АҚОИД МАТНЛАРИ 5-қисм
01 май 2020 й.
935 марта ўқилди.
АҚОИД МАТНЛАРИ
5-қисм
«АҚОИДИ НАСАФИЯ» РИСОЛАСИ
Муаллифи — Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ан-Насафий. Вафоти 537 ҳижрий йил. Юзга яқин китоб ёзган. 550 нафар олимлардан сабоқ олган ва уларга бағишлаб алоҳида бир китоб битган. Ушбу «Ақоид» рисоласи тўққиз асрдан бери мотуридия ақидаси бўйича мадрасаларда қўлланма тарзида фойдаланиб келмоқда.
АҚОИДИ НАСАФИЯ
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи ила
«Аҳли Сунна вал-Жамоа» аталмиш исломий-ақидавий йўналиш уламолариким, уларни «Аҳли ҳақ» ҳам дерлар, шундай демишлар:
Барча мавжуд нарсалар ҳақиқатан воқелик ва моҳиятга эгадир ва уларни билиб олиш ва идрок этиш мумкиндир. Суфастоия оқими бунга хилоф қилурлар ва айтурларки, мавжудотнинг барчаси гарчи бизга бордек кўринса-да, аслида йўқ нарсалар бўлиб, улар хаёлий ва ваҳмий ҳиссиёт маҳсулидан ўзга нарса эмасдир.
Мавжудот ва махлуқотларни билиш ва идрок этиш воситалари учтадир, соғлом сезги аъзолари, ишончли хабар ва ақл.
1. Инсондаги сезги аъзолари. Улар беш хилдир: эшитиш, кўриш, ҳид билиш, таъм сезиш ва бадан орқали сезиш аъзолари. Буларнинг ҳар бири қайси вазифа учун тайин этилган бўлса, ўша билангина чегараланади (яъни кўз билан эшитиб бўлмаганидек, қулоқ билан ҳам кўриб бўлмайди).
2. Ишончли хабар. У икки хилдир:
1. Мутавотир саналган хабар. У шундай хабарки, кўпчилик оғзидан эшитилган бўлиб, улар ўзаро ёлғон гап тарқатишга келишиб олишлари мумкин бўлмаган кишилар бўлиши керак.
Бундан ҳосил бўлган билим «илми зарурий» («қатъий илм») деб аталади. Масалан, ўтган замонларда яшаган подшоҳлар, узоқ масофадаги мамлакатлар борлиги ҳақидаги хабарлар ва ҳоказо.
2. Мўъжиза билан қувватлантирилган пайғамбар хабари. У истидлолий (далилли) илмни пайдо қилади.
Унинг воситаси билан билинадиган илм ишонч ва собитликда мазкур «илми зарурий»га тенглашади.
3. Ақл. У ҳам билим воситасидир. Унинг воситасида дарҳол билинадиган илм ҳам «илми зарурий» деб аталади. Масалан, ҳар бир нарса ўзининг бўлакларидан катталиги дарҳол англашилгани каби. Ақлий далил билан билинадиган илмга эса «иқтисобий» ёки «касбий илм» дейилади. Бирор нарсанинг моҳиятини англаб етишда илҳом билим воситаси бўла олмайди.
Олам ўзининг барча ашёси билан биргаликда ҳодисдир. Яъни қачондир яратилгандир. Зеро, олам мураккаб ва мураккаб бўлмаган мустақил жисмлар ҳамда мустақил бўлмаган, балки бошқа жисмларга суяниб турувчи жисмлардан иборатдир. Мустақил ва мураккаб жисмлар учун мисол сифатида катта ва кичик мавжудотларни ҳамда мустақил бўлмаган сифатларга эса ранглар, таъм ва ҳидларни келтириш мумкин. Яъни қизил олманинг ўзи мустақил, унинг ранги эса ғайри мустақил. Зеро, у олмадан айри ҳолда тура олмайди.
Оламнинг яратувчиси Аллоҳдир. У яккаю ягона, қадим, тирик, қудратли, билимли,
эшитувчи, кўрувчи, хоҳловчи, ирода этувчиким, ашёлардаги фоний сифатлар Унда йўқдир. У жисм ҳам, жавҳар ҳам эмас. Яна у тасвирланувчи ҳам, чегараланувчи ҳам, саналувчи ҳам эмас.
У қисмларга бўлинувчи ва бўлаклардан таркиб топган ҳам эмас. У чексиз ва ниҳоясиздир. У қандай, қанақа, нима деб сўралмайди. У бирор маконда қарор олиб турувчи эмас. Унга вақт, замон дахлдор эмас. Бирор нарса Унга ўхшамас. Унинг билим ва қудрат доирасидан ҳеч нарса ташқарига чиқмас.
Унинг мустақил, азалий сифатлари борким, улар Аллоҳнинг Ўзи ҳам эмас, Ўзидан ўзга ҳам эмасдир. Улар: илм, қудрат, ҳаёт, қувват, эшитиш, кўриш, ирода, хоҳиш, яратиш, ризқ бериш, гапириш каби Ўзига хос сифатлардир.
Аллоҳ ўзига хос калом билан сўзлар. Сўзлаш унинг азалий сифатидир. Унинг каломи ҳарфлар ва товушлар жинсидан эмас. Унинг бу сифати сукут ва турли офатлардан холидир.
Аллоҳ шу сифати билан гапирувчидир, у билан буюрувчи, тақиқловчи ва хабар берувчидир.
Қуръон — Аллоҳнинг каломи. У махлуқ (кейин яратилган) эмас. У мусҳафларимизга битилувчи, қалбларимизда ёд олинувчи, тилимизда қироат қилинувчи, қулоқларимиз билан эшитилувчидир. Лекин ўша жойларга кириб ўрнашиб қолувчи эмас.
Таквин (пайдо этиш) Аллоҳнинг азалий сифатидир. У бу сифати билан бутун оламни барча қисмлари билан ўзига муносиб вақтларда яратган. Таквин сифатини бизнинг ақидамиз бўйича Аллоҳга нисбат берилганда «пайдо этилган» деб эмас, балки «пайдо этувчи»деб билиш керак бўлади.
Ирода ҳам Аллоҳнинг азалий мустақил сифатларидан. Аллоҳдан қўрқиш ақлан мумкин.
Нақлий (Қуръон ва ҳадисда мавжуд) далилларга биноан ҳам қатъийдир.
Мўъминларнинг охиратда Аллоҳ таолони кўришлари хусусида қатъий хабарлар эшитилган.
Кўриниш бирор маконда ёки бирор муқобил томонда бўлмайди. Шунингдек, кўз нурининг етиб бориши ёки Аллоҳ билан кўрувчи ўртасида қандайдир масофа бўлиши ҳам мумкин эмас.
(Демак, кўриш ҳақ, лекин ҳолати тўғрисида баҳс юритиш мумкин эмас).
Бандаларнинг барча феъл-ҳаракатлари — хоҳ улар қуфр, хоҳ имон бўладими, тоат ёки гуноҳ-маъсият каби ишлардан бўладими — уларни Аллоҳ таоло ўз иродаси, хоҳиши, ҳукми, қазоси ва тақдири билан яратади.
Бандаларда ихтиёрий феъл ва ҳаракатлар бор. Улар сабабли савоб ёки гуноҳ
орттирадилар. Банданинг қилган амалларидан эзгулиси Аллоҳнинг ризоси билан, ёмони эса Унинг розилигидан ташқари ҳолда ижро этилади.
Инсоннинг тоқат ва қудрати унинг бирор ишни бажариши билан белгиланади. Мана шу ҳар қандай ишга сарф қилинадиган куч-қудратнинг ҳақиқатидир. Тоқат сўзи восита ва асбобларнинг соғломлигига қараб ўз тасдиғини топади. Аллоҳнинг таклифи (буйруқ ва тақиқлари) ҳам шу тоқат ва имконият чегарасидан ташқари қилинмайди.
Бирор инсонни биров урганда ҳосил бўладиган оғриқ ёки бирор инсон шишани синдирганда ҳосил бўладиган синиқ ва шунга ўхшаш нарсаларнинг ҳаммасини Аллоҳ яратади. Бунда банданинг яратиш таъсири йўқдир.
Қатл этилган мурда ҳам ўз ажали билан ўлган ҳисобланади. Ажал — бир.
Ҳаром ҳам ризқ ҳисобланади. Ҳар бир инсон ўз ризқини — хоҳ у ҳалол бўлсин, хоҳ у ҳаром — тўла истеъмол қилади. Бирор инсон ўз ризқини емади ёки унинг ризқини биров еб қўйди, деб тасаввур қилинмайди.
Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасини залолатга ва хоҳлаган бандасини ҳидоятга йўллаб қўяр.
Банданинг фойдасини кўзлаб иш қилиш Аллоҳнинг зиммасига вожиб эмас.
Қабрда Аллоҳнинг илми ва иродасига кўра кофирларга ва баъзи гуноҳкор мўъминларга азоб берилиши, шунингдек, тоат-ибодатли кишиларга роҳат ато этилиши, Мункар ва Накир исмли фаришталарнинг майит билан савол-жавоб қилишлари нақлий далиллар (оят ва ҳадислар) билан исботланган. Бундан ташқари бу ақл жиҳатидан ҳам мумкин ишлардандир.
Ўлгандан кейин (қиёматда) қайта тирилтириш, амалларини тарозида тортиш, номаи аъмол, савол-жавоб, Ҳавзи Кавсар, Пулсирот, жаннат ва дўзах тўғрисидаги хабарларнинг барчасини ҳақ ва рост, деб билурмиз. Жаннат билан дўзах ҳозир ҳам мавжуд ва уларнинг ўзи ҳам, унга тушганлар ҳам боқий бўлурлар, фонийлик кўрмаслар.
Гуноҳи кабира (ширк ва куфрдан бошқа улкан гуноҳ) мўъмин кишини имондан чиқариб, куфрга киритмас. Аллоҳ таоло ўзига ширк келтиришни кечирмагай. Ундан бошқа катта ва кичик гуноҳларни хоҳлаган бандаси учун кечирур.
Кичик гуноҳ учун жазо ва катта гуноҳ учун афв белгиланиши мумкин. Бунда гуноҳни ҳалол, деб эътироф қилмаган бўлиш шартдир. Ҳаром ва гуноҳ деб қайд этилган шаръий ҳукмларни ҳалол демоқ куфр ҳисобланади.
Гуноҳи кабира қилиб ўтган мўъминларни афв этилишини Аллоҳдан сўраб пайғамбарлар ва солиҳ, аҳли хайр зотларнинг шафоат қилишлари ҳақдир. Бу хусусда оят ва ҳадислар мавжуддир. Мўъмин кишилар гуноҳи азимлари бўлса ҳам дўзахда абадий қолмайдилар.
Имон — бу Аллоҳ томонидан келган барча хабарларни тил билан иқрор ва дил билан тасдиқ этишдир. Амаллар эса кўпайиб-озайиб туради. Имон эса кўпаймайди ҳам, камаймайди ҳам (балки унинг нури зиёда ва кам бўлиб туради). Имон билан ислом сўзлари (луғавий жиҳатдан фарқли бўлса-да), бир хил маънода ишлатилаверади. Бандада мазкур тасдиқ билан иқрор топилса, у «Мен ҳақиқатан мўъминман» — дейиши дуруст бўлади. «Мен, иншоаллоҳ, мўъминман» — дейиши мумкин эмас.
Бахтли одам баъзан бахтсиз, шунингдек, бахтсиз одам баъзан бахтли бўлиб қолиши мумкин. Ўзгариш банданинг сифатлари бўлмиш бахт ва бахтсизликда намоён бўлади. Бахтли қилиш ва бахтсиз қилишда эмас. Зеро, бу иккиси Аллоҳ таолонинг сифатларидан. Аллоҳнинг ўзида ҳам, сифатларида ҳам ўзгариш рўй бермайди.
Пайғамбарларнинг юборилишида ҳикмат бор. Аллоҳ таоло башардан пайғамбарлар чиқариб, башарга юборади. Улар хушхабар берувчи, огоҳлантирувчи, одамларнинг дунёвий ва диний ишларида муҳтож бўладиган нарсаларни баён қилиб берувчидирлар. Аллоҳ таоло уларни турли мўъжизалар билан қувватлаган.
Пайғамбарларнинг биринчиси Одам (а.с.), охиргиси Муҳаммад (с.а.в.)дир.
Пайғамбарларнинг адади баъзи ҳадисларда ривоят қилинган. Лекин уларни муайян адад билан чегараланмаганлари афзал. Аллоҳ таоло айтган: «Улардан баъзиларининг қиссаларини
Сизга айтдик. Баъзиларининг қиссаларини эса, Сизга айтмадик» («Ғофир» сураси, 78- оят). Ададлари зикр этилган тақдирда пайғамбар бўлмаган кишининг уларга қўшилиб қолиши ёки пайғамбар бўлган кишини улар сафидан чиқариб қўйиш хавфи бор. Уларнинг барчаси Аллоҳнинг буйруқларини халққа етказувчи, содиқ ва насиҳатгўй зотлар бўлишган.
Пайғамбарларнинг афзали — Муҳаммад (с.а.в.). Фаришталар Аллоҳнинг бандаларидир.
Унинг барча Буйруқларини тўла бажарадилар. Улар эркаклик ёки аёллик жинси билан сифатланмайдилар.
Аллоҳ таолонинг пайғамбарларига нозил қилган китоблари борким, уларда ўзининг буйруқ ва тақиқларини, ваъдаю танбеҳларини баён этган.
Расулуллоҳ (с.а.в.) уйғоқлик ҳолларида жисмонан самога кўтарилиб, ундан Аллоҳ хоҳлаган олий маконларга кўтарилиб сайр қилган кечалари (Меърож кечаси) ҳақ ва ростдир.
Авлиёларнинг кароматлари ҳақдир. Узоқ масофани оз муддатда босиб ўтиш, зарур
ҳолларда озиқ-овқат, кийим ва бошқа нарсаларнинг ҳозир бўлиши, сув юзида юриш, ҳавода учиш, жонсиз нарсалар билан сўзлашиш, бало-офатларнинг даф бўлиши, душманларни доғда қолдириш каби ишлар валийлик даражасига етган кишидан зоҳир бўлса каромат, пайғамбарлардан содир бўлса мўъжизадир. Ҳеч бир валий ўз диёнатида содиқ ва пайғамбарининг барҳақ элчи эканлигига иқрор бўлмагунча чин валий бўла олмайди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан кейин Абу Бакр, сўнгра Умар Форуқ, сўнгра Усмон Зуннурайн, сўнгра Али ибн Аби Толиб (р.а.)дурлар. Халифаликлари ҳам шу тартибда кечгандир.
Халифалик — ўттиз йилдир. Ундан сўнг эса подшоҳлик ва амирлик даври келур.
Мусулмонлар учун ҳукмларни жорий қилиш, ҳадларни барпо этиш, ҳожатларини раво қилиш, лашкарларини жиҳозлаш, садақотларини йиғиш, зўравонлик, ўғрилик ва қароқчиликни бостириш, жума ва ҳайит намозларини барпо этиш, фуқаролар ўртасида чиққан низо ва келишмовчиликларни бартараф этиш, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун берилган гувоҳликларини қабул этиш, эгалари йўқ сағир ва сағираларни (етимларни) турмуш қуришларини таъминлаш, ўлжалар тақсими ва бошқа ишларни амалга ошириш учун имом (подшоҳ) лозимдир.
Шунингдек, подшоҳ одамлар кўзидан махфий ва куттириб қўювчи эмас, балки очиқ кўриниб юрувчи бўлиши лозим. Яна у Қурайш қабиласидан бўлиши шарт. Бошқадан бўлиши мумкин эмас. Бани Ҳошим ва Али авлодига ҳам хос эмас. Яна подшоҳ гуноҳлардан пок бўлиши ёки замонасининг энг афзал одами бўлиши ҳам шарт эмас.
Лекин у баркамол раҳбарлик эгаси, сиёсатдон, аҳкомларни татбиқ эттирувчи, дорил ислом ҳудудини муҳофаза қилувчи, золимдан мазлум ҳаққини ундириб берувчи бўлиши шарт.
Намозни ҳар қандай солиҳ ва фосиқ имом ортида унга иқтидо қилиб ўқиш мумкин,
шунингдек, ҳар қандай солиҳ ва фосиқ мусулмонга жаноза намози ўқиш жоиздир.
Саҳобалар ҳақида фақат яхши гап гапиришга рухсат этилади.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) томонларидан жаннатий деб башорат берилган ўн нафар
саҳобийларнинг жаннат аҳлидан бўлишларига биз ҳам гувоҳлик берамиз. (Улар — Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Талҳа, Зубайр, Саъд, Саъид, Абдураҳмон, Абу Убайда розийаллоҳу анҳум.)
Ватанда ҳам, сафарда ҳам пойафзал узра масҳ тортишни жоиз деб биламиз.
Хурмо ширасидан тайёрланган шароб(шарбат)ни ҳаром демаймиз.
Авлиёлар пайғамбарларнинг даражаларига ета олмайдилар.
Ҳеч бир банда Аллоҳнинг буйруқ ва тақиқлари зиммасидан соқит бўладиган ҳолатда бўлмайди.
Оят ва ҳадислар (нусус)дан, модомики, бирор қатъий далил монелик қилмаса, зоҳирий мазмун олинаверади.
Зоҳирий маънолари қолиб, «Ботин аҳли» иддао қилган ёт талқинларга ўтиб кетиш
динсизликдир. Нусусни рад этиш эса куфрдир.
Гуноҳни ҳалол деб билиш куфрдир. Уни енгил деб билиш ҳам куфрдир.
Шариатни масхара қилиш куфрдир.
Кимки Аллоҳ таолони Унга лойиқ бўлмаган сифатлар билан сифатласа ёки исмларидан, буйруқларидан бирортасини масхара қилса ёхуд Унинг ваъдаси ёки ваъидини инкор этса, кофир бўлур.
Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиш куфрдир. Шунингдек, Унинг азобидан
хотиржам бўлиш ҳам куфрдир.
Коҳин — фолбиннинг ғайб тўғрисида берган хабарини тасдиқлаш куфрдир.
Йўқ нарса — нарса эмас.
Марҳумлар ҳаққига қилинган тирикларнинг дуолари ва садақа-эҳсонларида улар учун фойда бор. Аллоҳ таоло дуоларни ижобат, ҳожатларни раво қилур.
Пайғамбарнинг (с.а.в.) қиёмат аломатларидан деб берган хабарлари — Дажжол, Ер махлуқи, Яъжуж ва Маъжужларнинг чиқишлари, Исо алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари, Қуёшнинг кун ботар тарафдан чиқиши кабиларнинг барчаси ҳақ ва ростдир.
Мужтаҳидлар гоҳида хатога кетиб, гоҳида тўғри ижтиҳод қиладилар.
Фаришталарнинг пайғамбарларидан инсонларнинг пайғамбарлари афзалдир. Оддий инсонлардан фаришталарнинг пайғамбарлари афзал. Оддий фаришталардан оддий инсонлар афзалдир.
Илоҳо, ақидамизни Ўзингнинг розилигингга мувофиқ равишда ислоҳ эт!
Давоми бор....
Ақоид матнлари китобидан
«орқага