АҚОИД МАТНЛАРИ 2-қисм
25 апрел 2020 й.
1218 марта ўқилди.

 
АҚОИД МАТНЛАРИ
2-қисм
 
АБУ МАНСУР АЛ-МОТУРИДИЙНИНГ АСАРЛАРИ
1. «Таъвилоту аҳлис-Сунна» ёки «Таъвилотул-Қуръон». Саккиз мужалладдан иборат бу асар Қуръони каримнинг тафсири бўлиб, унда асосан, исломий ақидага нисбатан турли қарашлар баён этилиб, мотуридия ақидаси асосида уларга баҳо берилган. Тафсирни ал-Мотуридийнинг шоҳ асари деб аташ мумкин. Унинг қўлёзма нусхалари Миср, Макка, Дамашқ, Ҳиндистон, Туркия ва Тошкент кутубхоналарида сақланмоқда. Тошкент нусхалари тақрибан 700 йил бурун
кўчирилган. Асарнинг биринчи жилди Мисрда нашр этилган.
Тафсирга Алоуддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Самарқандий шарҳ ёзган. Бу шарҳ қўлёзмаси ҳануз чоп этилмаган.
2. «Китобут-тавҳид». Калом илмига оид энг муҳим асар. Мотуридия ақидасига оид барча асарларнинг энг биринчи ва асосий манбаси саналади. Асар ҳозирда ўзбек тилига ўгирилмоқда.
3. «Шарҳул-фиқҳил акбар». Абу Ҳанифа ан-Нўъмон (Имом Аъзам) қаламига мансуб ақида бобида битилган илк асар «Ал-Фиқҳул-акбар»нинг шарҳи. Баъзи олимлар бу шарҳ Шайх Мотуридийга тегишли эмас, балки у Абул-Лайс ас-Самарқандийга мансуб дейдилар.
4. «Рисола фил-ақида». 1953 йилда Анқарада чоп этилган.
5. «Рисола фил-имон».
6. «Ал-мақолот».
7. «Баёну ваҳмил-мўътазила».
8. «Радду таҳзибил-жадал».
9. «Радду ваидил-фуссоқ».
10. «Радду авоилил-адилла».
11. «Раддул-усулул-хамса».
12. «Аррадду алал-қаромита».
13. «Раддул-имома».
14 «Маъхазуш-шариъа».
15. «Китобул-жадал».
Мазкур китобларнинг охирги иккитаси фиқҳга доир, қолганлари ақидавий масалаларга бағишланган.

МОТУРИДИЯ НАЗАРИЯСИНИНГ ЎРТАҲОЛЛИГИ
Аввало, шуни қайд этиб ўтиш лозимки, мотуридия ақоидини фақат Абу Мансур
Мотуридийнинг ўзи ихтиро қилган эмас. Балки ақоиднинг асослари, арконлари ва бандлари унгача ҳам маълум даражада шаклланган эди. Ақида илми тобеъинлар давридан бошлаб, яъни ҳижратнинг иккинчи асрида мустақил фан сифатида зоҳир бўла бошлаган. Машҳур тобеъинлардан Ҳасан Басрий (21-110 ҳ.) ақида vасалалари бўйича дарс айтгани, мўътазила оқимининг бошланиши ҳам ўша пайтда рўй бергани тарихий манбалардан маълум. Абу Ҳанифа (Имом Аъзам) яшаган даврда эса ислом ниқоби остида турли оқим ва фирқаларнинг юзлаб
турлари юзага келганди. Улар билан курашиш учун эса ақида мустаҳкам бўлиши зарур эди.
Бундай долзарб масалага Абу Ҳанифа бефарқ қараб тура олмаганлар, балки ақида фанига оид биринчи асар - «Фиқҳи акбар», Усмон ал-Баттий (ал-Бустий)га ёзган раддияси, бешта васиятномасини ёзиб қолдирганлар. Демак, мазҳабимиз асосчиси Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит (раҳматуллоҳи алайҳ) нафақат фуқаҳолар пешвоси, балки ақида ва илми каломга ҳам асос солган буюк сиймолардан бўлганлар.
Шайх Абу Мансур ҳазратлари диний таълимни ҳанафия уламоларининг кўзга кўринган машҳур намояндаларидан олганлари ва диний фанлар бўйича қанчалик чуқур билимга эга эканликларига ёзиб қолдирган асарлари гувоҳлик беради.
Шайх яшаган даврда ақида уламолари икки асосий манбага суянганлар. Биринчиси — оятва ҳадислар ҳамда саҳоба ва тобеъинларнинг ижмо ва ижтиҳодлари, яъни нақлий далиллар.
Иккинчиси — ақлий далиллар. Шайх Абу Мансур эса бошқаларга тақлид қилмадилар, балки нақлий далиллар билан ақлий далилларни уйғунлаштириб, ундан сўнг хулоса чиқардилар.
Ақлий далил деганда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар кўзда тутилади. Ваҳоланки, салаф уламоларининг кўпчилиги бу далилларни тан олмас эдилар, балки нақлий далилларнинг ўзи билан кифояланардилар. Шайхимиз эса, бу иккисидан ҳам муносиб равишда истифода этиб, ўртаҳолликни ихтиёр қилган эканлар. Дарҳақиқат, нақлий далилларни яхши англаш учун ақлий далилларни ҳам пухта билиш шартлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Ақл имкониятининг ҳам чегараси борлигини эътиборга олиб, Шайх кўп жойларда инсон ақли жуда
кўп ҳақиқатларни идрок этишга қодир эмаслигини уқдириб ўтадилар. Шу билан бирга, ақлнинг Аллоҳ томонидан ато этилган энг буюк мислсиз неъмат экани, ундан оқилона фойдаланиш зарурлигини ҳам таъкидлаб ўтадилар.

ИСЛОМ УММАТИНИНГ ОҚИМЛАРГА БЎЛИНИБ КЕТИШИ
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) огоҳлантириб айтганларки: «Яҳудийлар 71 фирқага, насронийлар 72 фирқага бўлиниб кетган эдилар. Менинг умматим 73 фирқага бўлингайлар.
Улардан биттасигина нажот топиб омон қолур, қолганлари эса дўзах аҳлидирлар» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг бу мўъжизавий башоратлари вафотларидан кейин ўз тасдиғини топди. У фирқалардан қадария, муржиа ва хаворижларни ўз ҳадиси шарифларида номма-ном келтириб, улардан ҳазарда бўлишни васият ҳам қилганлар.
Хулафои рошидинлар замонидан то Имом Мотуридий замонасигача, асосан, қуйидаги фирқа ёки оқимлар пайдо бўлиб, уммати муҳаммадия ўртасига тафриқа солиш ва руҳий ҳаётларини фитна ва фасод билан тўлдиришга ҳаракат қилган эдилар.
Улар — қадария, муржиа, хавориж, шиа, мўътазила, равофиз (рофизийлар), сабаия, зирория, жаҳмия, ботиния, қаромита, хуррамия, карромия (мужассима), жорудия, сулаймония (жаририя), бутрия, баёния, муғирия, жаноҳия, мансурия, хаттобия, ҳулулия, азориқа, нажадот, суфрия, ажорида, хозимия, шаҳбия, маълумия, мажҳулия, маъбадия, рашидия, мукаррамия, ҳамзия, иброҳимия, воқифа, ҳафсия, ҳорисия, язидия, маймуния, мўътазила фирқаларидан —
василия, амрия, ҳузалия, наззомия, мурдория, маъмария, самомия, жоҳизия, хобития, ҳимория, хатотия, шахламия, асҳоби Солиҳ қубба, марисия, каъбия, жуббоия, баҳшамия, муржиа фирқаларидан — Абу Шимр, Муҳаммад ибн Шабиб ва Холидий фирқалари, яна муржиага — юнусия, ғассония, савбония, сумания, марисия, нажжориялардан — бурғусия, заъфарония, мустадрика, карромийлардан — ҳақоиқия, тароиқия, исҳоқия.
Демак, зикр этилганлардан 20 фирқа рофизийлар, 20 фирқа хаворижлар, 20 фирқа қадарий ва муржиалар, 12 фирқа қолган нажжория, бакрия, зирория, жаҳмия, карромия каби оқимларга тақсимлаб чиқилса, умумий сони ҳадиси шарифда айтилган 72 та адашган фирқаларнинг ададига тўғри келиб қолади.
73-фирқа эса, Аҳли Сунна вал-Жамоа дея аталувчи мазкур ҳадиси шарифда қайд этилган ножия (нажот топувчи) фирқадирким, Абу Ҳанифа (Имом Аъзам), Имом Молик, Имом Шофеъий, Имом Аҳмад, Авзоий, Саврий каби буюк мужтаҳид алломалар ва уларнинг издош ва маслакдошлари унга мансубдирлар. Кенгроқ қилиб айтадиган бўлсак, бу саодатманд жамоага Жаноб Расули акрам (с.а.в.) дан тортиб, саҳобаи киромлар, тобеъинлар, табаа тобеъинлар, фиқҳий мазҳабларнинг асосчилари каби мужтаҳидлар, муҳаддислар, араб тили наҳви ва адабиёти намояндалари, қироат ва тажвид ровийлари, тасаввуф шайхлари, аҳли тариқатлар, шуҳадою, солиҳу зоҳид бандалар ҳамда турли бузуқ оқимларга эргашиб, оғиб кетмаган мусулмонлар кирурлар.

МОТУРИДИЯ АҚИДАСИНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ
Юқорида зикр этганимиздек, мотуридия ақидасига доир масалаларни шайх Мотуридийнинг якка ўзлари тузиб, тартибга солган эмаслар, балки ул зотга қадар ҳам Аҳли Сунна вал-Жамоа ақидаси шаклланиб улгурган эди. Мотуридий ҳазратларининг хизматлари шундан иборат бўлганки, ўша даврдаги ақидавий оқимларнинг таъсирини қирқиш, уларнинг иддаоларига раддия бериш, кучли ва асосли далиллар билан ҳақиқий ислом ақидасини ҳимоя қилиш, илми калом, мантиқ ва мунозара қоидаларига риоя қилган ҳолда хасмлар жаҳолатига илму
маърифат билан жавоб қайтариб, чин ихлосли мусулмонлар учун ақидага доир муҳим қўлланмалар тайёрлаб беришни ният қилган эдилар.
Маълумки, Аҳли Сунна вал-Жамоа ақидаси ўша даврда учта буюк шахс томонидан ҳимоя қилинган ва асосий рукнлари ишлаб чиқилиб, шогирдлари ва китоблари орқали мусулмонларга тақдим этилган эди. Улардан биринчиси — Абул Ҳасан Ашъарий (260— 331 ҳ.) Бағдодда, иккинчиси — Абу Жаъфар Таҳовий Мисрда ва Абу Мансур Мотуридий Мовароуннаҳрда сунний ақиданинг ҳимоячилари сифатида ислом тарихида чуқур из қолдирдилар.
Биз — мотуридийлар учун яхши билиб, доимо назарда тутиб юриш зарур бўлган бир неча муҳим масалалар бор. Улар қуйидагилардан иборат:
1. Мотуридия ақидаси билан Ашъария ақидаси ўртасида бир неча масалаларда қарама- қаршиликлар бор. Уларни баъзи олимлар 15 та, бошқалари 40 та, ҳатто, 50 тагача санаб етказганлар. Улардан асосийлари — Аллоҳнинг сифатларини зотий ва феълий сифатларга бўлиш, сифатлари айни зотми ёки ғайри зотлиги, Мусо (а.с.) Аллоҳнинг каломини бевосита эшитганми ёки билвоситами, ирода билан ризо бирми ёки тафовутлими, Аллоҳни кўриш жоизлигига Ашъарий ақлий далил келтирган, Мотуридий нақлий, қабиҳ ишнинг содир этилиши
бандаданми ёки у ҳам Аллоҳданми — бунга Мотуридий ҳусну қубҳ ҳаммаси Аллоҳдан, фақат беҳикмат эмас, дейдилар. Инсон ўз тоқатидан ташқари ишга таклиф этилиши мумкин, деб Ашъарий, мумкин эмас, деб Мотуридий айтадилар. Шунингдек, Аллоҳни ақл билан таниш  вожибми ёки нақл биланми деган масалада Мотуридий ақл билан деганлар. Имон билан ислом бир нарса экани, бахтли ва бахтсиз инсонлар охир-оқибатда ўзгариб-алмашиб қолишлари мумкинлиги, қилинадиган яхши ва ёмон амаллар банданинг касби ва Аллоҳнинг яратиши билан
ҳосил бўлиши, муқаллиднинг имони мақбул экани, имоннинг ўзи эмас, балки унинг нури, қуввати ортиб ёки камайиб туриши, имоннинг рукнлари иккита, яъни иқрор ва тасдиқдан иборат экани, амаллар имон таркибига кирмаслиги, балки савоблар ва гуноҳлар алоҳида ҳисобга олиниши каби масалаларда Имом Ашъарий бизнинг мотуридия ақидамизнинг хилофини тақрир этганлар.
2. Мотуридиянинг мўътазила ақидасидан фарқлари.
Аввало, билмоқ керакким, диний фанлар қаторига калом илмининг киришига асосий сабаб шу мўътазила тоифасининг ақлий мунозаралари ва қаршиликлари бўлган. Улар ашъария ёки мотуридия каби ақлни нақлий далиллардан кейинга эмас, балки биринчи ўринга қўйганлар.
Ақл ва фикрни асосий манба қилиб олиб, унга тўғри келмаса, ҳатто, оят ва ҳадисларни инобатга олмай, балки нусусни ақлга бўйсундирмоқчи бўлганлар. Шунинг учун ҳам Шайх Мотуридий ҳазратлари бошқа оқимларга қараганда кўпроқ мўътазила фирқасининг фикрларига қарши раддиялар билан чиққанлар. Уларнинг ақлий ва фикрий далилларини рад қилиш учун буюк ҳамюртимиз калом илми билан шуғулланишга тўғри келган ва у зот шу услуб билан Аҳли Сунна ақидасини ҳимоя қилишга муяссар бўлганлар.
Мўътазила фирқаларининг мотуридия ақидасига зид қарашлари, асосан, қуйидаги
нуқталарда ўз аксини топади. Улар айтадилар:
1. Аллоҳнинг исми ва сифатлари азалий эмас, улар ҳеч қандай маъно ва мазмунга эга эмас.
Аллоҳнинг исми билан сифатлари бир нарса.
2. Аллоҳни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам кўриш мумкин эмас.
3. Қуръон — маҳлуқ. У азалий эмас.
4. Банданинг фойдасини кўзлаб иш қилиш Аллоҳнинг зиммасига вожиб.
5. Банданинг қудрати ва тоқати Аллоҳга боғлиқ эмас. Феълларни банданинг ўзи яратади.
6. Қатл этилган киши ажалидан олдин ўлган бўлур.
7. Ҳалол — ризқ, лекин ҳаром — ризқ эмас.
8. Аллоҳнинг иродаси ҳодисдир, қадим эмас.
9. Аллоҳ фақат яхшиликни ирода қилур. Ёмонлик унинг иродасидан ташқаридир.
10. Амаллар имоннинг таркибига кирур. Балки амал имоннинг асосий рукнидир.
11. Имон озайиб, кўпайиб турувчи нарсадир.
12. Гуноҳи кабира қилган мусулмон имон билан куфр ўртасида қолур.
13. Кабира эгалари дўзахда абадий қолурлар.
14. Шафоат фақат яхши одамларга нисбатан қилинур. Гуноҳларни ҳеч ким шафоат этмас.
15. Жаннат билан дўзах ҳануз яратилмаган.
16. Қабрдаги азоб ёки роҳат, қиёмат тарозуси, Пулсирот, Ҳавзи Кавсар кабиларнинг
ҳаммаси йўқ нарса.
17. Авлиёларда ҳеч қандай каромат бўлмайди.
18. Муқаллид (бошқаларга тақлидан мусулмонман деб юрувчи одам) нинг имони қабул қилинмайди.
Зикр этилган нуқталардан кўриниб турибдики, мўътазила фирқаси бизнинг мотуридия ақидамизга хилоф равишда алоҳида назарияга асос солганлар. Нозик ва қалтис жойи шу ердаки, мазкур 18 бандда айтиб ўтилган нарсаларда анча-мунча ақлли, зиёлилар, ҳатто, уламолар ҳам чалғиб кетишлари ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам ўзимизнинг сунний, ҳанафий, мотуридий ақидамизга оид китобларни кўп мутолаа қилиш ва дилга жо этиш энг зарур ишлардандир.
3. Сунний-ҳанафий мусулмонлар яна шуни яхши билиб олишлари керакки, ҳанафий мазҳабимизга ҳасад қилганларидек, мотуридия ақидамизга ҳам ҳасад кўзи билан қараш, унинг шаънига туҳмат-бўҳтон ёғдириш жараёни ҳали ҳануз тўхтаган эмас. Ақида фанига оид ёзиб келинаётган асарларни мутолаа қилиб кўрсангиз, бунинг гувоҳи бўласиз. Айниқса, араб дунёсида нашр қилинаётган асарларнинг деярли 90 фоизида мотуридия ақидасини бузиб кўрсатишлар, ҳатто, уни Аҳли Сунна жамоатига қўшмаган ҳолда зикр қилишлар, ашъария ақидасини эса, мутлақо камчиликларини кўрсатмаслик, балки уни ягона тўғри ақида деб
талқин қилишлар учраб турибди. Бунга мисол қилиб Риёзлик араб ёзувчиси Аҳмад ибн Авазуллоҳ ибн Дохил ал-Луҳайбийнинг «Ал-Мотуридия диросатан ва тақвиман» номли китоби, Доктор Маҳмуд Қосимнинг «Муқаддимат Ибнир-Рушд» китоби, Ваҳидуддинхон, Абдулҳалим Қунбус, Фатҳий Якан, Абдулжаббор («Ал-Муғний» муаллифи) каби ёзувчиларнинг асарлари, «Шарҳул-усулил-хамса» китоби ва бошқаларни келтириш мумкин.
Лекин ўзлари араб ёки ғарб ёзувчилари бўла туриб, мотуридия ҳақида инсоф билан ҳақиқатни ёзган олимлар ҳам мавжудлиги кишини қувонтиради. Бунга Шайх Мотуридий ва унинг илми каломга оид фикрлари тўғрисида каттагина бир китоб ёзган араб олими Доктор Али Абдулфаттоҳ ал-Мағрибийни, Абу Мансур қаламига мансуб «ат-Тавҳид» китобини таҳқиқ этиб, нашрга тайёрлаган олим Доктор Фатҳуллоҳ Хулайф ва немис олими Ульрих Рудольфни мисол қилиб келтирса бўлади. Улар шайх Абу Мансур Мотуридий ва унинг меросини холисона
баҳолаганлар.
Толиби илмларга тавсия этамизки, ушбу мажмуадан жой олган бешта рисолани пухта ўзлаштириб, диний ҳаётларида улардан фойдалансинлар, токи эътиқодлари мустаҳкам бўлиб, турли ёт оқимлар таъсиридан холи бўлгайлар. Тавфиқни эса, Ўзидан сўраймиз.
Давоми бор....

Ақоид матнлари китобидан
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:00
Куёш: 05:47
Пешин: 13:10
Аср: 18:00
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram