Китоб – инсон умр йулидаги чироғи!
15 апрел 2024 й.
1164 марта ўқилди.

Китоб – инсон умр йулидаги чироғи!
Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда
Ғамхўринг бўлгай у ғамгин замонда.
У билан қол танҳо ҳеч бермас озор,
Жонингга юз роҳат беради такрор.
Абдураҳмон Жомий
Ислом дини илму маърифатга тарғиб қилувчи диндир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га нозил қилинган дастлабки оятларда илм олишга ундаш маъноси борлигининг ўзи ҳам Ислом илму маърифат дини эканлигининг ёрқин далилидир: “Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган Зот бўлмиш Раббингиз исми билан!” (Алақ сураси, 1-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) шундай деганлар: “Сулаймон ибн Довуд (а.с.)га илм, мол-дунё ва подшоҳликдан бирортасини танлашлик ихтиёри берилганда, у Зот илмни танладилар. Натижада, Аллоҳ таоло у Зотга илм билан бирга мол-дунё ва подшоҳликни ҳам қўшиб берди”. Зеро, илм ақл чироғи, дейдилар. Илмли кишининг йўли доимо чароғон бўлиб, у ҳамма ерда ҳам қадрланади. Бу дунёнинг қоим туриши ҳам олимларнинг илмига боғлиқ эканлиги Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳадисларида баён этилган. Ҳазрати Али (к.в.) шундай деганлар: “Илм мол-дунёдан яхшидир, чунки илм сени ножоиз ишларни қилишдан сақлайди. Молни эса ўғирлаб кетмасликлари учун ўзинг қўриқлайсан. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса тарқатиш билан янада зиёда бўлаверади”.
Китоб — инсоннинт энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, мўътабар ҳисоблаган. Шунинг учун китобга муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинт қон-қонига сингиб кетган. Кишининг маданияти унинг китобида акс этади. Шу маънода бугунги кунда китоб ўқиш ва унга муносабат бир қадар сусайгандек. Ёшлар кўпроқ кино, видео, телевидение, компьютерга берилиб кетди. Компьютер ҳозирги кунда кўпгина хонадонларга ҳам кириб келган. Исталган янгилигу ахборотларни бу воситалардан хоҳлаганча олиш мумкин. Ачинарлиси, бугун китоб ўқиш учун вақт сарфлашга ҳожат йўқдек. Аслида, ҳеч бир ахборот воситаси, кино ёки видеофильм бадиий асар ўрнини босолмайди. Масалан, “Ўттан кунлар” романи асосида ишланган фильм қанчалик маҳорат билан суратга олинган бўлмасин, китобнинг таъсирини, жозибасини беролмайди. Китобхонлик оиладаги муҳитга ҳам боғлиқ.
Маърифатли оилаларда китобга эътибор фарзандлар тарбиясида қўл келади. Инсон ўзининг фикрлаш қобилияти, маънавият дунёси билан тирик. Одамни бошқа мавжудотлардан ажратиб турувчи омиллардан бири ҳам унинг маънавияти ҳисобланади.
Барча улуғ зиёли инсонлар ўз навбатида илмга эга бўлиб уни тарқатиб улуғ мартабаларга эришдилар. Жумладан Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Фаробий, Алиқушчи, Абу Али Ибн Сино, Аҳмад ал-Фарғоний ва Имом Мотурудийдек калом илми олимлари дарғалари етишиб чиқди. Ҳали ҳануз уларнинг ёзган асарлари дунё тамаддунида ўз ўрнини йўқотмаган. 
Келажак авлоднинг илму марифатли бўлмоғи, камолоти, фойдали китоблар, аждодларимизнинг қолдирган бебаҳо асарларини ўқиб, ўрганиш ҳаётимизга татбиқ этиш билан бўлади. Келинг қадирли ўқувчи, барчамиз китоб ўқишда, илм сирларини эгаллашда мусобақалашайлик, ўрнак бўлайлик. Яратган насиб этган оз фурсатли умрни ғанимат билиб, дунёю охиратимиз учун фойдали захира тўпламоқликка Ўзи мадад берсин.  
Кароматов Салоҳиддин,
“Тагбандбофон” масжиди имом-хатиби 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:15
Куёш: 06:51
Пешин: 13:10
Аср: 16:35
Шом: 18:20
Хуфтон: 20:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram