Она сутининг афзалликлари ва моҳияти
13 январ 2026 й.
111 марта ўқилди.
Она сутининг афзалликлари ва моҳияти
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Аллоҳ таоло аёл зотини улуғлаб, унга оналикдек буюк ва шарафли неъматни ато этган. Оналикнинг энг гўзал, энг баракали амалларидан бири — янги дунёга келган фарзандни она сути билан боқишдир. Она сути шунчаки оддий озуқа эмас, балки Аллоҳ томонидан чақалоқ учун махсус яратилган, тенги йўқ ва бебаҳо неъматдир.
Она сутининг моҳияти шундаки, у боланинг ҳаётининг илк кунларидан бошлаб унинг жисмоний, ақлий ва руҳий ривожи учун энг тўлиқ ва энг пок озуқа ҳисобланади. Она сути таркибида болага зарур бўлган барча витаминлар, минераллар ва фойдали моддалар мувозанатда жамланган. Ҳеч бир сунъий ёки қўшимча озуқа она сутининг ўрнини тўлиқ боса олмайди.
Она сути боланинг иммун тизимини мустаҳкамлайди, уни турли касалликлардан асрашга хизмат қилади. Она сути билан катта бўлган болалар, одатда, соғлом, бақувват ва руҳан барқарор бўлиб улғаядилар. Бу эса нафақат оиланинг, балки бутун жамиятнинг соғлом ва барқарор ривожланишига замин яратади.
Ислом таълимотида ҳам она сути масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Қуръони каримда оналарга фарзандларини эмизиш тавсия қилинган бўлиб, бу илоҳий кўрсатмада улкан ҳикмат мужассам. Чунки она сути боланинг ҳаққидир. Уни адо этиш эса она учун савобли амал ҳисобланади.
Она сутини бериш нафақат бола учун, балки онанинг ўзи учун ҳам жуда фойдали. Эмизиш жараёни онанинг саломатлигини мустаҳкамлайди, руҳий хотиржамликни оширади, она ва бола ўртасидаги меҳр-муҳаббат ришталарини янада кучайтиради. Бу яқинлик боланинг келажакдаги тарбияси ва шахсий камолоти учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Азиз ёш оналар! Фарзанд — Аллоҳ таолонинг сизга берган муқаддас омонатидир. Ушбу омонатни она сути билан боқиш — ибодат, катта савоб ва улуғ масъулиятдир. Қандай қийинчилик бўлмасин, сабр қилинг, дуо қилинг ва она сути неъматининг қадрига етинг. Чунки соғлом фарзанд — соғлом оиланинг, соғлом оила эса соғлом жамиятнинг пойдеворидир.
Аллоҳ таоло барча оналарга сабр, қувват ва барака ато этсин. Фарзандларимизни соғлом, солиҳ ва комил инсонлар қилиб вояга етказишни насиб этсин.
Бухоро вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари
Ризвоной Баҳрамова
«орқага
Фикр билдириш
Фикр беринг
* - асосий қаторлар















