Шариатда аёллар юзининг пардози
01 май 2021 й.
1005 марта ўқилди.

 
Шариатда аёллар юзининг пардози
 
Инсоният тарихига қарайдиган бўлсак, бугунги кунгача барча жабҳада бўлгани каби, аёлларнинг пардоз-андоз ишларида ҳам катта ўзгаришлар, ривожланишлар  бўй кўрсатганини кўриш мумкин. Аёллар юзини пардозлашда икир-чикир жиҳатларигача эътибор қиладиган бўлишди. Улар бунда турли оқартирувчи воситалар билан бирга, юзларнинг тукларини олиш, тишлар орасини очиш ва қош, кўз ҳамда лабларини татуировка қилиш каби беҳисоб воситалардан фойдаланишмоқда.
Бундан кейинги бобларда юзнинг пардози ва унинг ислом шариатидаги ҳукмлари баён этилади.
Юзни турли упа-элик воситалари билан пардозлаш
Аёллар юзини пардозлашда кенг фойдаланадиган пардоз-андоз воситалари ўзининг тайёрланиши ва турларига қараб эътиборли бўлади. Аёллар юзларини чиройли қилишда ишлатадиган ушбу косметик воситаларни  уч исмга ажратиш мумкин:
I – Нопок моддалардан тайёрланадиган воситалар. Улар нажас ҳукмида бўлади;
II  – Юз териси учун зарарли ҳисобланган пардоз воситалари;
III – Зарарсиз ва пок моддалардан тайёрланган пардоз воситалар.
I. Аёл кишига пардоз қилиш учун таклиф этилган воситалар нажосат-нопок воситалар аралаштириб тайёрлангани аниқланса, ундан фойдаланиш ҳаром бўлади. Бу Исломнинг тоза-покизалик  дини экани, нопок нарсаларни қабул қилмаслиги, ҳар қандай ҳолатда ҳам уни ишлатишдан қайтарганининг белгиси ҳисобланади.
Нопок косметик воситаларни ишлатишнинг ҳаром эканлиги ҳақида қуйида далиллар келтирилади.
1 – Ислом шариати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Огоҳ бўлинглар, ўлимтикнинг ошланмаган териси ва ўлаксадан асло фойдаланманглар”,[1] деган амрлаига биноан, ҳар қандай нажосатни ҳаром деб билади.
2 – Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ ва Унинг расули ароқ, ўлимтик, тўнғиз, ва санамларни савдосини ҳаром қилди”, деганларини эшитди. Шунда: “Эй Расулуллоҳ,  ўлимтикнинг ёғига нима дейсиз? Ахир инсонлар ундан кемалар  ва териларни ёғлашда ва чироқ сифатида фойдаланишади-ку?”, дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Йўқ, барибир у ҳаромдир”, дедилар.
Ўйлаб кўринг, агар нажосат ҳисобланган  нарсаларни зарурат ва инсоний манфаат учун ҳам ишлатиш ҳаром бўлса, ҳеч бир ҳожатсиз, пардоз учун ундан фойдаланишнинг ҳукми нима бўлади? Бундай нопок ҳисобланган нарсалардан оддий кема ва чироқлар учун ҳам фойдаланиш ҳаром бўлгани ҳолда, уни инсон танаси учун қандоқ ҳам ишлатиш мумкин?[2]
3 – Уламоларнинг нажосатни инсон танасига фақатгина ўта танг ҳолатда, мажбуриятдан бошқа вақтда асло ишлатиб бўлмаслигига қилган ижмолари.  Нажосат моддалардан ишланган бу воситалар бадан ва кийим поклигига ҳам таъсир қилади, хоссатан намознинг дурустлигига ҳам футур етиши мумкин.[3]
II. Юз териси учун зарарли ҳисобланган пардоз воситалари
Косметик воситалар устида олиб борилган илмий тадқиқотлар шуни кўрсатади-ки, тери учун ишлатиладиган бу нарсаларнинг кўп қисми кимёвий моддалардан тайёрланади ва уни ишлатувчига зарарли таъсир кўрсатади. Бу воситаларнинг терига бевосита ишатилиши унга салбий таъсир қилиши кузатилган. Баъзи нозик турдаги териларда унинг таркибидаги  моддалар оқибатида ноодатий аллергиялар пайдо бўлиши, қуёш нурларидан салбий таъсирланишга олиб бориши мумкин.
Баъзи тиббий таҳлиллар шуни кўрсатади-ки, юзга ишлатиладиган айрим косметик моддалар тери тешикларининг ёпилиб қолишига ва яллиғланишга олиб келади, хусусан, таркибида  ийслин гормони  бўлган воситалар.
Ислин кимёвий элементлар жадвалида IUPAS номи билан киритилган карбон зарралари, гидрогенлардан иборат тўйинмаган гидрокарбон гази бўлиб, ундан, асосан мева ва сабзавотларни муддатидан олдин етиштиришда фойдаланилади.
Ўзига хос ҳидга эга бу газнинг яна бир хусусияти – инсон ақлий фаолиятига салбий таъсири кўрсатишидир.
Ушбу турдаги пардоз воситалари танага етказадиган зарарлари ҳисобга олиниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Зарар бериш ҳам зарар кўриш ҳам йўқ”[4] деган машҳур ҳадисларининг умумий маъносига кўра мутлақо жоиз эмас.
Пардоз воситалари устида олиб борилган тадқиқотлар натижасида  аниқланишича, аёллар юзига сурадиган румяналар, тўнғиз ёғи эритмаси асосида, робй cлур ва клуфрум каби кимёвий моддалар аралаштириб тайёрланади. Бу моддалар ўз таркибида сурункали заҳарланиш ёки саратон чақирувчи хавфли бактерияларни сақлайди. Ундан тайёрланган воситалар юзнинг табиий жилосини йўқотади, ёноқларни қуруқ ва ёрилувчан қилиб қўяди. Муттасил фойдаланилганда, ёноқнинг табиий қизғишлиги йўқолиб, лабнинг рангига ўхшаш ўта қизил тусга киради.
III. Зарарсиз ва пок моддалардан тайёрланган пардоз воситалари
Ушбу турдаги пардоз воситалари юзга зарар етишига сабаб бўлмайди ёки муттасил фойдаланганда ҳам зарари ўта кам бўлади. Бундай воситалар, агар аёл фақатгина Аллоҳ таоло кўрсатишга изн берган ўринларда – эри ва маҳрамлари ҳузурида ишлатса, унда алдов ва фириб бўлмаса, мумкин, аксинча бўлса жоиз бўлмайди.
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади “Абдураҳмон ибн Авф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Унда бир сариқ нарсанинг (хушбўй модда) доғи бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан бу нима эканини сўраган эдилар, ансор аёллардан бирига уйланганини айтди”.[5]
Ушбу ҳадисда айтилган ва Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуда бўлган сариқ  доғ унга аёлидан юққан бўлиб,  ўша давр аёллари бундан кўп фойдаланишар эди. Шундан келиб чиқиб, аёлларнинг ороланишда суфра – сариқ рангли хушбўй упадан бошқа нарсалардан ҳам фойдаланиши жоиз, деймиз. Модомики, суфрани ишлатиш Абдураҳмон розияллоҳу анҳуга ҳам жоиз бўлган экан,  аёлларга ҳам жоиз бўлиши батариқи авлодир.[6]
Юқорида зикр қилинган ояти карима ва ҳадислар, уламоларнинг фикрларидан келиб чиқиб, қуйидаги хулосага келиш мумкин.  Модомики, алдов ҳамда фириб бўлмаса ва аёллар Аллоҳ таоло рухсат берган ўринлардан бошқада кўрсатиб юрмасалар, макияж қилишдан  қайтарувчи ҳукм собит бўлмаган. Шунингдек, ушбу воситалар сабабли аёлларнинг юзига зарар етмаслиги ҳам лозим. Валлоҳу аълам.[7]
Аёл кишининг турли зарарсиз ва тоза пардоз воситаларидан фойдаланишини жоиз дейдиган бўлсак, бу ҳукм турмушга чиқмаган аёлларга тегишлими ёки бўй қизларни ҳам ўз ичига оладими?
Ҳанафий уламолар аёл киши эрининг изни билан юз ва қўл-оёқларини депиляция қилиш, бармоқларни хино билан нақш солиб қизартириш ва педикюр каби пардозга оид ишларга рухсат беришган. [8]
Имом Нававий “Ал-мажмуъ” асарида “Турмушга чиққан аёлнинг ёноқларига қизил суриши, депиляция қилиши, ва бармоқларини педикюр қилдириши  жоиз, дейди. Буларнинг барчаси  эрнинг рухсати ила бўлади. Агар аёлнинг эри бўлмаса, бу ишларни қилиши жоиз эмас.  Аёл эрининг розилигисиз бу ишларни қилиши ҳам ҳаром ҳисобланади. Баъзилар эса бу тўғрида икки хил қараш мавжудлигини ҳам айтишган”, дейди.[9]
Юқоридаги фикрлардан келиб чиққан хулоса шуки, турмушга чиққан аёл эрининг изни билан пардозланиши жоиз. Чунки оддий пардоз қилишда Аллоҳ таоло яратган хилқат ўзгариб қолмайди ва сув билан ювганда ўчиб кетади. Аммо турмуш қурмаган қизларга бу иш мумкин эмас. Аксарият фақиҳлар, муфтий ва муҳаддислар ушбу фикрни ёқлаганлар.[10]
Аёлнинг пардози билан кўчага чиқиши, гарчи эри рухсат берган бўлса-да, ҳаромдир. Ушбу кўриниб турган зийнатни номаҳрамлар кўришини ҳисобга олсак, унинг ҳаромлиги ўз аслича қолади.[11]
 
Зебуннисо Қутбиддин қизи
Манба: Azon.uz
________________________________________
[1] Bag’aviy, “Tahzib” 1/180
[2] G’animiy “Al-bob fiy sharhil Kitob” 1/49,  Dirdir “Sharhus-sog’ir” 1/90, Navaviy “Al-majmu’” 4/14
[3] Ibn Qudoma “Al-mug’anniy” 2/63
[4] Imom Molik “Muvatto”  4/132. Sahih hadis
[5] “Sahihul Buxoriy” Nikoh kitobi  5153- hadis. 3/362
[6] Ibn Hajar “Sharhu sahihil Buxoriy” 11/539, Mustafo Adaviy  “Ayollarga oid hukmlar to'plami” 4/417
[7] Mustafo Adaviy  “Ayollarga oid hukmlar to'plami” 4/417
[8] Tahoviy “Hoshiyatut-Tahoviy” 4/186
[9] Navaviy “Al-majmu’” 4/32. Navaviy “Ravzatut-tolibin” 1/276
[10] Sartoviy “Plastik operatsiyalar hukmi” 150 bet, Ahmad Shuvaydah “Ayolning pardoz-andozi” 23 bet,

[11] Maxluf “Shar’iy hukmlar” 1/124 

«орқага

Фикр билдириш

Фикр беринг

Сизнинг исмингиз *:
E-mail *:
Фикр матни *:
Текшириш коди:


* - асосий қаторлар

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:34
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram