АҚОИД МАТНЛАРИ 3-қисм
27 апрел 2020 й.
923 марта ўқилди.

 
АҚОИД МАТНЛАРИ
3-қисм

«ФИҚҲИ АКБАР» КИТОБИ
Муаллифи — Исломда эътироф этилган тўртта фиқҳий мазҳабларнинг
биринчиси, яъни ҳанафий мазҳабининг асосчиси, Абу Ҳанифа — Нўъмон
ибн Собит (Имоми Аъзам). 80 ҳижрий/699 милодий йилда Ироқнинг Кўфа
шаҳрида туғилиб, 150 ҳижрий/767 милодий йилда Бағдодда вафот
этганлар. Мазҳабимиз Имоми тўғрисида зиёда таърифга ҳожат йўқдир.
Зеро, ул зотнинг фазлу фазоиллари барчага ойдек равшандир.

«ФИҚҲИ АКБАР»
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи ила Тавҳид илмининг асли ва тўғри деб эътиқод қилишга сазовор маълумотлар қуйидагилардан иборат:
Ҳар бир мусулмон киши дили билан тасдиқ этган ҳолда тили билан ушбуларни айтиши вожибдир:
Аллоҳга, Унинг фаришталарига, илоҳий китобларига, юборган пайғамбарларига, ўлгандан кейин қиёматда тирилишига, Ўзи белгилаган яхши-ёмон тақдирга ҳақ ва рост, деб имон келтирдим. Охиратдаги ҳисоб-китоб, амаллар тарозиси, жаннат, дўзах барчаси ҳақдир.
Аллоҳ таоло бирдир, лекин саноқ сон жиҳатидан эмас, балки унга ҳеч қандай шерик йўқлиги жиҳатидандир. Чунончи, «Ихлос» сурасида Ўзи демишким: «(Эй, Муҳаммад), айтинг:
«У Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ беҳожат, (лекин) ҳожатбарордир. У туғмаган ва
туғилмаган ҳам. Шунингдек, Унинг ҳеч бир тенги йўқдир».
У ўзи яратган нарсалардан бирортасига ўхшамас. Унга ҳам бирор нарса ўхшаш эмас.
Ўзининг зотий ва феълий сифатлари билан азалдан бор бўлган ва абадий бор бўлур. Зотий сифатлари — ҳаёт, қудрат, илм, калом, эшитиш, кўриш, ирода. Феълий сифатлари — халқ этиш, ясаш ва бошқа шу мазмунга далолат қилувчи сифатлар. У ўзининг барча исм ва сифатлари билан биргаликда доим бўлган ва абадий бўлажак. Унга бирор исм ёки сифат кейин қўшилиб қолган эмас.
Шунингдек, У Ўз илми билан олимлигича ҳамон келмоқдаким, илм Унинг азалий сифатидир.
Қудрати билан қодирлигича ҳамон келмоқдаким, қудрат Унинг азалий сифатидир. Каломи билан гапирувчи ҳолида келмоқдаким, калом Унинг азалий сифатидир. Халқ этиши билан холиқлигича ҳамон келмоқдаким, халқ этиш Унинг азалий сифатидир. Иш қилиш (феъл) билан иш қилувчи (фоил) ҳолида ҳамон келмоқдаким, феъл Унинг азалий сифатидир. Демак, феъл эгаси — Аллоҳ, феъл Унинг азалий сифатидир, феълнинг маҳсули — яратилган (махлуқ), Унинг феъли эса яратилувчи эмас. Шунингдек, унинг барча сифатлари азалдан пайдо қилинган ҳам, яратилган ҳам эмас. Кимки, уларни яратилган ёки пайдо қилинган деса ёки (сўралганда) жим туриб қолса ёхуд у тўғрида шак қилса, у Аллоҳга кофир бўлур.
Қуръон — Аллоҳнинг каломи. У мусҳафларда битилган, қалбларда ёдланган, тилларда ўқилган, Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган. Қуръон билан қилган талаффузимиз, уни ёзган битигимиз, уни қилган қироатимиз махлуқ (яратилган) дир, лекин Қуръон махлуқ эмасдир.
Қуръондаги Аллоҳ таолонинг Мусо ва бошқа пайғамбарлар (алайҳимуссалом), Фиръавн ва Иблис тўғрисида зикр этган қиссаларининг барчаси Аллоҳнинг каломидир. Аллоҳнинг каломи ғайри махлуқ. Мусо ва бошқа яралганларнинг каломи махлуқдир. Қуръон эса уларнинг эмас, балки Аллоҳнинг каломидир.
Аллоҳнинг Ўзи Қуръонда хабар берганидек, Мусо алайҳиссалом Аллоҳнинг каломини эшитган. Мусога гапирмай туриб ҳам Аллоҳ таоло мутаккалим (гапирувчи) эди. Барча мавжудотни яратмай туриб ҳам У холиқ (яратувчи) эди. Унинг мислидек нарса йўқдир ва У эшитувчи, кўрувчидир.
Аллоҳ таоло Мусо (а.с.)га сўзлаган пайтда азалдан ўз сифати бўлиб келган каломи билан сўзлаган. Унинг барча сифатлари махлуқотларнинг сифатларидан тубдан фарқ қилади, яъни У билади, лекин биз билгандек эмас. Қудрати бизнинг қудратимиздек эмас. Кўради, лекин биз кўргандек эмас. Эшитади, лекин биз эшитгандек эмас. Гапиради, лекин биз гапиргандек эмас.
Биз тил, оғиз, лаб каби воситалар ва ҳарфлар билан гапирамиз. Аллоҳ таоло воситасиз, ҳарфларсиз гапиради. Ҳарфлар махлуқ, Аллоҳнинг каломи эса, ғайри махлуқ.
Аллоҳни нарса деб аташ мумкин. Лекин ўзга нарсалардек тасаввур қилмаслик шарти билан.
Уни нарса деганда жисмсиз, моддасиз, модданинг сифатларисиз, чегарасиз, акссиз, тенгсиз, мислсиз деб билмоқ керак бўлади.
Қуръонда Ўзи зикр этганидек, Аллоҳнинг қўли, юзи, нафси (Ўзи) бор деб биламиз. Булар Унинг сифатларидан, лекин қандай, қанақа дейилмас. Ҳатто, қўли-қудрати ёки неъмати ҳам деб таъвил этилмас. Акс ҳолда унинг бир сифатини йўққа чиқарилган бўлур. Бу эса қадарийлар ва мўътазилийлар сўзидир. Биз айтамизки, қўли ўзига хос, кайфиятсиз сифатдир. Шунингдек, Унинг ғазаби ва ризоси ҳам ўзига хос кайфиятсиз сифатларидандир.
Аллоҳ таоло борлиқни яратганда уни бирор нарсадан олиб яратган эмас. Аллоҳ барча нарсаларни яратмасдан олдин ҳам азалдан билур эди. Барча нарсаларнинг тақдир ва қазосини Унинг ўзи белгилаган. Бу дунё ва охиратдаги ҳар бир нарса фақат унинг хоҳиши, илми, қазоси, қадари, Лавҳул-маҳфузга ёзиб қўйилиши билан бўлур. Лекин ёзиб қўйиши тавсиф йўли биландир, ҳукм йўли билан эмас, яъни мажбурий эмас. Қазо, қадар ва хоҳиш — Аллоҳнинг азалий сифатлари. Фақат уларнинг моҳият ва кайфияти бандасига маълум эмас.
Яратилмаган нарсани Аллоҳ таоло яратмай туриб йўқ деб билгани каби, уни яратгандан  кейин қандай ҳолатда бўлишини ҳам билур. Шунингдек, мавжуд нарсани Аллоҳ таоло мавжудлигидаги ҳолатни қандай билса, унинг йўқ бўлиб кетиш ҳолатларини ҳам шундай билур.
Яна Аллоҳ таоло тик турган кишини тиккалик ҳолатини қандай билса, у ўтиргач, ўтирган ҳолатини ҳам шундай билиб турур. Лекин бу билан Унинг илми ўзгариб қолмайди ёки янги илм пайдо бўлиб қолмайди. Ўзгариш ва турланиш махлуқот ва мавжудотларда содир бўлур.
Аллоҳ таоло инсонларни яратганда куфр ва имондан холи қилиб яратган. Сўнгра уларни хитоб қилиб, баъзи нарсаларга буюрган, баъзи нарсалардан қайтарган. Шулардан кейин кимки куфрни танлаган бўлса, демак, у ўз ихтиёри билан ҳақиқатни инкор этгач, Аллоҳ толонинг тавфиқидан маҳрум ҳолда куфрни танлаган бўлур. Шунингдек, кимки имонни танлаган бўлса, у ҳам ўз ихтиёри, иқтидори, тасдиғи ва Аллоҳнинг тавфиқи ҳамда ёрдами билан имон келтирган бўлур.
Одам (а.с.)нинг пушти камарларидан қиёматгача дунёга келадиган зурриётларни майда заррачалар шаклида чиқариб, уларга ақл ато этди ва уларга хитоб қилиб, ўз тоатига буюрди, маъсиятидан қайтарди. Улар Аллоҳни Раббимиз деб иқрор этдилар. Бу уларнинг имони деб саналди. Бас, ҳар бир туғилган инсон авлоди шу фитрат (табиат) билан дунёга келур. Шундан кейин кимки куфрга кетган бўлса, демак, у мазкур имонни ўзгартирган бўлур. Ҳар ким имон келтириб, тасдиқ этган бўлса, демак, у барқарор қолибдур ва давом этибдур. Аллоҳ таоло ҳеч кимни куфрга ҳам, имонга ҳам мажбур этмагай. Шунингдек, ҳеч кимни мўъмин ёки кофир қилиб яратмагай. Балки инсонларнинг ҳар бирини мустақил шахс сифатида яратган. Имон билан куфр бандаларнинг ишидир. Аллоҳ таоло куфрга кетган кишини ўша пайтнинг ўзида кофир деб билади. Качонки, у шундан кейин яна имон келтирса, ўша пайтнинг ўзида уни мўъмин деб билади ва дўст тутади. Лекин унинг илми ҳам, сифати ҳам ўзгармаган бўлур.
Бандаларнинг ҳаракат ва сукунатларидан тортиб барча феъллари ҳақиқатан уларнинг касб ва фаолиятлари ҳисобланади, лекин уларни Аллоҳ яратади. Уларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг хоҳиши, илми, қазоси ва қадари билан юзага келади. Тоат ва савобли ишлар Аллоҳнинг амри, муҳаббати, ризоси, илми, хоҳиши, қазоси ва тақдири билан амалга оширилур. Тоатсизлик ва гуноҳ ишлар эса, Аллоҳнинг илми, қазоси, тақдири ва хоҳиши билан амалга оширилса-да, Унинг муҳаббати, ризоси ва амри билан эмасдир.
Пайғамбарларнинг барчалари кичик ва катта гуноҳлардан, куфр ва қабиҳ ишлардан покдир. Магар улардан баъзи саҳву хатоликлар содир бўлгани рост. Муҳаммад (с.а.в.) Аллоҳнинг ҳабиби, бандаси, расули, набийси, сафий ва нақийсидирким, зинҳор санамларга сиғинмаганлар, бир лаҳза ҳам Аллоҳга ширк келтирмаганлар ва асло кичик ва катта гуноҳга қўл урмаганлар.
Пайғамбарлардан кейин одамларнинг энг афзали — Абу Бакр Сиддиқ, сўнгра Умар ибн ал-Хаттоб, сўнгра Усмон ибн Аффон, сўнгра Али ибн Аби Толиб (р.а.)дирлар. Улар ҳақ узра яшаб, ҳақ билан бирга ўтганлар. Уларнинг ҳаммасини дўст тутамиз. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саҳобаларидан ҳеч бирига ёмонликни нисбат бермаймиз, балки яхшилик билан ёд этурмиз.
Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса, ундан имон исмини олиб ташламаймиз, уни ҳақиқий мўъмин деб атайверамиз, уни фосиқ мўъмин деб аташ мумкин, фақат кофир эмас.
Пойафзалга масҳ тортиш - суннат.
Рамазон ойи кечаларида ўқиладиган таровеҳ намози — суннат.
Ҳар қандай солиҳ ва фожир мўминга иқтидо қилиб намоз ўқиш жоиз.
Мўъмин кишининг килган гуноҳлари унга зарар қилмайди демаймиз. Яна уни дўзахга киритмайди ҳам демаймиз. Лекин у ерда абадий қолдиради ҳам демаймиз, ҳатто, у фосиқ бўлган тақдирда ҳам. Аммо дунёдан имонли кетган бўлиши шарт.
Барча савобли ишларимиз қабул қилинур ёки гуноҳларимиз кечирилур ҳам демаймиз.
Лекин айтамизки, ҳар ким қайси бир савобли ишни барча шарт-шароити билан уни бузиб қўядиган айблардан холи ҳолда адо этган бўлса ҳамда дунёдан шу тарзда ўтган бўлса, албатта, Аллоҳ таоло унинг эзгу ишини зое кетказмайди. Балки уни қабул этади ва шунга яраша савоб ёзади.
Ширк ва куфрдан бошқа гуноҳларни қилган ва тавба қилмай туриб дунёдан мўъмин ҳолда ўтган кишининг иши Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола — хоҳласа жазо беради, хоҳласа афв этиб, асло дўзах азобига дучор этмайди.
Риёкорлик ва манманлик билан қилинган ҳар бир хайрли ишнинг савоби бекор қилинур.
Пайғамбарларга берилган мўъжизалар ва авлиёларга ато этилган кароматлар ҳақ ва ростдир. Аммо ахборларда ривоят этилган Иблис, Фиръавн, Дажжол каби Аллоҳнинг душманларига берилган ва бериладиган ғайри табиий имкониятлар мўъжиза ҳам эмас, каромат ҳам дейилмайди, балки уларнинг ҳожатларини раво этиш деб саналади. Зеро, Аллоҳ таоло ўз душманларига уқубат сабаби бўлсин деб уларни ўз майлларига қўйиб беради ва ҳожатларини ҳам (вақтинча) раво этиб туради. Улар бундан мағрурланиб, тажовузкорлик ва куфрда давом этадилар. Буларнинг ҳаммаси жоиз ва мумкин ишлардандир.
Аллоҳ таоло яратмай туриб ҳам яратувчи (холиқ) эди. Ризқ бермай туриб ҳам розиқ эди.
Аллоҳ таоло охиратда кўринади. Мўъминлар Уни жаннатда ўз кўзлари билан ташбеҳсиз, кайфиятсиз (бирор ҳолатсиз), кўрувчи билан Унинг ўртасида масофа бўлмаган ҳолда кўрурлар.
Имон - бу иқрор ва тасдиқдан иборатдир. Осмонлару Ер аҳлининг имонлари имон келтирувчи нарсалар жиҳатидан кўпаймайди ҳам, камаймайди ҳам. Аммо ишонч ва тасдиқ жиҳатидан озайиб-кўпайиб туради. Мўъминлар имонда, тавҳидда, ўзаро тенгдирлар, аммо амалда бир-бирларидан ортиқ-камдирлар.
Ислом — бу Аллоҳнинг буйруқларига таслим ва итоат этишдир. Имон билан Ислом ўртасида луғавий жиҳатдан фарқ бўлса-да, лекин исломсиз имон, имонсиз ислом бўлмас. Уларнинг иккиси астар билан авра ёки ич билан таш кабидир. Дин эса имон, ислом ва шариат аҳкомларининг йиғиндисидир.
Аллоҳни барча сифатлари билан Китобида ўзи тавсиф этганидек ҳақиқий маърифат билан таниймиз. Лекин ҳеч ким Унга лойиқ, ҳақиқий ибодат билан ибодат қила олмайди. Бироқ Китобида буюрганидек, Расулининг суннатида кўрсатилганидек ибодат қилиши мумкин. Демак, барча мўъминлар маърифат (Аллоҳни таниш)да, ишончда, таваккулда, муҳаббатда, ризода, хавфда, умидда ва имонда тенгдирлар. Бундан ташқари амалларда эса, бир-бирларидан фарқ қилурлар.
Аллоҳ таоло ўз бандаларига нисбатан фазлу карамли ҳамда адолатлидир: баъзида бандасига қилган ишига яраша эмас, балки неча баробар ортиғи билан савоб бахш этар.
Гоҳида гуноҳига яраша жазо берур. Баъзан фазлига олиб, кечириб юборур.
Пайғамбарларнинг, шу жумладан, бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг гуноҳкор мўъминлар жазога мустаҳиқ кабира гуноҳ эгалари ҳаққига қилажак шафоатлари ҳақ ва ростдир.
Қиёмат куни амалларнинг ўлчаниши, тарозу ҳақ ва ростдир.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳавзи Кавсарлари ҳақ ва ростдир.
Хасмлар ўртасида савоблари билан ҳисоб-китоб қилиниши, агар савоби бўлмаса, гуноҳларидан олиб берилиши ҳақ ва ростдир.
Жаннат ва дўзах шу кунда ҳам мавжуддир. Улар абадий, фоний бўлмайдилар. Жаннатнинг нозу неъматлари, ҳуру ғилмонлари ҳам абадий барҳаётдирлар. Аллоҳнинг жазоси ҳам, савоби ҳам абадий, туганмасдир.
Аллоҳ таоло хоҳлаган кишини Ўз фазли билан ҳидоятга йўллар. Хоҳлаганини Ўз адли билан залолатга қолдирур. Яъни Ўз розилиги сари тавфиқ ато қилмас. Бу Унинг адолатидир.
Шунингдек, мазкур бетавфиқни жазолаши ҳам Унинг адли ҳисобланур.
Мўъмин кишининг имонини шайтон мажбуран суғуриб олмайди, балки банданинг ўзи имонни тарк этган пайтда у олиб қўйилади.
Қабрда Мункар ва Накир исмли фаришталарнинг кириб, марҳумдан савол сўрашлари ҳақ ва ростдир. Қабрда бандага руҳнинг қайтарилиши, қабрнинг кофирлар ва баъзи гуноҳкор мусулмонларни қисиши, уларнинг қабр азобини тортишлари ҳақ ва ростдир.
Уламоларнинг Аллоҳ сифатларини форс тилида (Арабчадан бошқа тилларда) зикр этишлари жоиздир. Аммо «яд» сўзини Аллоҳга нисбат берилганда форс тилида «Дасти Худо»— деб зикр этилмагай. «Аллоҳнинг юзи» деб айтиш жоиз, лекин ташбеҳсиз ва кайфийятсиз айтилиши шарт. Аллоҳнинг узоқлиги ва яқинлиги ўртасидаги масофанинг узун-қисқалиги билан изоҳланмайди, балки яқинлик — банданинг мукаррамлиги, узоқлик — унинг хорлигидир.
Итоаткор одам Аллоҳга яқиндир, лекин кайфийятсиз. Итоатсиз кимса Ундан узоқдир, лекин кайфийятсиз. Яқинлик, узоқлик, юзма-юз бўлиш, жаннатда ёнма-ён бўлиш, Унинг ҳузурида туриш кабиларни кайфийятсиз, деб билиш зарурдир, яъни қандай ҳолатда бўлиши бизга маълум эмас.
Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган ва мусҳафларимизга ёзилгандир. Унинг барча оятлари фазилат ва улуғликда Аллоҳнинг каломи бўлгани учун баробардир. Аммо баъзи оятларнинг ўқилиши ўзи фазилатли бўлса, бошқалари ундаги зикр этилган нарсалар сабабли фазилатга эгадир. Масалан, «Оятул Курсий»да Аллоҳнинг улуғлиги, буюклиги ва сифатлари зикр этилган. Демак, унда иккита фазилат жам бўлган — зикр ва мазкур фазилатлари. Кофирлар тўғрисида келган оятларда фақат зикр фазилати бўлиб, мазкур қайд этилганлар кофирлар бўлганлари учун иккинчи фазилат тушиб қолади. Шунингдек, Аллоҳнинг исм ва сифатлари фазилат ва улуғликда барчаси тенгдир, бир-биридан бу жиҳатдан фарқ этмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ота-оналари фитрат (исломий табиат ислом)да вафот этганлар. Амакиси Абу Толиб кофирлик ҳолида оламдан ўтган. Қосим, Тоҳир, Иброҳим — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари, Фотима, Зайнаб, Руқайя ва Умму Кулсум — қизларидир.
Ҳар кимга тавҳид ва ақида илмига доир бирор мушкул масала учраб қолса, то бирор олимни топиб, сўраб, аниқлаб олгунига қадар: «Аллоҳнинг наздида тўғри бўлганига эътиқод қилдим», - деб туриши зарур. Олимни излашда тахир этмагай (кечиктирмагай). Тахирга қўйса узри қабул этилмас. Агар излашдан тўхтаса, кофир бўлур.
Меърож воқеаси ҳақ ва ростдир. Ҳар ким уни инкор этса, у залолат ва бидъат аҳлидир.
Дажжол ва Яъжуж-Маъжужнинг чиқишлари, Куёшнинг кун ботар томонидан чиқиши, Исо (а.с.)нинг осмондан тушишлари ва бошқа қиёмат аломатлари саҳиҳ хабарларда зикр этилганидек ҳақ ва ростдир.
Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган бандасини тўғри йўлга ҳидоят этгай!
Давоми бор....

Ақоид матнлари китобидан 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram