ОНАНИ ЭЪЗОЗЛАШ
22 июл 2024 й.
92 марта ўқилди.
ОНАНИ ЭЪЗОЗЛАШ
Ҳадис илмининг султони Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Aл-Aдаб ал-Муфрад” асарларидаги иккинчи боб “Онага яхшилик қилиш” бобидаги иккинчи ҳадис. Aбдуллоҳ ибн Aббос розияллоҳу анҳудан.
عَنْ عَطَاءِ بْنِ يَسَارٍ ، عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ ، أَنَّهُ أَتَاهُ رَجُلٌ فَقَالَ : إِنِّي خَطَبْتُ امْرَأَةً ، فَأَبَتْ أَنْ تَنْكِحَنِي ، وَخَطَبَهَا غَيْرِي ، فَأَحَبَّتْ أَنْ تَنْكِحَهُ ، فَغِرْتُ عَلَيْهَا فَقَتَلْتُهَا ، فَهَلْ لِي مِنْ تَوْبَةٍ ؟ قَالَ : أُمُّكَ حَيَّةٌ ؟ قَالَ : لاَ ، قَالَ : تُبْ إِلَى اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ ، وَتَقَرَّبْ إِلَيْهِ مَا اسْتَطَعْتَ .
فَذَهَبْتُ فَسَأَلْتُ ابْنَ عَبَّاسٍ : لِمَ سَأَلْتَهُ عَنْ حَيَاةِ أُمِّهِ ؟ فَقَالَ : إِنِّي لاَ أَعْلَمُ عَمَلًا أَقْرَبَ إِلَى اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ مِنْ بِرِّ الْوَالِدَةِ
Aбдуллоҳ ибн Aббоснинг олдиларига бир киши келиб, “Мен бир аёлга совчи юбордим, у менга тегишдан бош тортди. Ўша аёлга бошқа киши совчи юборганида унга рози бўлди. Рашким келиб ўша аёлни ўлдириб қўйдим. Мен тавба қилсам бўладими?” деди.
Aбдуллоҳ ибн Aббос розияллоҳу анҳу: “Онанг тирикми?” дедилар. У “йўқ” деди. “Aллоҳга тавба қилиб қучинг борича унга яқин бўлгин” дедилар. “Мен онага яхшилик қилишдан кўра, Aллоҳга яқинроқ амални билмайман”, дедилар.
Онага яхшилик қилиш кабира гуноҳларни кечирилишига сабабчи бўлиши катта шарафдир. Оналаримиз хизматида бўлиш, уларни дуоларини олиш, уларга ёрдам бериш, кўнгилларини кўтариш, яхши сўз гапирмоқ бу ҳар бир фарзанднинг бурчи ҳисобланади. Мен буюк иккита шахснинг оналари ҳақида гапириб, уларнинг дуолари ижобат бўлганини мисолини келтирмоқчиман. Бирлари Яман шаҳрида яшаб ўтган ўзлари фақир, камбағал бўлган лекин Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам у киши ҳақида гапирган буюк шахс Увайс ал-Қараний бўладилар. Увайс ал-Қараний оналарининг хизматларида бўлиб, валийлик даражасига етадилар.
عن عمر بن الخطاب قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: إنَّ خيرَ التَّابعينَ ، رجلٌ يُقالُ له : أُوَيسٌ ، و له والدةٌ هو بها بَرٌّ ، لو أقسم على الله لَأَبَرَّه ، و كان به بياضٌ ، فمُروه فلْيَسْتَغْفِرْ لكم
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам у киши ҳақларида айтадиларки:
“Тобеинларнинг энг яхшиси, Увайс деган кишидир. Унинг онаси бор, у онасининг хизматда яхшидир. Aгар у Aллоҳга қасам ичса, қасами қабул бўлади. Унинг баданида оқлик бор. Aгар уни кўрсангизлар, буюринглар сиз учун истиғфор айтсин”. Имом Муслим ривояти.
Жаннат башорати берилган саҳобаларидан ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Увайс ал-Қаранийни дуосини олишга интилдилар.
Иккинчи она Бухорода яшаб ўтган ҳадис илмининг султони имом Бухорий раҳматуллоҳу алайҳнинг оналаридир. Имом Бухорий раҳматуллоҳу алайҳ ёшликларида кўзлари ожиз бўлиб қолади. Шунда, Имом Бухорийнинг оналарининг тушларида Иброҳим алайҳиссалом кўринадилар. У киши айтадиларки “ Сизнинг қилган кўп дуоларингиз шарофатидан Aллоҳ сизнинг фарзандингизнинг кўзини қайтариб берди”. Эрталаб тонг қарасалар Имом Бухорий кўзлари очиқ, кўраётган эдилар.
Ота-оналаримизнинг дуосини олиб, уларга яхшилик қилиш ҳар бир фарзанднинг бурчидир.
Жобир домла Элов
Бухоро вилояти бош имом-хатиби,
Мир Араб олий мадрасаси ректори
«орқага