Абу Ҳафс Кабир
11 июн 2020 й.
1087 марта ўқилди.
Абу Ҳафс Кабир
Буюк фақиҳ, машриқ фақиҳи, Мовороуннаҳр шайхи, Абу Ҳафс Кабир номи билан танилган, Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс Бухорий ҳижрий 150 (милодий 767) йили Бухоро шаҳрида таваллуд топиб, ҳижрий 217 (милодий 832) йилнинг муҳаррам ойида Бухорода вафот этганлар.
Абу Ҳафс Кабир дастлабки илмни замонасининг буюк алломаларидан бўлган оталаридан ва Бухоро уламоларидан таҳсил олиб, кейинчалик, Абу Ҳанифанинг шогиртлари Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбний, Вакиъ ибн Жарроҳ, Ҳашим ибн Башир, Жарир ибн Абдулҳамид каби улуғ зотлардан илм оладилар. Ва кўплаб ўзларидан илмий мерос-у шогиртлар қолдирдилар. Шогиртларидан бири ўғиллари Абу Ҳафс Сағир номи билан машҳур бўлган, Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳафс Бухорий.
Абу Ҳафс Кабирнинг “ар-Рад ала аҳлил аҳво” (Аҳво аҳлига раддия) ва “Фатаво” (Фатволар) номли асарлари бўлган.
Ҳазрат Абу Ҳафс Кабирнинг фатволари, асарларидан иқтибослар ислом оламидаги машҳур фиқҳий китоблар, фатво тўпламлари кўп учрайди. Жумладан, “Фатовои оламгирия”, “ал-Муҳит ал-бурҳоний фил фиқҳ ан-нуъмоний”, “Тахриж мин фатовои Абу Ҳафс Кабир Бухорий”, “Ҳайрат ул-фуқаҳо” ва бошқа кўплаб китобларда Ҳазрат Абу Ҳафс Кабирнинг фатволаридан истифода қилинган.
Алломанинг ўғли Абу Ҳафс Сағир (кичик Абу Ҳафс) ҳам оталари сингари фиқҳ ва ақида илмларида пешқадам бўлганлар. Унинг номи манбаларда фақиҳ Абу Абдуллоҳ деб ҳам зикр этилган. Тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳафс ал-Бухорий бўлган. У ислом ақидаси ва фалсафасига оид “ал-Иймон” номли китоб муаллифидир. Шунингдек, калом илмларининг турли масалалари ёритилган “ал-Аҳвоъ вал ихтилоф” (Ҳавойи гаплар ва келишмовчиликлар”), “ар-Радду алал-Лафзийя” (“Юзаки қаровчиларга раддия”) каби асарлар ёзган.
Демак, Бухоро уламоларининг ўша даврдаги ҳар хил келишмовчиликларни келтириб чиқарувчиларга, ўз вақтида раддиялар бера олиши, кўплаб инсонларни турлича фикрлардан қайтара олган ҳамда, тўғри йўл кўрсатувчи маёқ вазифасини ўтаган.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакили,
Бухоро вилоят бош имом-хатиби Жобир Элов
«орқага