Исломда исм қўйишга эътибор!
22 феврал 2023 й.
390 марта ўқилди.
Исломда исм қўйишга эътибор!
Муқаддас динимизда оилада фарзанд олдидаги отанинг бурчларидан бири, фарзанд туғилганида унга чиройли ва маъноси ҳам гўзал бир исм қўймоқликдир.
Зеро, исм эгасининг хулқ–атворига, ҳатто тақдирига ҳам таъсир қилади. Қиёмат кунида ҳам инсонлар исми ва отасининг исми билан чақирилади .
Ўғил болаларга ва пайғамбарларнинг муборак исмларидан қўйиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг сифатларига “абд” (банда, қул) сўзини қўшган ҳолатда исмлар қўйиш ҳам тарғиб этилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам маъноси ёмон исмларни ўзгартирар эдилар.
Масалан, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг Осия (гуноҳкор) маъносини англатувчи қизларнинг исмини Жамила (чиройли, гўзал) ва Ос исмини Абдуллоҳ деб ўзгартирганлар.
Баъзи улуғлар киборларга хос исмлардан ор қилиб, ўз исмларининг фақир, яъни камтарин бўлишини исташган. Ҳазрат Алишер Навоий ҳам бу борада “Насойимул-муҳаббат” асарларида қуйидаги ҳикояни келтирганлар:
“Ҳазрат Ҳусрав Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳ дебдурки, бир кун менинг хотирамға келдики, Хусрав улуғлар отидур, неб ўлғай эди, агар менда фақр оти бўлса эрдики, ҳашр куни мени ул от бирла атасалар эрди ва бу хотирни ҳазрат шайх Низомуддин Авлиёга арз қилдим. Дедики, солиҳ вақтда сенинг учун от тилалгай ва мен бу интизорда бўлдум. Бир кун шайх дедики, бизга мундоқ макшуф бўлдики, қиёмат куни сени Муҳаммад Косалес дегайлар”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак исмларини фарзандларга қўйиш мумкин, ҳатто исмларини фарзандларига қўйиш фазилат ҳисобланади, аммо Абулқосим дея куниялари билан аташ жоиз эмас. Абу Исо деб исм қўйиш ҳам дуруст эмас, зеро, Исо (алайҳисаломнинг) оталари бўлмаган.
Фарзандга Пайғамбар ё фаришталар исмларидан қўйилса, унга дашном бериш, сўкиш, лаънатлаш ва масхара қилиш мумкин эмас. Мабодо ота-она бу фарзандни тарбиялаш учун койишдан бошқа чора тополмаса, у ҳолда боланинг исмини атамай, сен фалон деб айтсин .
Муҳаммад исмли болани эъзоз ва икром қилиш лозим. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади: “Қачонки, болага Муҳаммад деб исм қўйсангиз, албатта, унга икром кўрсатинглар, у ўтирган жойни кенг ва очиқ қилинглар. Уни аччиқ ва қаттиқлик билан боқманглар”.
Болага маъносиз ва халқ орасида хижолат қиладиган, ёки номиллий (баъзи хорижий сериаллар қаҳрамонлари ёки уларнинг ролини ўйнаган актиёрларнинг) исмларини, масалан: Қўчқор, Болта, Теша,Ўроқ, Чори, Панжи, Жумонг, Эсмиральдо, Ишани ва ҳоказо деб кўйиш дуруст эмас.
Фарзандга яхши исм қўйилганидан кейин, уни чала-ярим қилиб айтмай, тўлиқ ва гўзал талаффуз қилиш керак. Афсуски, халқимиз орасида исмини қисқартириб айтиш одатга айланиб қолган.
Бу ёмон одат ота-онадан бошланади. Масалан: Абдуллоҳни (маъноси –Аллоҳнинг бандаси ) Абдило ёки Абди деб чақириладики, бу исм эгасига ҳурматсизликдир. Қолаверса, чақирган кишининг ҳам фаросат, маданиятдан узоқлигига далолат қилади.
Шунингдек, ота-она, устоз ва катта ёшдаги кишиларнинг ўзларига исмлари билан мурожаат қилиш ҳамда эр-хотин бир-бирларининг исмларини айтиб чақиришлари беодоблик саналади.
Чала ё жонсиз туғилган ва ҳатто баъзи аъзоси шаклланмаган болага ҳам исм қўйилади. Агар бола тирик туғилиб, кейин вафот этса, унга ном қўйилиб, жаноза ўқилиб дафн этилади. Ва агар жонсиз туғилса, ном қўйилади, аммо жаноза ўқилмайди.
Агар фарзанд жонсиз туғилса ё тақдир тақозоси билан ёшлигида вафот этса, ота-она қаттиқ азият чекмасин. Аллоҳ таолодан савоб умидида сабр қилсинлар, зеро у қиёматда ота-онасининг гуноҳларини кечирилишини Аллоҳдан сўраб, жаннатга киришларига сабаб бўлади. Бу хусусида ҳадис шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам; "Ёшлигида вафот этган бола, қиёматда ота-онасининг этагидан ушлаб жаннат томонга олиб боради" деб марҳамат қилганлар. Аллоҳ барчамизни фарзандлармизни бу дунёда кӯзлармизни қувончи қилсин, охиратда жаннатда ота онасига иззат тожини кийдирадиган фарзандлардан қилсин.
Вобкент туман “Анжир Фағнавий” масжиди
имом-хатиби Ғолиб Очилов
«орқага