф). Амир Темур бобомизниг олдиларига бир фолбин келиб "подшоҳу олам мен сизга эртанги кун тақдирингиз ҳақида айтиб берайми? -деганида жаллодга фолбинни бошидан жудо қилишни буюрибди. Вазир подшоҳу олам нега бу фолбинни ўлдирдингиз деганида подшоҳ" ахир бу ахмоқ ўзини тақдирини билганида менинг остонамга келмас эдику - у ўз тақдирини билмаган мени тақдиримни қаердан билсин"- деган экан Амир Темур бобомиз. Шундай экан фолбинман деган инсон шайтон шериги эканлиги шундан далолат беради. Аллоҳимдан барча мўмину муминаларни бидъат хурофотлардан, фолбинлар макридан ўзи асрасин.
Ғолиб Муротов,
Ромитан тумани “Хокимулломир” жомеъ масжиди имом-хатиби
«орқага
Фикр билдириш
Фикр беринг
* - асосий қаторлар