Аллоҳ суйган ва ёмон кўрган маскан
01 апрел 2021 й.
213 марта ўқилди.

 
Аллоҳ суйган ва ёмон кўрган маскан

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَحَبُّ الْبِلَادِ إِلَى اللهِ مَسَاجِدُهَا، وَأَبْغَضُ الْبِلَادِ إِلَى اللهِ أَسْوَاقُهَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга  энг маҳбуб юртлар масжидлардир. Аллоҳнинг энг кўп ғазабига учраган юртлар бозорлардир», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифдаги масжидлар ва бозорларга нисбатан айтилган васфлар уларда содир бўладиган ишлар юзасидан айтилган.
Одатда масжидларда Аллоҳга ибодат қилинади, тиловату зикр, ваъз-насиҳатлар бўлади, илм ўрганилади, мусулмонларнинг ахлоқ-одоби, тарбияси, руҳий-маънавий ҳолатини яхшилаш чоралари кўрилади. Умуман, икки дунё фойдасига оид ишлар бўлади.
Шунинг учун ҳам масжидлар Аллоҳ таоло энг яхши кўрган масканлардир. Шунинг учун ҳам масжид – Аллоҳнинг уйи, дейилади. Ҳар бир нарсанинг шарафи ўша нарсанинг эгасининг шарафига қараб бўлади. Аллоҳнинг уйи бўлишдан ортиқ шараф бўлиши мумкинми?!
Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло қуйидагиларни айтади:
«Еримдаги уйларим масжидлардир. Ундаги Менинг зиёратчиларим масжидларни обод қилувчилардир. Бас, ўз уйида таҳорат қилиб, Мени Ўз уйимда зиёрат қилган бандага хушҳоллик бўлсин. Зиёрат қилинган зиёрат қилувчини икром этиши ҳақдир».
Демак, масжидларга кўпроқ боришимиз, уларда кўпроқ ибодат қилишимиз, Аллоҳга қурбат ҳосил қилишимиз лозим.
Масжидга боргач, у ерда кўзда тутилган нарсадан бошқа нарсалар билан машғул бўлиш яхши эмас. У ерда ношаръий ишлар, гап-сўзлар умуман бўлмаслигига ҳаракат қилишимиз шарт.
Бозорлар Аллоҳ таоло энг ёмон кўрган жойлардандир. Одатда у ерда ёлғон, алдамчилик, бировнинг молини ботил йўл билан ейиш каби ҳодисалар содир бўлади.
Исломда савдо-сотиқ ишларида ҳалол бўлишга қаттиқ тарғиб қилинади. Алдамчилик, бировнинг ҳаққини ейиш, ўзаро муомалаларда қаллоблик қилиш каби ишлар қаттиқ қораланади.
Ҳадисда бозорлар Аллоҳ таоло энг ёмон кўрадиган жой сифатида тилга олиниши ҳам шу жумлага киради. Бозор бозор бўлганлиги учун эмас, балки унда ҳаром-хариш, ношаръий ишлар кўп такрорланиб турганлиги учун шундай васфга эга бўлган. Шунинг учун мусулмонлар бозорларда доимо эҳтиёт бўлишлари керак. У ерларга кирганда ҳам, юрганда ҳам Аллоҳдан паноҳ сўраб юриш лозим.
 
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Бухоро шаҳар “Пойи остона” жомеъ масжиди

имом-хатиби Н.Асадов 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:15
Пешин: 13:10
Аср: 18:35
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:50
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram