АҚОИД МАТНЛАРИ 1-қисм
24 апрел 2020 й.
1043 марта ўқилди.
АҚОИД МАТНЛАРИ
1-қисм
МУҚАДДИМА
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи ила
Ҳамду сано ул Холиқи доногаким, бизларни ақлу нутқ ила сарафроз ва илму маърифат ила эъзоз этибдур. Яна, салавоту саломлар ул рисолатпаноҳ Расулигаким, суннати саниялари шарофатидан имону ақидаларимизга софлик ва ахлоқу амалларимизга поклик етибдур.
Аммо баъд, ақлу дониш ва маърифат аҳлига махфий эмасдурким, ақоид илми диний фанлар онаси ва илмий мавзулар дурдонасидир. Ани дилга жо қилмай туриб, ибодат ва амалларга ружу қилмоқ комил бандалик эмас, балки айни шармандаликдир. Шу боисданму Шайх Сўфи Аллоёр демишлар:
Ақида билмаган шайтона элдур,
Агар минг йил амал деб қилса елдир.
Бинобарин, ушбу замони саодатда бунчалик хўб фурсат етибдурким, мазкур фан асосчиси, Аҳли Сунна вал-Жамоа пешвоси, мутакаллимлар имоми Абу Мансур Мотуридий ҳазратларининг таваллуд саналари муносабати ила ақоид фанининг юртимизда яна ривож топишига ишонч ва шу туфайли дилларда қувонч ҳосил бўлди.
Ушбу мўъжаз ва мухтасар рисоламизда Шайх Абу Мансур Мотуридий ва ул зот асос солган мотуридия ақидасига доир муҳим маълумотлар ва ақоид матнларидан тўрттасининг таржимасини тақдим этамиз.
ШАЙХ АБУ МАНСУР ҲАЗРАТЛАРИНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛЛАРИ
Тўлиқ исми шарифлари — Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий ас-Самарқандий.
Мотурид — Самарқанд яқинидаги қишлоқлардан бирининг номи. У ҳозирда бузилган шаклда Матрит дея аталади. Аслида эса, манбаларда айтилишича, қишлоқнинг номи арабча «Мо турид?» сўзидан олинган. Маъноси «Нима демоқчисан?»дир. Айтишларича, Шайх Абу Мансур калом илмига ружу қилган пайтларида шогирдлари кўпайиб кетган ва улар ўзаро баҳс қилганларида бир-бирларига араб тилида кўпинча «Мо турид?» деб мурожаат қилганлар. Шу сўз кўпчилик қулоғига тез-тез чалинавергач, Шайх шогирдларини мотуридийлар, қишлоқ номини эса Мотурид деб атай бошлаганлар (Зарнужий. «Таълим ал-мутаъаллим» шарҳи).
Насаблари Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб келганларида ўз уйидан жой берган машҳур саҳобий - Абу Айюб Холид ибн Зайд ибн Кулайб ал-Ансорий ҳазратларига бориб етади, деб нақл қиладилар. Бу нисбатни баъзи муаррихлар рад этганлар.
Туғилган йиллари ҳақида тарихий манбаларда қатъий маълумот йўқ, лекин тақрибий ёки тахминий саналар берилган. Масалан, унинг аббосий халифалардан Мутаваккил (232-247ҳ.)
даврида яшаганлари аниқ. Яна, Муҳаммад ибн Муқотил ар-Розий (ваф. 248 ҳ.) ва Насир ибн Яҳё ал-Балхий (ваф. 268 ҳ.) каби устозларидан сабоқ олганликларини назарда тутилса, Шайхнинг туғилган йилини 238 ҳ. деб тахмин қилиш мумкин.
Лекин бошқа манбада, аниқроғи «Ислом» қомусида туғилган йиллари 870 милодий йил деб кўрсатилган. Шунга асосан 2000 йилда таваллудларининг 1130 йиллиги нишонланди. Бу ҳисобга кўра, Шайх таваллудлари 257 ҳ. йилга тўғри келади.
Вафот этган саналари тўғрисидаги маълумотларнинг энг ишончлиси 333 ҳ.й. ҳисобланади.
Бу милодий сана бўйича 944 йилга тўғри келади.
Мотуридия уламоларининг энг машҳурларидан Абу Муин ан-Насафий (438-508 Ҳ./1046—1114 м.) ўзларининг «Табсиратул-адилла» китобида шундай ёзадилар: «Абу Мансур Мотуридий вафот этганларида яқин шогирдларидан бири Абул-Қосим ал-Ҳаким унинг қабр тошига қуйидаги битикни ёздирган экан: Яъни: «Бу қабр нафаслари миқдоридаги илмларни ўзида жам этган, бор кучини у илмларни тарқатиш ва ўргатиш билан тугатган, бас, шунинг учун диний асарлари мақтовга сазовор бўлган ва ўз умридан серҳосил меваларни олишга эришган зотнинг қабридир».
Шайх Абу Мансур Мотуридийнинг қабри Самарқанд шаҳрининг Чокардиза қабристонида эканлиги ишончли манбалар ва илмий тадқиқотлар асосида ўз тасдиғини топди. Шунга биноан 2000 йилнинг май ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан бу хусусда махсус фатво чиқарилди.
Илмий унвонлари:
— Имомул-ҳудо (Ҳидоятга элтувчи имом);
— Қудвату Аҳлис-сунна (Аҳли Суннат пешвоси);
— Мусаҳҳиҳу ақоидил-муслимин (Мусулмонлар ақоидини ислоҳ этувчиси);
— Имомул-мутакаллимин (Калом илми олимларининг пешвоси);
— Рабибу Аҳлис-сунна (Аҳли Сунна вал-Жамоа тарбиясини олган);
— Ал-Имом аз-Зоҳид (Дунёни тарк этган имом);
— Аш-Шайх ал-Имом ва ҳоказо.
УСТОЗЛАРИ (шайхлари)
Шайх Абу Мансур Мотуридийнинг устозлари ёки шайхлари Имом Аъзам Абу Ҳанифа —Нўъмон ибн Собитнинг шогирдлари ҳамда шогирдларининг шогирдлари бўлганлар. Улардан баъзиларини эслатиб ўтамиз:
1. Абу Наср ал-Иёзий (Аҳмад ибн Аббос). Бу зот Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ал-Жузжонийдан
таълим олганлар. Шайх Абу Мансур ҳам фиқҳ дарсида Абу Насрга шерик бўлиб, ал-
Жузжонийда ўқиганлар. Ал-Иёзий сомонийлар даврида дорул-ҳарбда асир ҳолида турк диёрида
шаҳид бўлганлар («Тарихи Самарқанд»дан).
2. Муҳаммад ибн Муқотил ар-Розий. Рай шаҳрининг қозиси бўлган бу зот Абу Ҳанифанинг
шогирди — Муҳаммад ибн Ҳасан ал-Шайбонийда ўқиганлар. Машҳур муҳаддис саҳобий Вакеъ
ва бошқалардан ҳадис ривоят қилганлар. Имом Бухорий ҳам ундан ҳадис тинглаганлар. Ҳаким
Термизий ҳам у зотдан ҳадис ривоят қилганлар. Вафотлари тўғрисида 248 ҳ. ва 242 ҳ. йил каби
саналар кўрсатилган.
3. Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ал-Жузжоний. Бобосининг исми Субҳ ёки Субайҳ эканида
муаррихлар ихтилоф қилганлар. Бу зот фиқҳ илми усуллари ва фуруълари соҳасида,
шунингдек, анвои фунунда юқори даражаларга эришганлар. «Ал-Фуруқ ват-Тамйиз», «Тавба»
ва бошқа китоблар муаллифидирлар.
Абу Бакр ал-Жузжоний Абу Ҳанифанинг йирик шогирдларидан Муҳаммад ибн Ҳасан
ҳузурида дарс тинглаган Абу Сулаймон ал-Жузжонийдан сабоқ олган. Вафотлари 268 ҳ. йилда.
4. Насир ибн Яҳё ал-Балхий. Бу зот ҳам мазкур шайхлари каби Абу Сулаймон ал-Жузжоний,
Абу Мутеъ ал-Ҳаким Абдуллоҳ ал-Балхий ва Абу Муқотил Ҳафс ас-Самарқандийдан сабоқ олган
ҳанафий мактабига мансуб фиқҳ ва калом уламоларидандир. Вафотлари 268 ҳ. йилда воқеъ бўлибдур.
ШОГИРДЛАРИ
Абу Мансур Мотуридий ҳазратлари ақида фанидаги сунний - ҳанафий йўналишини давом
эттириб, кўп изланишлардан кейин мотуридия мактабига асос солдилар. Шу аснода кўплаб
шогирдларини етиштириб чиқарганлар. Қуйида улардан баъзи машҳурлари тўғрисида қисқача
маълумот берамиз:
1. Абул-Қосим Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Исмоил ибн Зайд ал-Қозий — ал-Ҳаким ас- Самарқандий (вафоти 335 ёки 342 ҳ. й. Чокардиза қабристонига дафн этилган).
У Шайх Мотуридийнинг энг йирик шогирдларидан бири бўлиб, тасаввуф илмини Балх машойихларидан, фиқҳ ва калом илмини Шайх Абу Мансур ҳазратларидан олган. Узоқ вақт Самарқандда қозилик вазифасини ўтаган.
Асарларидан «Саводи аъзам», «Имон» рисоласи машҳурдир.
2. Абул-Ҳасан Али ибн Саид ар-Рустуфағний ас-Самарқандий. Ҳанафия фиқҳи ва усули бўйича шуҳрат қозонган. У билан устози Шайх Мотуридий ўртасида мужтаҳид хатосига оид масалада ихтилоф кечган. «Иршодул-муҳтадий», «Аз-завоид вал-фавоид», «Ал-асъилату вал-ажвиба», «Баёнус-Суннати вал-Жамоа» каби асарлар муаллифидир. Вафоти 350 ҳ./ 961 м.й.
3. Абу Муҳаммад Абдул-Карим ибн Мусо ибн Исо ал-Паздавий. Насафдан олти фарсах узоқликдаги Пазда ёки Паздава қишлоғидан. Асосан, фиқҳ илмида машҳур бўлган. Унинг зурриётидан йирик мотуридия уламолари дунёга келган. Масалан, Абул-Йуср ал-Паздавий (вафоти 493 ҳ./1100 м.й.), Абул-Ҳасан ал-Паздавий (вафоти 482 Ҳ./1089 м.й.) шулар жумласидандир. Ўзи 390 ҳ./999 м. йилда вафот этган.
4. Абу Аҳмад ибн Аби Наср Аҳмад ибн ал-Аббос ал-Иёзий. Абу Мансур ҳазратларининг устозлари Абу Наср ал-Иёзийнинг ўғли. Фиқҳ, нутқ, иффат ва тақвода беназир бўлгани ҳақида нақл қилинади.
5. Абу Абдир-Раҳмон ибн Абил-Лайс ал-Бухорий. Калом ва фиқҳ илмларини Абу Мансур ҳазратларидан олган. У Абул-Қосим ал-Ҳаким ас-Самарқандий билан кўп вақт биргалиқда таҳсили илмда бўлган.
МОТУРИДИЯ УЛАМОЛАРИ
1. Абул-Ҳасан Али ибн Муҳаммад ал-Паздавий. Абул-Йуср Муҳаммад ал-Паздавийнинг акаси. Иккиси ҳам Шайх Абу Мансурнинг яқин шогирдларидан саналмиш Абдул-Карим ал- Паздавий авлодидан. Абул Ҳасан 483 Ҳ./1089 м. йилда вафот этган.
2. Абул-Йуср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдил-Карим ал-Паздавий. Ал-Крзий ас-Садр деган унвон билан танилган. 421 ҳ. йилда туғилган. Имом Киндий каби файласуфларнинг фалсафасини ва мўътазилийлар ёзган китобларни ҳатто уйда сақлаш ҳам зарарли деб билар эди. Зеро, уларни мутолаа қилиб кўриб, шундай хулоса ҳосил қилганди.
Ҳатто, Абул-Ҳасан Ашъарий китобларини ҳам хатоларини ажрата олмайдиган кишилар ўқиши дуруст эмас деб билар эди. Усул ва фуруъ бобида кўп китоблар тасниф этган. Самарқандда қозилик қилган ва ҳадис илмидан дарс ҳам берган. «Усул ад-дин», «Ал-Мураттиб», «Ал-Воқеот», «Ал-Мабсут» каби асарлари бор.
Шогирдлари Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий, Усмон ибн Али ал-Пойкандий, Аҳмад ибн Наср ал-Бухорий, ўз ўғли Қозий Абул-Маолий Аҳмад ва бошқалар. 493 ҳ. йилда вафот этган.
3. Абул-Муъин Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муътамид ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Макҳул Абил-Фазл ан-Насафий. 438 ҳ. да туғилиб, 508 ҳ. йилда вафот этган.
Устозлари номаълум. Шогирдлари - Алоуддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Самарқандий, Маҳмуд ибн Аҳмад ас-Соғаржий, Абдур-Рашид ибн Аби Ҳанифа ал-Валволижий. Имом Ғаззолий билан Боқиллоний ашъария ақидасининг энг машҳур ташвиқотчилари саналганидек, Абу Муъин ан-Насафий мотуридия ақидасининг энг йирик намояндаларидандир. Китобларидан «Табсиратул-адилла», «Баҳрул-калом», «Тамҳид», «Маноҳижул-аимма» ва бошқаларни мисол келтириш мумкин.
4. Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Нажмиддин ан-Насафий. Насафда 461 ҳ. йилда туғилиб, 537 ҳ.й.да вафот этган. У 550 нафар йирик устозлардан дарс тинглаган. Улардан Абул-Йуср Паздавий, Абдуллоҳ ибн Али ибн Исо ан-Насафий, Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Ҳасан ас-Самарқандий, Али ибн Ҳасан ал-Мотуридийларни мисол келтириш мумкин. Устоз ва шайхлари тўғрисида алоҳида бир китоб ҳам таълиф этган.
Шогирдларидан — ўз ўғли Абул-Лайс Аҳмад ибн Умар, Муҳаммад ибн Иброҳим Тўрпуштий, Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Ақилий ва бошқаларни зикр этиш мумкин.
У юзга яқин асарлар ёзган. «Ат-тайсир фи тафсирил Қуръон», «Шарҳи Саҳиҳи Бухорий», «Ал-акмал ал-атвал фит-тафсир», «Китобул-қанд фий уламои Самарқанд», «Тарихи Бухоро», «Ал-ақоид ан-насафия» рисоласи кичик ҳажмда бўлишига қарамай, ҳозирги кунгача ақида фанида энг машҳур қўлланма вазифасини бажариб келаётир.
5. Абул-баракот Ҳофизуддин Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд ан-Насафий. Насаф шаҳрида туғилиб, 701 ҳ. йилда вафот этган. Машҳур асарлари — «Мадорикут-танзил» тафсири, фиқҳга доир «Канзуд-дақоиқ» китоби, «Ал-Вофий» ва «Ал-Кофий» ва бошқалар.
6. Аҳмад ибн Аби Бакр Нуриддин ас-Собуний ал-Бухорий 580 ҳ. йилда вафот этган ва Бухородаги «Етти қози» қабристонига дафн этилган. Муҳаммад ибн Абдис-Саттор ал-Кардарий унинг шогирдидир. Китобларидан «Ал-Ҳидоя фи илмил-калом» ва унинг шарҳи диққатга
сазовордир.
7. Муҳаммад ибн Абдил-Воҳид ибн Абдил-Ҳамид ибн Масъуд ибн Ҳамидиддин ибн Саъидиддин (ал-Камол ибн ат-Ҳумом) ас-Сивосий ал-Искандарий ал-Қоҳирий ал-Ҳанафий. 788 ёки 780 ҳ. йилда туғилиб, 861 ҳ. йили Қоҳирада вафот этган, исломий фанларнинг аксариятида имтиёз ҳосил қилган. «Ал-Ҳидоя» китобини Сирожиддин Умар ибн Али (Қорил-Ҳидоя) да
ўқиган. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийдан ҳадис тинглаган. Ақлу заковатда устозларини ҳам лол қолдирган.
Асарлари кўп. «Ал-Ҳидоя»га ёзган «Фатҳал-Қадир» номли шарҳи йирик тўққиз жилддан иборат бўлиб, у Камол ибн Ҳумомнинг шоҳ асари ҳисобланади. «Ал-Мусояра» китоби мотуридия ақидасига доир бўлиб, энг муҳим манбалардандир.
8. Мулло Али (Қорий) ибн Султон – Муҳаммад ал-Ҳиравий ал-Маккий (Абул-Ҳасан, Нуриддин). 1014 ҳ. йилда Макка шаҳрида вафот этган ва «Жаннатул-Муалло» қабристонига дафн этилган.
Асарлари жуда кўп. Машҳурлари - «Мишкот» шарҳи - «Мирқот», «Мухтасарул-Виқоя» шарҳи, «Фиқҳи акбар» шарҳи, «Омолия» шарҳи, «Шотибия» шарҳи, «Мавзу ҳадислар» ва ҳоказо.
Ҳуснихат соҳиби бўлганидан Али Қорий ҳар йили бир нусха Қуръони карим кўчириб, сотиб, йил давомида шу даромад билан кун кечирган.
9. Али ибн Усмон ибн Муҳаммад ибн Сулаймон Абу Муҳаммад Сирожуддин ал-Ўший ал-Фарғоний.
Кўплаб асарлар муаллифи. Мотуридия ақидасини назмий услубда ёзиб, уни «Бадъул-амолий» деб номлаган. Вафоти 569 ҳ./1173 м. йилда.
10. Абуш-Шакур ас-Солимий (Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ас-Саъид ибн Шуъайб ал-Кеший).
Ас-Солимийнинт мотуридия ақидасига оид «Ат-Тамҳид» номли китоби уламолар ўртасида машҳур бўлиб, ёзма ва босма нусхалари бизгача етиб келгандир.
Мотуридия ақидасига асосланиб ижод қилган ва бебаҳо асарлар қолдирган уламолар рўйхатини яна давом эттириш мумкин. Лекин бу мухтасар рисоламизда унинг ўрнига ақидамизга оид бошқа муҳимроқ маълумотларни тақдим этишни маъқул топдик.
Давоми бор....
Ақоид матнлари китобидан
«орқага