ВОЛИДАЛАР РАҲМЛИДИРЛАР.
23 ноябр 2021 й.
110 марта ўқилди.

 
ВОЛИДАЛАР РАҲМЛИДИРЛАР.

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: «Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига бир аёл келди. Оиша унга учта хурмо берди. У ҳар бир боласига биттадан хурмо бериб, ўзи учун бир дона хурмони олиб қолди. Икки бола хурмоларини еб бўлиб, оналарига қарашди. У қолган хурмони иккига бўлиб, ҳар бир болага яримтадан берди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолдилар. Оиша бўлган ишни айтиб берди. Ул зот: «Бунинг нимаси сени ажаблантирди? Икки боласига раҳм қилгани учун Аллоҳ ҳам у аёлга раҳм қилди», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадонлари қанчалар содда ва камтарона бўлганини билиб оламиз. Бир аёл ёрдам сўраб келибди. Оиша онамиз розияллоҳу анҳода уч дона хурмодан бошқа унга берадиган нарса йўқ экан.
Мазкура аёл ўзида оналик меҳрини тўла-тўкис мужассам қилган аёллардан экан. Учта хурмони олиши билан иккитасини икки боласига биттадан бўлиб берибди. Оч-наҳор болалар бирпасда хурмоларни еб бўлиб, онасидаги бир дона хурмога кўз тика бошлашибди. Шунда меҳрибон она болаларини ўзидан устун кўриб, ҳалиги хурмони ҳам иккига бўлиб, икки боласига бир бўлакдан берибди. Бу ҳолат Оиша онамиз розияллоҳу анҳони таажжубга солибди. Онанинг ўз фарзандларига раҳмлилигидан ажабланибдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келганларида бўлиб ўтган гапларни ва ўз таажжубларини гапириб берибдилар. Шунда у зот: «Бунинг нимаси сени ажаблантирди? Икки боласига раҳм қилгани учун Аллоҳ у аёлга раҳм қилди», дедилар».
Демак, болага раҳм қилиш, уни парвариш қилиш, қорнини тўйдириш ва бошқа ташвишларнинг барчаси ота-оналик бурчини адо этишгина бўлиб қолмай, бунинг учун ота-онага савоб ҳам ёзилар ва Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор қилар экан.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Ёрдам сўраб келган одамга уч дона хурмо бўлса ҳам бериш кераклиги.
2. Оналар болаларга ўта меҳрибон бўлишлари.
3. Боласига раҳм қилганга Аллоҳ таоло ҳам раҳм қилиши.

Абдулбосит домла Раҳимов

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси 

«орқага

Фикр билдириш

Фикр беринг

Сизнинг исмингиз *:
E-mail *:
Фикр матни *:
Текшириш коди:


* - асосий қаторлар

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:50
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram