ДИНИМИЗДА НИКОҲ МАСАЛАЛАРИ
19 январ 2023 й.
«орқага
669 марта ўқилди.
ДИНИМИЗДА НИКОҲ МАСАЛАЛАРИ
Аллоҳ таоло инсон фарзандини бошқа барча махлуқотларга нисбатан азиз ва мукаррам ва ер юзини обод қилмоқ учун уни Ўз халифаси деб эълон қилган. Ерни обод қилмоқ учун ҳалол ва покиза инсонлар лозим. Мазкур сифатли инсонлар фақат соғлом никоҳ орқали пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифларда инсонларни саҳиҳ никоҳ орқали жуфтланишлари ва ушбу никоҳни муқаддас билишлари ва бардавом бўлишлари учун кўрсатма ва тавсиялар келган. “Никоҳ” сўзининг луғавий маъноси эркак ва аёлнинг қовушиши, мажозий маъноси эса оила қуришни англатади.
Инсон оилани ўзига жуфт танлаш билан бошлайди. Муносиб умр йўлдоши танлаш инсон ҳаётидаги энг муҳим ҳаёт-мамот масалаларидан бири ҳисобланади. Бу масалада жуда эътиборли бўлиш талаб қилинади.
Насл насабнинг қандай давом этиши, фарзандларнинг тарбияси, одоб ахлоқи, саломатлиги ҳатто, яқин қариндошлар билан борди келдининг сақланиб қолиши ҳам бўлажак умр йўлдошига боғлиқ.
Буюк саҳоба Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари янги келинларга эрининг ҳурматини ва хизматини қилишга буюришар эди”, – деганлар.
Оила мустаҳкам бўлиши учун оилада эр ва хотин шариатимиз кўрсатмаларига мос ҳолда ўз мажбуриятларни тўлиқ адо қилишлари шарт.
Оилада эрнинг мажбуриятлари:
1.Ўзи еган нарсадан аёлига едириши, ўзи кийганидан кийдириши, юзига урмаслиги, аразлашганда бир хонада ўрнини алоҳида қилишидир. Оиладаги моддий таъминотни эркак ўз зиммасига олиши керак. Кўча юмушлари билан эр, уй юмушлари билан аёл шуғуллланиш лозим.
2.Эркак аёлининг эҳтиёжларини (маънавий, жисмоний) ҳуқуқини поймол қилмаган,таҳқирламаган ҳолда қондириши.
3.Эр аёлининг қариндошларини ҳурмат қилиши керак.
4.Аёли ҳомиладорлигида алоҳида эътибор. Фарзанд тарбиясига киришиш.
5.Ҳалол луқма едириш
Аёлнинг мажбуриятлари: Эри ёқтирмайдиган кишини уйга киритмаслиги, шариат буюрган ўринларда эрига итоат қилиши.
Аёл бегона эркаклар билан муомалада назокат билан гапирмаслиги керак.
Эр ва хотиннинг оилада бундан бошқа ҳам вазифалари, ҳақ ва ҳуқуқлари мавжуд бўлиб, оила қурганлар булардан хабардор бўлиши ва амал қилиши керак.
Никоҳ ва оилага алоқадор бўлган яна бир муҳим шаръий масала – талоқ масаласи ҳам борки, бугунги кунда ёшларимиз ушбу нозик масалага енгил қарамоқдалар. Билиб-билмай, тушуниб-тушунмай, арзимаган оилавий можаро сабабли ўз жуфти ҳалолига нисбатан “талоқ” лафзини ишлатиб қўймоқдалар. Ривоятларга келишича “Талоқ” сўзи айтилганда шаръий никоҳ фосид бўлиб, эр-хотин бир-бирига ҳаром бўлиб қолади. Талоқ – охирги чора сифатида жорий қилинган бўлиб, Аллоҳ таолога хуш келмаслиги ҳадисларда ворид бўлган. Бу ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилганлар:
“Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳ учун энг нохуш нарса – талоқдир” (Имом Абу Довуд ва Имом Можа ривояти).
Баъзи эрлар ўзлари ва оилаларига бахтсизлик ва кулфатдан бошқа нарса келтирмайдиган қийинчилик ва мушкулот йўлини тутиб, шариат ҳукмларига хилоф тарзда “талоқ” сўзини кўп ва бўрттириб қўллаш ҳолатлари авж олмоқда. Аслида бу – улкан маъсият ва ҳаддан ошишдир. Маҳмуд ибн Лабид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хотинини учта талоқни жамлаб талоқ қилган киши ҳақида хабар берилди. У Зот ғазабнок ҳолда ўрниларидан туриб: “Мен олдиларингизда бўлсам-у, Аллоҳ таолонинг Китоби билан ўйнашиладими?!”,–дедилар. (У Зотнинг қаттиқ ғазабланганларидан) ҳатто бир киши ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ, уни ўлдирайми?” – деб юборди” (Имом Насаий ривояти).
Талоқни эрмак қилиш, бўлар-бўлмас сабаблар билан аёлни талоқ қилавериш жуда катта кулфатларга, оилавий бахтсизликларга сабаб бўлишини унутмаслигимиз зарур. Зеро илм олишлик – барча мусулмонларга фарздир. Худди шу каби билмасдан ёҳуд ҳазил тариқасида айтса ҳам, талоқ тушади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу борада шундай деганлар:
“Уч нарсанинг жиддийси ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий: Иток (қул озод қилиш), никоҳ ва талоқ”.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳаётнинг барча жабҳалари қатори никоҳ ва оила масаласида ҳам шариатимиз кўрсатмаси асосида ҳаёт кечиришимизни насиб этсин!
“Тагбандбофон” масжиди имом-хатиби Кароматов Салоҳиддин
Фикр билдириш
Фикр беринг
* - асосий қаторлар