Эҳтромга лойиқ зотлар!
30 сентябр 2024 й.
«орқага
168 марта ўқилди.
Эҳтромга лойиқ зотлар!
Аввало, сиз, азизларни, таълим-тарбия соҳасининг барча жонкуяр ходимларини 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбдан самимий муборакбод этаман.
Ёшларга таълим-тарбия берган ва ҳозирги кунда ҳам меҳнатларини аямаётган азиз устозларга ҳурмат-эҳтиромимни билдираман.
Дунёдаги энг бебаҳо бойлик – ақл-заковат ва илм, ўлмас мерос – яхши тарбиядир. Сизлар эса дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимиз янги авлодига етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам муаллим қилиб юборилганликларини Ўзлари очиқ-ойдин баён қилганлар: "Аллоҳ мени қийновчи ва қийинлаштирувчи қилиб эмас, балки муаллим ва осонлаштирувчи қилиб юборди", дедилар (Имом Муслимривояти).
Одамларга яхшиликни таълим берувчи устозларга фаришталар, одамлар ва ҳатто ҳайвонлар Аллоҳ таолаодан раҳмат сўраб турадилар.
"Албатта, Аллоҳ таоло, фаришталари, осмон ва ер аҳли ҳатто инидаги чумоли ва (денгиздаги) балиқлар одамларга яхшиликни ўргатувчи муаллимга саловат айтади" (Имом Термизий ривояти). Аллоҳнинг саловали уларга раҳматини ёғдириши, фаришталарники истиғфор, ҳайвонларники дуои хайрдир. Устозларни қадрлаш ҳақида сўз кетганда, беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:
Ҳақ йўлида ким санга бир харф ўқитмиш ранж ила,
Айламақ бўлмас адо анинг ҳаққин юз ганч ила Пайғамбарлардан кейин уларнинг меросхўрлари олиму уламолар уммат учун муаллимдир Ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс муаллим бўлишини унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз-Исломда илмлар диний, дунёвийга ажратилмайди. Балки фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади. "Инсон вафот этса, унинг амаллари узилади, фақат уч нарса: садақаи жория, фойдали илм ва ҳаққига дуо қилувчи солиҳ фарзанддан узилмайди". (Имом Муслим ривояти).
Демак, одамларга таълим беришнинг савоби устоз ва муаллимлар ўтганидан кейин хам уларнинг номаи аъмолига ёзилаверади.
Сўфи Оллоҳёр раҳимаҳуллоҳ "Саботул ожизин" китобида бу ҳақда шундай деганлар:
Агар олим сўзин хўб тутса омил,Ани омий дема, де марди комил
Удур жоҳил билиб муршид ўзини, Қулоқга олмагай олим сўзини.
Яъни ким олимнинг сўзига қулоқ тутиб унга амал қилса, уни билимсиз дема, уни марди комил дегин. Жоҳил киши ўзини билимдон санаб, олимнинг сўзига қулоқ солмайди.
У зотлар бизга фарзандларимизнинг билимли-маърифатли ва одоб ахлоқла бўлишида холис ва беминнат ёрдамчилардир. Уларнинг яхшилигини билмаслик нонкўрлик бўлади. Устоз мураббийларни менсимаслик, ҳақорат қилиш, уларнинг обрўсини туширишга ҳаракат қилишнинг окибати ёмондир.
Нафақат ўқитувчилик касбидаги устозлар, балки, ҳаёт йўлида бизга ниманидир ўргатишга муваффақ бўлган мураббийларимизнинг умрлари зиёда бўлсин. Байрам баҳона азиз устозларимизни зиёрат қилиб, дуоларини олишни унутмайлик, азизлар
Миржон домла Эгамбердиев,
Шофиркон туман бош имом-хатиби
Шофиркон туман бош имом-хатиби