ГЎЗАЛ АХЛОҚ ИЛА ХУЛҚЛАНИНГ
17 феврал 2025 й.
966 марта ўқилди.
ГЎЗАЛ АХЛОҚ ИЛА ХУЛҚЛАНИНГ
Оила - жамиятнинг энг мустаҳкам таянчи. Лекин ҳамма оилалар хақида ҳам шу гапни айтиш мумкинми? У қачон шундай даражага кўтарилади? Ким уни ана шундай мақомга олиб чиқади? Қачонки оилаларда тарбия устувор вазифа деб қаралса. Бу борада, ҳеч шубҳасиз, ота-оналаримизнинг алоҳида ўрни бор. Таъбир жоиз бўлса, энг катта тарбиячи ота-оналаримиздир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тарбия хақида бир қанча ҳадислар ворид бўлган. Ким уларга эргашса, улкан ютуқларга эришади: “Менга ушбу нарсаларга кафолат беринг, мен сизларга жаннат кафолатини бераман. Сўзласангиз, рост сўзланг. Ваъда қилсангиз, вафо қилинг. Омонат топширилса, сақланг. Кўзларингизни тўсинг ва қўлларингизни тийинг” (Имом Аҳмад ривояти). Ушбу ҳадиси шариф ижтимоий ва маънавий тарбиянинг асосидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун ҳаётларини уммат тарбиясида ўтказганлар. Бир киши қалби қаттиқлигидан шикоят қилиб келганида, етимнинг бошини силашни буюрдилар. Насиҳат қилинг деб келган саҳобага: “Ғазаб қилма!” дедилар. Инсон агар эзгу ғоялар асосида тарбия топаётган бўлса, у ҳамиша зулматдан қочиб, ёруғликка интилади. Ҳар қандай давлатни, жамиятни ўзидан нур таратадиган, шунингдек ана шундай нурга, ёруғликка интиладиган шахслардан ташкил топган оилалар, шундай оилаларда камол топган инсонлар таянч устун бўлиб ушлаб туради. Халқ ва миллатнинг маънавияти, ахлоқи, эзгу анъаналари, қўйингки, унинг бор миллий бойлиги, бисоти ана шундай қалбларда макон топиб, тадқиқ этилиб, сайқалланиб, бойитилиб бошқа қалбларга, биздан кейинги авлодларга ўтади.
“Шайх Умар ибн Аҳмад Нажмиддин Ал-Қоқиштувоний”
жомеъ масжид имом-хатиби Тилавов Фарруҳ
жомеъ масжид имом-хатиби Тилавов Фарруҳ
«орқага