МЕРОСНИНГ АФЗАЛИ ҲУСНИ ХУЛҚДИР
06 июл 2020 й.
1303 марта ўқилди.

 

 МЕРОСНИНГ АФЗАЛИ ҲУСНИ ХУЛҚДИР

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Илк тарбияни болалар оиласида олади. Инсонлар дунёга гуноҳсиз келадилар. Гўдакнинг пок фитратини булғамасдан исломий хулқ-атвор асосида тарбиялаш, аввало, ота-оналарнинг вазифасидир. Фарзанд ота ва онага Aллоҳнинг омонати. Яхшилик, ҳусну одоб, илму маърифат ўргатилса, дунёю охиратда бахтли ҳаёт кечиради. Aгар фарзанд эътиборсиз қолдирилса, икки дунё саодатига ҳам эришолмайди. Ота-оналарга фарзандларини дунё ва охират хавфларидан ҳимоя қилиш Aллоҳ Таолонинг амридир. Ота-оналар ўз фарзандларининг баркамол бўлиб, жамият ва мамлакат учун фойдали одамлар бўлиб етишишлари учун ҳаракат қилишлари керак. Aллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади: "Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни оилангиз аъзоларини ёқиб юборадиган одамлар ва тошлар бўлган жаҳаннамдан сақланинг..." (Таҳрим сураси, 6-оят).
Фарзандни тарбиялашнинг аҳамияти тўғрисида бир қатор ҳадислар мавжуд: "Ҳеч бир ота боласига гўзал одобдан аълороқ, афзалроқ мерос бера олмайди. Фарзандларингизга ва оила аъзоларингизга яхшиликни ўргатинг, уларни одобли қилиб ўстиринг". (Имом Термизий ривояти).
“Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар” (Имом Муслим ривояти).
Оилавий ҳаётга эр-хотин масъул саналади. Улар бир-бирини севса, қадрласа, муаммолар ечимида ҳамкор бўлсалар, бахтиёр оила бўлиш қийин эмас. Уларнинг бу ҳолати болалар тарбиясига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Оила аъзоларининг бир-бирига қўпол ва меҳрсиз муносабатлари оилани инқирозга бошлайди. Ота-онанинг овозидаги юмшоқлик, муносабатларидаги самимийлик, фаолиятларидаги фидойилик болада севинч ва бахтиёрлик ҳисларини пайдо қилади. Ота-оналарнинг хатти-ҳаракатлари болаларга умр бўйи ўз таъсирини ўтказиб туради. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, қиз болаларга яхши тарбия берилган тақдирдагина келажак авлодлардан яхшиликлар кутиш мумкин. Зеро, улар келгуси авлоднинг бўлажак оналаридир.
Ҳасандан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтирган эди. Унинг бир ўғли келди ва у уни ўнг сонига ўтирғизди. Кейин бошқа ўғли ёки қизи келди, уни ерга ўтирғизди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икковига тенг муомала қилганингда эди», дедилар. У унисини ҳам сонига ўтирғизди». (Ҳусайн Марвазий ривояти). Болаларнинг муомаласидаги адолат қанчалик бўлиши кераклиги ушбу ривоятда очиқ кўриниб турибди. Болаларидан бирини қучоғига олиб, бошқасини ерга ўтирғизиш адолат бузилганининг аломати эканидан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам отага насиҳат қилдилар. Саҳобий розияллоҳу анҳу дарҳол ана шу амрни бажо келтириб, иккинчи болани ҳам қучоғига олди. Ушбу ҳақиқатларни ҳам жуда яхши англаб олишимиз керак. Болаларимизга қиладиган катта-кичик муомалаларимизда адолатли бўлишимиз, ҳаттоки уларни ўпиш ёки қучоғимизга олишда ҳам бу ҳақиқатни унутмаслигимиз лозим. Болалардан баъзиларини бошқаларидан устун кўриш болалар орасида кизғанчиклик ва ғанимликка сабаб бўлади. 
Аллоҳ фарзандларимизни Ислом таълимотига мувофиқ тарбия этмоқликка муваффақ айласин! 

Бухоро вилоят Шофиркон туман отинойиси
Йўлдошова Ойнисо
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:14
Пешин: 13:10
Аср: 18:35
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:50
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram