АҚОИД МАТНЛАРИ 6-қисм
02 май 2020 й.
1197 марта ўқилди.

 

АҚОИД МАТНЛАРИ

6-қисм 
 
«БАДЪУЛ-АМОЛИЙ» МАНЗУМАСИ
Муаллифи — Али ибн Усмон ибн Муҳаммад ибн Сулаймон Абу Муҳаммад Сирожиддин ал-Ўший ал-Фарғоний. «Фатовойи сирожия» муаллифи. Вафоти - 569 ҳижрий/1173 милодий йил.

«БАДЪУЛ-АМОЛИЙ»
Меҳрибон ва раҳмли Алпоҳ номи ила
1. Банда (муаллиф) тавҳид фанига бағишлаб назмий услубда «Амолий» номи билан ёзган асарини шундай деб бошлайди:
2. Барча мавжудот ва махлуқот илоҳи — хожамиз Аллоҳ қадимдир ва комил сифатлар билан тавсиф этилувчидир.
3. У ҳамиша тирик ва барча ишларнинг тадбиркоридир. Шунингдек, У ҳақ, тақдир этувчи ва улуғлик эгасидир.
4. Бандаларнинг хайрли ва эзгу ишларининг ҳам, хунук ва ёвуз ишларининг ҳам рўёбга чиқишини ирода этувчидир, лекин ёвузликни норозилик ила ирода этар.
5. Аллоҳнинг сифатлари зотининг айнан ўзи ҳам эмас, ўзидан ажралувчи ғайр ҳам эмасдир.
6. Унинг зотия ва феълия сифатларининг барчаси қадим бўлиб, улар завол топиш ёки йўқ бўлиб қолиш каби нуқсонлардан холидир.
7. Аллоҳни нарса деб атаймиз. Лекин бошқа нарсалардек деб билмаймиз. Шунингдек, Уни зот деб ҳам атаймиз. Лекин Уни олти томон (ўнг, чап, олд, орт, уст, ост)дан холи деб биламиз.
8. Умматнинг афзали — Аҳли Сунна вал-Жамоа уламолари наздида Аллоҳнинг исми ҳам Унинг Ўзини билдиради. Яъни Аллоҳга ёки Унинг исмига таъзим бажо келтириш ёхуд қасам ичиш кабиларда деярли фарқ йўқ.
9. Раббим жавҳар (модда, ядро) ҳам, жисм ҳам эмас. Бутун, баъз, зимнига олувчи каби сифатлардан ҳам холидир.
10. Олимлар зеҳни билан билинганки, бўлинмайдиган энг кичик зарра (атом)нинг борлиги ҳақдир, эй, тоғамнинг ўғли!
11. Қуръон махлуқ (кейин яратилган) эмас. Балки у қадимдир. Парвардигор каломи бандалар сўзининг жинсидан буюкдир.
12. Аршнинг парвардигори Арш узрадир, деймиз. Лекин унга ўрнашган ёки тегиб турувчи демаймиз. Балки таъзим жиҳатидан Уни осмонда, тепамизда деб мажозан айтишимиз мумкин.
13. Раҳмонга бирор жиҳатдан бирор нарсани ўхшатиш мумкин эмас. Эй, турфа мусулмон халқи, бундан сақланингиз.
14. Жазо берувчи (Аллоҳ)га ҳеч қачон вақт ҳам, йил ҳам, замон ҳам ўтмас.
15. Илоҳимнинг аёллар ва ўғил-қиз фарзандларга эҳтиёжи йўқдир.
16. Шунингдек, улуғлик ва буюклик эгаси Аллоҳ ҳар қандай ёрдамчи ва кўмакчига ҳам муҳтож эмасдир.
17. Ўз ғолиблиги билан У барча халойиқни (қиёмат олдидан) ўлдириб, сўнгра тирилтирар. Ундан кейин уларни қилмишларига мувофиқ жазолар.
18. Аҳли хайр, солиҳ бандаларга — жаннат боғлари ва нозу неъматлар, кофирларга эса азоб-уқубат етишдан ўзга чора йўқдир.
19. Дўзах ҳам, жаннат боғлари ҳам фоний эмаслар. Уларнинг аҳли, яъни мўъминлар ва кофирлар ҳам ўрин алмашувчи эмаслар.
20. Жаннатда мўъминлар Аллоҳни кўрарлар. Лекин бирор кайфият, идрок ёки ўхшашлик билан эмас, балки Аллоҳнинг ўзига лойиқ равишда кўрарлар.
21. Аллоҳни кўрганларида мўъминлар барча неъматларни унутарлар. Аллоҳни кўриш мумкин эмас, дейдиган мўътазила аҳлининг ўша куни зиён қилишини кўринг!
22. Фақатгина банданинг фойдасини кўзлаб иш қилиш ҳидоят ва олийлик эгаси бўлмиш муқаддас зот — Аллоҳнинг зиммасига фарз эмасдир.
23. Ўтган пайғамбарлар ва неъматга эришган улуғ фаришталарни ҳақ деб тасдиқ этиш зарур фарзлардандир.
24. Шунингдек, пайғамбарларга олийқадр, пешво, ҳошимий, соҳибжамол пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) билан хотима бериш, яъни ул жанобни охирги пайғамбар деб билиш ҳам зарур фарзлардандир.
25. У, сўзсиз, анбиёлар пешвоси ва халалсиз, асфиёлар (фаришталар ва авлиёлар) тожидир.
26. Унинг шариати ҳамма вақт, то қиёмат ва риҳлат кунигача боқийдир.
27. Меърож воқеаси ҳақ ва ростдир. У тўғрида олий хабарлар — ҳадислар бордир.
28. Пайғамбарлар қасддан гуноҳ қилиш ва вазифадан четлашиш каби нуқсонлардан хотиржамдирлар.
29. Аёл киши ҳаргиз пайғамбар бўлмаган. Шунингдек, қул ва фирибгар ҳам.
30. Искандар Зулқарнайн пайғамбар сифатида танилган эмас. Шунингдек, Луқмон ҳам. Бу хусусда баҳслашишдан ҳазар қил!
31. Исо (а.с.) албатта дунёга қайта келадилар ва бадбахт, бузғунчи Дажжолни ҳалок этадилар.
32. Валийга шу дунёда ато этилган кароматлар бор нарса. Авлиёлар Аллоҳ неъматига сазовор кишилардир.
33. Авлиё ҳеч қачон пайғамбарлардан бирор нисбатда афзал бўлмаган. Балки у пайғамбар даражасига етиши мумкин эмас.
34. Абу Бакр Сиддиқ шаксиз барча саҳобалардан ортиқ бўлганлар.
35. Умари Форуқ Усмон Зуннурайндан ортиқ фазилатларга эга бўлганлар.
36. Усмон Зуннурайн ҳақиқатан жанг сафида жавлон қилувчи Ҳазрати Алидан яхши (ортиқ) бўлганлар.
37. Жангари Али улардан кейинги барча мусулмонлардан ортиқдирлар.
38. Оишаи Сиддиқа баъзи хислатлари билан Фотимаи Заҳродан ортиқлик қилурлар.
39. Муовиянинг ўғли Язидни, унинг ўлимидан сўнг ўта иғвогар ва шаллақи одамдан бошқалар лаънатламаган.
40. Тақлид қилувчи (ўз имонига далил келтира олмайдиган киши)нинг имони ҳам эътиборлидир. Бунга найзадек ўткир далиллар бор.
41. Ақлли одамдан паст-баландликларни яратувчиси — Аллоҳни танимадим деган узри қабул қилинмагай.
42. Кишининг ўлими олдидан (кечикиб) келтирган имони қабул қилинмагай. Зеро, у олдинроқ итоат этмади.
43. Савобли ва хайрли амаллар гарчи доимий фарз қилинган бўлса-да, имондан ҳисобланмайди.
44. Зино, қотиллик, ўғрилик каби гуноҳлар сабабидан мусулмон одамни куфрга ҳукм қилинмайди. Балки у гуноҳкор саналади.
45. Бирор маълум муддатдан кейин диндан қайтишни ният қилган одам ҳақ дин (ислом)дан дарҳол чиқиб қолур.
46. Ихтиёрий ҳолатда айтилган куфр лафзи, ўзини ғафлатга солгани ва бепарволиги учун диндан қайтиш (муртадлик) ҳисобланади.
47. Маст ҳолатда ўйламай алжираб айтган беҳуда сўзлари туфайли куфрга ҳукм қилинмайди.
48. Яратилмаган нарса Аллоҳга кўринувчи ҳам эмас ва у нарса деб ҳам аталмайди. Бу баракотли ой ҳилолидек илмий далиллар билан исботланган.
49. Дунё, балки Аллоҳдан ўзга бутун борлиқ қадим эмас, аксинча, кейин яратилгандир.
Даҳрийлар даъво қилган «модда - асл, дунё унинг маҳсули»,— деган ақида нотўғридир. Буни шодлик билан тинглагин.
50. Ҳаром ҳам худди ҳалолдек ризқ саналади, гарчи бу сўзимни барча ёқтирмайдиган кишилар ёқтирмасалар ҳам.
51. Дуога шак йўқ. Яъни тириклар ва ўликлар ҳаққига қилинган дуоларнинг таъсири кучлидир. Буни адашган тоифалар рад этурлар.
52. Ҳар бир шахс Раббимнинг тавҳиди тўғрисида синов учун қабрда сўроққа тутилади. Яъни Раббинг ким, дининг нима, пайғамбаринг ким - каби саволлар берилур.
53. Кофирлар ва баъзи гуноҳкор мўъминлар ёмон феъллари туфайли азоблашга ҳукм қилинур.
54. Қиёмат куни қайта тирилтирилганларидан сўнг барча одамлар Ҳақ таоло ҳузурида ҳисобот берурлар. Бас, гуноҳ ишлардан четроқ юринг.
55. Ўша куни баъзиларга номаи аъмоли (қилмишлари ёзиб қўйилган китоби) ўнг тарафидан, баъзиларга орқа тарафидан, баъзиларга эса чап тарафидан берилур.
56. Қиёмат куни қилинган амалларнинг тарозуда тортилиши, Пулсирот номли қилкўприкдан ўтиш ҳеч қандай даъвосиз ҳақдир.
57. Тоғлардек улкан гуноҳ қилиб ўтганлар учун яхши одамлар (Пайғамбарлар, авлиёлар, сиддиқлар, шаҳидлар, солиҳ бандалар) томонидан шафоат қилиниб, гуноҳларидан ўтишни сўрашлик умид қилинадиган ишдир.
58. Имонли киши гуноҳларининг шумлиги сабабли оташи дўзахда боқий қолмас.
59. Тавҳид илмига назм либосини кийдирдим. У бадиий шакл олиб, ҳалол сеҳрга айланди.
60. У дилни хушхабардек роҳатлантиради ва руҳга оби зилолдек ҳаёт бахш этади.
61. Уни ёдлаб, дилга жо этиб, чуқур ўргансангиз, (ҳаққа) етишганлар жамоасига қўшилурсиз.
62. Бу бандаи ожизни яхшилик билан илтижоларда хотирлаб, унга доимо ёрдам кўрсатинг.
63. Шояд Аллоҳ уни ўз фазли ила афв этиб, охиратда саодат ато этса.
64. Мен эса тоқатим борича қачондир менинг ҳаққимга яхшилик билан дуо қилувчи киши ҳаққига тинмай дуо қилмоқдаман.

Ақоид матнлари китобидан
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:14
Пешин: 13:10
Аср: 18:10
Шом: 20:15
Хуфтон: 22:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram