АҚОИД МАТНЛАРИ 4-қисм
30 апрел 2020 й.
1048 марта ўқилди.
АҚОИД МАТНЛАРИ
4-қисм
«АЛ-АҚИДАТУТ-ТАҲОВИЯ» РИСОЛАСИ
Муаллифи — Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ат-Таҳовий. 238 ҳижрий/858 милодий йилда Мисрнинг Таҳо номли қишлоғида туғилиб, 321 ҳижрий/933 милодий йилда Қоҳирада вафот этганлар. Ҳанафий мужтаҳидларининг энг йирикларидан. Тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, тарих ва бошқа фанларда замонасининг пешвоси бўлганлар.
«АҚИДА» РИСОЛАСИ
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи ила Ҳамду сано оламлар Парвардигорига хосдир!
Ушбу рисолада биз Имом Аъзам, Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад (Аллоҳ улардан рози бўлсин) каби машҳур соҳиб мазҳаб фуқаҳоларимиз эътиқод қилган «Аҳли Сунна вал-Жамоа» ақидаларини баён этамиз.
Аллоҳнинг тавҳиди тўғрисида унинг тавфиқи билан чин дилдан эътиқод қилган ҳолда қуйидагиларни айтамиз ва уларга ишонамиз:
Аллоҳ бирдир, Унинг шериги йўқдир, Унинг тенги ва тимсоли йўқдир, Уни енгадиган ва ожиз қолдирадиган бирор куч йўқдир, Ундан ўзга илоҳ йўқ. У қадимдирки, ибтидосиз ва доимийдирки, интиҳосиз. У фоний эмас ва асло йўқ бўлмас. Барча иш фақат унинг ирода-хоҳиши билан бўлур. Унинг моҳиятига ақл етмас. Унинг ҳикматини ҳеч бир кимса фаҳм этмас.
У одамларга ўхшамас. Тирикдир — ўлмас, қойимдирки, ухламас. У яратувчидир, лекин Ўзи беҳожат. Ризқ берувчидир, лекин Ўзи ҳақ олмас. У ўлдирувчидир, лекин қўрқмас. Яна тирилтирувчидир, лекин бемашаққат. Барча сифатлари ҳеч нимани яратмай туриб ҳам мавжуд бўлган. Яратгандан кейин Унга бирор сифат қўшилиб қолган эмас. Азалий бўлган сифатлари абадий боқий қолур. Холиқлик сифатини оламни халқ этганидан кейин олгани йўқ. У Парвардигордир, лекин ўзи парваришга муҳтож эмасдир. Ўзи Холиқдир, махлуқ эмас. Ўзи жон ато этган махлуқларини ўлганларидан кейин қайта тирилтиргай, лекин бу сифати тирилтирмай туриб ҳам мавжуд эди. У ҳамма нарсага қодир, ҳамма нарса Унга муҳтождир. Ҳамма иш Унга осондир. Бирор нарсага зор эмасдир. Унинг ўхшаши, тенги йўқдир. У эшитувчи ва кўринувчидир. Барча махлуқотни ўз илми билан билиб яратган ва уларни ўлчов ва муддат билан белгилаб қўйган. Уларни яратмай туриб ҳам ҳеч нарса Унга махфий эмас эди.
Одамларни яратмай туриб нима ишларни қилишини билган. Билиб туриб уларни итоат қилишга буюрган, итоатсизликдан қайтарган. Ҳамма нарса Унинг тақдири, хоҳиши билан бўлур. Унинг хоҳиши ҳамиша устундир. Одамларнинг хоҳиши Унинг хоҳишига боғлиқдир. Яъни У нимани хоҳласа бўлади, хоҳламагани бўлмайди. Хоҳлаган бандасини ўз хоҳиши билан гуноҳ-маъсиятлардан сақлаб, ҳидоят йўлига солиб қўяди. Хоҳлаган бандасини ўз адли билан адашганҳолича қўйиб, ёрдамсиз қолдиради. Ҳамма Унинг ё фазлига ёки адлига учраб туради. Унинг на акси бор ва на тенги. Унинг қазо ва тақдирини ҳеч ким тўса олмайди. Унинг ҳукми қатъий ва
амри ҳамиша ғолибдир. Буларнинг ҳаммасига имон келтирамиз.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг танлаган қули ва охирги пайғамбаридир. Ул зотдан кейин қилинган ҳар қандай пайғамбарлик даъвоси ёлғондир. Ул ҳазрат барча жин ва Одам авлодларига юборилган ҳақиқий пайғамбардирлар.
Қуръон — бу Аллоҳнинг сўзидир. Унинг ҳузуридан Расулуллоҳга ваҳий орқали сўзма-сўз нозил қилинган. Буни барча мўъминлар ҳақ деб ишонмоқлари шартдир. Аллоҳнинг каломи инсон каломидек эмас. Кимики уни эшитганда инсон сўзи деб эътиқод қилса, диндан чиқиб кофир бўлур. Бу ҳақда Аллоҳнинг ўзи Қуръони каримда хабар бериб: «Ундай шахсни Сақар дўзахига солурман», — деган. Демак, Қуръон — бу инсоннинг сўзи эмас, балки инсонни ҳам яратган Холиқнинг каломи экан. Кимики Аллоҳни таърифлаганда, Уни инсонга ўхшатса, кофир бўлиб қолади. Бунга ибрат назари билан боқмоқ кофирлар эътиқодидан ҳазар қилмоқ ва Унинг
барча сифатлари инсон сифатларига ўхшамайди, деб билмоқ зарурдир.
Жаннат аҳли Аллоҳнинг дийдорини кўрурлар, лекин макон ва кайфиятсиз. Бунга ушбу оят далилдурки: «Ушбу кун баъзи кишиларнинг юзлари Парвардигорига қараган ҳолда хурсанддурлар». Бунинг тафсири ва ҳақиқати Аллоҳнинг иродаси ва илмига ҳаволадир. Ҳадиси шарифларда Аллоҳнинг дийдорини кўриш хусусида келган хабарларга бешак ишонамиз, лекин ўзимизча таъвил ёки шарҳ қилмаймиз.
Аллоҳга ва Унинг расулига таслим қилган ва билмаган илмини ўз билувчисига топширган киши ҳақиқий эҳтиёткор мўъмин ҳисобланади. Исломнинг қадами ҳам Холиққа таслим этиш ва бўйинсуниш билан саботли бўлади. Билиш мумкин бўлмаган нарсани биламан, деб беҳуда уриниш турли шубҳа ва хаёлотларга олиб келади. Натижада ундай одам ҳақиқий тавҳиддан узоқлашиб куфр билан имон ўртасида сарсон бўлиб қолади. Яъни васвасага гирифтор бўлиб — ишонувчи мўъминми ёки ишонмайдиган мункирми — дилига шак тушиб қолади.
Жаннатда Аллоҳни кўриш кайфийяти хаёл ёки фикр билан белгиланмайди, балки фақат кўришликни ҳақ деб билиб, қандай ва қанақа деган саволлардан эҳтиёт бўлмоқлик зарур бўлади. Зеро, Парвардигоримиз ваҳдоният, яъни ягоналик сифати билан сифатланган. Бундай сифат бирорта бошқа зотда йўқдир. У чегара, аъзо, асбоб ва махлуқотдек ҳар олти томон билан сифатланмайди.
Меърож воқеасини ҳақ деб эътиқод қиламиз. Аллоҳ таоло Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламни бир кеча уйғоқлик ҳолларида осмонга олиб чиқиб, Ўзи хоҳлаган аломатларни кўрсатгани ҳақиқатдир. Бу борада оят ва ҳадислар ворид бўлган.
Қиёмат куни Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини Аллоҳнинг марҳамати билан Ҳавзи Кавсар суви билан меҳмон қилишларини ҳам ҳақ деб эътиқод қиламиз.
Пайғамбаримизнинг гуноҳкор умматларига шафоат қилиб, мағфират сўрашлари ҳам ҳақдир.
Аллоҳ таолонинг Одам алайҳиссалом ва унинг зурриётидан аҳд-паймон олгани, яъни «Мийсоқ» ҳам ҳақдир.
Аллоҳ таоло қиёматда қанча одам жаннатга, қанча одам дўзахга киришини азалдан билган.
Ўша ададнинг миқдори асло кам ёки зиёда бўлмайди.
Бандалар дунёга келиб нима ишлар қилишини ҳам Аллоҳ таоло азалдан билган. Ҳар бир инсонни тақдирига мувофиқ иш қилиб борадиган қилиб қўйган.
Барча ишлар оқибати ва натижасига қараб баҳоланади.
Тақдирда бахтли деб ёзиб қўйилган одам ҳақиқий бахтлидир. Шунингдек, тақдирда бахтсиз ёки бадбахт деб ёзиб қўйилган инсон ҳақиқий бахтсиздир. Тақдир эса инсонлардан сир тутилади, у фақат Аллоҳгагина маълумдир. Уни ҳатто, Аллоҳга яқин бўлган фаришталар ҳам, пайғамбарлар ҳам билмайдилар. Тақдир тўғрисида чуқур хаёл юргизиш ёки баҳслашиш беҳуда
ишдир, балки туғёндир. Бундан жуда ҳазар қилиш зарур. Уни Аллоҳ таоло ўзига хос илм қилиб, бандаларини тақдир тўғрисида фикр юритишдан ман этади. Бир ояти каримада: «Аллоҳ ўзининг қиладиган ишларидан ҳеч кимга ҳисобот бермайди, балки одамлар Унга ҳисобот берурлар», дейилади. Кимики: «Нега Аллоҳ бундай қилади ёки нега ундай қилмади?» деса, Тақдир ҳукмини рад этган бўлиб, имондан ажраб қолади.
Қалби чин имон нури билан мунаввар бўлган, Аллоҳга яқин бандаларга керакли
маълумотлар шулардан иборат. Пухта илмли деб ҳам шундай ақидага эга бўлганларга айтамиз.
Зеро, илм икки хил бўлади. Биринчиси ҳаммага зоҳир ва ошкора илм, иккинчиси ғайбий пинҳона илм. Зоҳирий илмларни инкор этиш ёки ғайбий илмларни билишни даъво этиш куфр ҳисобланади. Зоҳирий мавжуд маълумотларни қабул этиш ва ғайбий илмлар даъвосини тарк этиш билангина имон собит туради.
Аллоҳнинг ҳузуридаги барча нарсалар тақдири ёзилган Лавҳ ва Қаламнинг ҳақлигига ҳам имон келтирамиз. Ҳамма халқ бир бўлиб, Лавҳи маҳфуздаги «бўлади» деб қўйилган ишни бўлдирмасликка уринсалар ҳам асло қўлларидан келмайди. Шунингдек, «бўлмайди» деб ёзиб қўйилган ишни ҳам бўлдира олмайдилар. Қиёматгача бўладиган ишларни қалам ёзиб битирган ва сиёҳи қуриб битган. Бир банда хато иш қилган бўлса, демак, у тақдир бўйича шундай қилиш
керак бўлган, тўғри иш қилган бўлса ҳам худди шундай.
Ҳар бир банда шуни яхши билмоғи керакки, Аллоҳ таоло барча бўладиган ишларни олдиндан билган ва шу илмига биноан қатъий тақдирини белгилаб қўйгандир. Унинг тақдирини ўзгартириб қўядиган бирор куч йўқ. Яратган еру осмонларида бирор нуқсон ёки ортиқчалик йўқ. Ояти каримада воридким: «У ҳар бир нарсани ўзига муносиб аниқ ўлчови билан
яратди». Яна бир бошқа оятда: «Аллоҳнинг барча иши пухта ўлчов биландир»
дейилади.
Бас, кимики азал тақдирида Аллоҳнинг душмани деб ёзилиб қолган бўлса, дили Аллоҳ учун эримайдиган тошбағир бўлса, ўзининг ноқис ақли билан ғайбий нарсаларни билишни даъво қилса ва бу ишлари билан ёлғончи номига сазовор бўлиб осий бўлса, унинг ҳолига вой!
Арш, курсий каби улкан мавжудотларнинг борлиги ҳақ. Аллоҳ уларга ва бошқа нарсаларга ҳам муҳтож эмас, балки ҳамма катта-кичик бепоён махлуқот ва мавжудот унинг қўлидадир.
Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни дўстим деган, Мусо алайҳиссалом билан гаплашган.
Буларга тасдиқ ила имон келтирамиз.
Фаришталарга, пайғамбарларга ва уларга туширилган илоҳий китоб ва саҳифаларга имон келтирамиз. Пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам тўғри ва ҳақ йўлда бўлганлар.
Бизнинг қибламизга қараб намоз ўқигувчиларни мусулмон санайверамиз. Шарт шуки, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган барча маълумотларни эътироф этадиган бўлсалар.
Аллоҳнинг зоти тўғрисида чуқур фикр юритмаймиз. Унинг дини ҳақида ҳам баҳсу жадал қилмаймиз. Қуръони карим тўғрисида ҳам худди шундай. Қуръон Аллоҳнинг каломи, уни Жаброил алайҳиссалом олиб келиб, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга таълим берганлар, деб имон келтирамиз. Қуръон сўзига тенг келадиган сўз йўқ. Уни яратилган демаймиз. Аллоҳнинг каломи махлуқ эмас, балки унинг лафзу ҳарфлари, қоғоз ва қироати махлуқ.
Мусулмон жамоасига мухолиф бўлмаймиз. Қибла аҳлини гуноҳ иш қилсалар ҳам кофир санамаймиз, башарти уни гуноҳ иш эканлигини кўр-кўрона инкор этмаса.
Имонли кишига қилган гуноҳи мутлақо зарар бермайди ҳам демаймиз. Солиҳ
мўъминларнинг тавбаларини қабул этиб, гуноҳларидан ўтиб, жаннатга дохил қилади деб Аллохдан умид қиламиз. Аммо улардан қатъий хотиржам бўлиб, жаннатий деб гувоҳлик бермаймиз.
Мўъминларнинг гуноҳкорлари ҳаққига истиғфор айтамиз. Уларга Аллоҳнинг азоби
бўлишидан хавфсираймиз. Аммо уларни Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилмаймиз. Аллоҳнинг азобидан хотиржам бўлиш ва раҳматидан ноумид бўлиш исломдан бегона қилиб қўяди.
Ҳақиқат умид ва қўрқув ўртасидадир. Мўъмин киши имондан чиқиши учун имонга киришига сабаб бўлган нарсаларни инкор этган бўлиши керак.
Имон — бу Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ томонидан келтирган барча маълумотларни тил билан иқрор қилиб, дил билан тасдиқлашдир.
Расулуллоҳ (с.а.в.) орқали бизга етказилган барча шариат аҳкомлари ва изоҳларини ҳақ деб биламиз.
Имон бир бутун яхлит маънавий нарсадир. Имон аҳли бу жиҳатдан баробардирлар.
Мўъминлар бир-бирларидан Аллоҳдан қўрқувда, тақвода, нафсни тийишда ва бошқа амалларда фарқ қилурлар.
Мўъминларнинг ҳаммаси Раҳмоннинг дўстларидир. Унинг наздида ким итоаткорроқ ва Қуръонга амални зиёда қиладиганроқ бўлса, ўша инсон бошқалардан азиз ва мукаррамроқдир.
Имон — бу Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига, Аллоҳнинг яхши-ёмон тақдирига ва ўлгандан кейин тирилтиришига ишонмоқликдир. Биз шуларнинг ҳаммасини ҳақ деб ишонамиз, пайғамбарларнинг ҳеч бирини ажратмай, китобларини тасдиқ этган ҳолда имон келтирамиз.
Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъмин умматларидан катта гуноҳларни қилганлари тавбасиз ўтган бўлсалар ҳам дўзахда абадий қолмайдилар. Аммо имонли вафот этган бўлишлари шарт. Уларнинг ишлари Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола. Хоҳласа фазлу карами билан кечиб юборади. Хоҳласа адли билан азоблайди. Сўнг яна уларни ўз раҳмати ва улуғларнинг шафоати билан қутқариб, жаннатга дохил қилади. Бунинг ҳикмати шуки, Аллоҳ таоло ўзини таниб, имон келтирганлар билан инкор этганларни баробар қилиб қўймайди. Зеро, у мўъминларни дўст тутган. Бинобарин, уларни гуноҳларидан пок этиб, охири аҳли жаннат қилур. Илоҳо, қадамларимизни исломда собит этгин!
Ҳар қандай солиҳ ва фожир имом орқасида иқтидо қилиб намоз ўқишни жоиз деб биламиз. Яхши-ёмон мусулмонга ҳам жаноза ўқийверамиз. Мўъминман деб юрганларни қатъий жаннатий ёки дўзахий деб айтмаймиз. Уларни то аниқ белгиси зоҳир бўлмагунча кофир, мушрик ёки мунофиқ деб гувоҳлик бермаймиз. Уларнинг зоҳирига қараб мусулмончилик муомаласини қилаверамиз, ботинларини Аллоҳга ҳавола этамиз.
Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам умматидан ҳеч кимга нисбатан қилич кўтаришнижоиз кўрмаймиз. Шариат вожиб қилган ҳад жазолари бундан мустасно.
Подшоларимиз, раҳбар амалдорларимизга қарши, гарчи зулм қилсалар ҳам хуруж
қилмаймиз, уларни дуои бад ҳам этмаймиз. Итоатдан бош тортмаймиз. Уларга итоат этишниАллоҳга итоат этиш жумласидан, яъни фарз деб биламиз. Гуноҳ-маъсият ишларга буюрсаларгина итоат этмаймиз. Уларнинг ҳаққига дуои хайр қилиб турамиз.
Суннат ва жамоатга эргашамиз. Ғайри табиий одатлар, хилоф, тафриқадан қочамиз.
Адолатли, омонатли кишиларни дўст тутамиз. Зулм ва хиёнат аҳлини ёмон кўрамиз. Бизга равшан бўлмаган шубҳали ишларни Аллоҳнинг илми ва ихтиёрига ҳавола қиламиз.
Сафарда ва ватанда пойафзалларга масҳ тортишни жоиз деб биламиз. Бу хусусда ҳадислар бор.
Ҳаж ва жиҳод то қиёматгача мусулмонларнинг солиҳ ёки фожир раҳбарлари бошчилигида давом этади. Уларни ҳеч нарса бекор қилмайди.
Амалларимизни ёзиб борувчи (кироман котибин) фаришталар борлигига ишонамиз.
Шунингдек, жон олувчи фаришта (Азроил а.с.)га ишонамиз.
Қабрда баъзи мустаҳиқ кишиларга азоб бўлишини, Мункар ва Накир деган икки фаришта кириб марҳумдан Рабби, дини ва пайғамбари ҳақида савол қилишини ҳақ деб биламиз. Қабр — бу кимгадир жаннат боғларидан бири, кимгадир дўзах қудуқларидан биридир.
Қиёмат куни қайта тирилишимизга, амалларимизга мувофиқ жазо ва мукофот олишимизга, номаи аъмолларимизни ўқишимизга, пулсирот кўприги ва амал тарозисига, ҳозир ҳам мавжуд, йўқ бўлмайдиган жаннат ва дўзахга ишонамиз. Бу икки манзилни ҳаммадан олдин яратиб, уларга муносиб ўз аҳлларини ҳам сўнг халқ этди. Ҳар бир инсон ўзининг борадиган манзилига лойиқ иш қилиб боради.
Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бандаларга азал тақдирда битиклидир.
Аллоҳ таоло ҳеч кимни тоқати ва қудрати етмайдиган ишга буюрмайди. Тоқат ва қудрат эса фақат шу ишни бажаришда намоён бўлади. Аммо таклиф соғлом одамга ишни бажармасдан олдин юборилиши мумкин.
Бандаларнинг қилаётган ишларини аслида Аллоҳ яратади. Уларни тоқатлари етмайдиган ишга таклиф қилмайди. Уларнинг қудрати ҳам таклиф этилган нарсагагина етади. Бу қуйидаги калиманинг тафсиридирким, «Ло ҳавла ва қуввата илло биллоҳ»дир. Маъноси: «Аллоҳга гуноҳкор бўлмасликнинг ҳеч чораси йўқ, магар Аллоҳнинг ёрдами билангина мумкиндир.
Аллоҳга итоат қилишга ҳеч кимнинг қудрати етмас, магар Аплоҳнинг тавфиқи билангина мумкин бўлур».
Ҳар бир иш Аллоҳнинг хоҳиши, илми, тақдири билангина бўлур. Аллоҳнинг хоҳиши барча хоҳишлардан устундир. Қазо ва қадари эса барча ҳийла ва тадбирлардан ғолибдир. Аллоҳ ўзи хоҳлаган ишни қила билур. Лекин ҳаргиз зулм қилмас. У ҳар қандай ёмонлик, айбу нуқсондан холидир. «У қилаётган ишидан ҳеч кимга ҳисобот бермас, балки унга ҳисобот
берилур!» («Анбиё» сураси, 23-оят)
Тирикларнинг марҳумлар учун қиладиган дуолари, садақа ва эҳсонлари фойдадан холи эмасдир. Аллоҳ таоло дуоларни қабул этувчи, ҳожатларни раво кўрувчи зотдир. У ҳамма нарсага моликдир, Унга ҳеч ким молик эмасдир. Оламни бир лаҳза ҳам Худосиз тасаввур этиб бўлмайди. Кимки ўзини Усиз мустақил деб бир лаҳза тасаввур этса, диндан чиқиб ҳалокат аҳлига мансуб бўлур. Аллоҳ таолонинг ғазаби ва ризоси бор, лекин бандаларидагидек эмас.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча саҳобаларини дўст тутамиз. Дўст тутишда ҳаддан ошиб, шуҳратпарастликка ўтиб кетмаймиз. Улардан ҳеч кимни душман тутмаймиз. Уларни ёмон кўрувчиларни ёмон кўрамиз. Уларга фақат яхши сифатларни нисбат берамиз. Уларга муҳаббат боғлашлик — бу дин, имон, эҳсон белгисидир. Уларни ёмон кўришлик — бу куфр, нифоқ ва туғён аломатидир.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг халифалик умматнинг афзали ва пешвоси бўлмиш Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳуга, сўнг Умар Форуққа, сўнг ҳазрати Усмон зун нурайнга, сўнг Ҳазрати Али Муртазо розийаллоҳу анҳумга насиб бўлди. Бу тўрт халифани «Хулафойи рошидин», яъни тўғри йўл тутган пешво халифалар дейилади.
Ўнта саҳобани Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам жаннат аҳли, деб башорат
берганлар. Улар: Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Талҳа, Зубайр, Саъд, Саид, Абдураҳмон ибн Авф ва Абу Убайда ибн Жарроҳ (розийаллоҳу анҳум)дирлар.
Кимики Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ва аёлларини турли ёмон сўзлардан поклаб, яхши сифатлар билан ёд этса, шунингдек, зурриётларини ҳам турли ношойиста сифатлардан ҳимоя қилиб зикр этса, мунофиқлик иснодидан ўзини пок тутган бўлади.
Саҳобалар ва тобеъинлар аҳли хайр, аҳли фиқҳ, аҳли ривоят, улуғ мартабали зотлардир.
Уларни фақат яхшилик билан ёд этиш лозим. Кимики уларга ёмонликни нисбат берса, у ўта адашганлардан бўлур.
Авлиёлардан ҳеч бирини пайғамбарларнинг ҳеч биридан ортиқ санамаймиз, балки бита пайғамбар барча авлиёлардан афзалдир. Авлиёларнинг кароматлари ҳақдир. Бунга ишончли ривоятлар бор.
Қиёмат аломатларига ҳам ишонамиз. Масалан, Дажжолнинг чиқиши, Исо алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари, қуёшнинг ғарб томондан чиқиши, Ер ҳайвонининг чиқиши кабилар.
Фолбинлар сўзини тасдиқ этмаймиз. Қуръон, ҳадис ва ижмои Умматга хилоф гапларни қабул қилмаймиз.
Жамоатни ҳақ ва тўғри деб ҳисоблаймиз. Тафриқани залолат ва азоб деб биламиз.
Аллоҳнинг дини Ерда ҳам, осмонда ҳам бир, яъни ислом динидир. Бу дин ўртаҳол, мукаммал, оммабоп диндир. Мана шулар бизнинг ички ва ташқи ақидамиз ва динимиздир. Шуларга хилоф қилувчиларга биз мухолифмиз.
Аллоҳ таолодан ҳаммамиз учун имонда собит қадамлик, имон билан ўтишлик, турли ботил ақидалардан сақланишлик, Аҳли Сунна вал-Жамоада барқарор бўлишликни сўраймиз.
Барчамизга тавфиқ ато этгай!
Давоми бор....
Ақоид матнлари китобидан
«орқага