Мусулмон мусулмонга озор бермайди, уни ҳақоратламайди.
31 октябр 2019 й.
1646 марта ўқилди.
Мусулмон мусулмонни озор бермайди,
уни ҳақоратламайди.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Мўмин ва мўминаларга улар бирон гуноҳ қилмасликларидан туриб озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар» (Аҳзоб сураси, 58).
Яъни, иймон аҳлига ҳеч бир гуноҳ-жиноят қилмасалар-да озор берадиган кимсалар ўз устларига ёлғон, бўҳтон ва улкан гуноҳни юклаб олган бўладилар.
«Эй иймон келтирганлар, (сизлардан бўлган) бир қавм, бошқа бир (мўмин) қавмдан масхара қилиб кулмасин, эҳтимол (ўша масхара қилинган қавм) улардан яхшироқ бўлсалар. Яна (сизлардан бўлган) аёллар ҳам (бошқа мўмина) аёллар устидан масхара қилиб(кулмасинлар) – эҳтимолки, (ўша масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлсалар. Ўзларингизни (яъни, бир-бирларингизни) мазах қилманглар ва бир-бирларингизга лақаблар қўйиб олманглар. Иймондан кейин фосиқлик билан номланиш(яъни, мўмин кишининг юқорида ман қилинган фосиқона ишлар билан ном чиқариши) нақадар ёмондир. Ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар золим кимсалардир». (Ҳужурот сураси,11).
Яъни, кимки масхаралаб кулиш, мазах қилиш ва лақаб қўйишдан тавба қилмас экан, ана ўша кимсалар ўзларини азобга гирифтор қилганлари сабабли ҳақиқий золимлардир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат кунида Аллоҳ наздида энг ёмон даражали кимса – беодоблиги-уятсизлигидан сақланиш мақсадида одамлар тарк қилган ёки одамлар ўз ҳолига ташлаб қўйган кишидир» (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмонга мусулмоннинг номуси, моли ва қони ҳаромдир. Тақво шудир. Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир» (Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни таҳқирламайди, ёрдамсиз ташлаб қўймайди». Сўнг: «Тақво мана бу ердадир», дея кўксларига уч марта ишора қилдилар ва: «Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир», дедилар (Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмонни сўкиш фосиқлик, ўлдириш эса куфрдир» (Муттафақун алайҳ).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Фалончи аёл кечалари намоз ўқиб, кундузлари рўза тутади. Бироқ тили ёмон, қўшниларига беҳаёлик билан озор беради», дейишган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унда яхшилик йўқ, у дўзахда», дедилар (Ҳоким ривояти, саҳиҳ ҳадис).
Бошқа бир саҳиҳ ҳадисда: «Маййитларингизнинг яхшиликларини зикр қилинглар, ёмонликларидан тилингизни тийинглар», дейилган (Ҳоким ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимда-ким бир кишини «кофир» ёки «Аллоҳнинг душмани» деса ва у бундай бўлмаса, айтгани ўзига қайтиб тушади» (Муттафақун алайҳ).
Анас розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мени юқорига олиб чиқишгач, бир қавм ёнидан ўтдим. Уларнинг тирноқлари мисдан бўлиб, ўз юзлари ва кўкракларини тимдалар эдилар. «Эй Жаброил, улар ким?» деб сўраган эдим, «Улар одамларнинг гўштларини ейдиган ва номусларига тажовуз қиладиган кимсалардир», дея жавоб берди» (Абу Довуд ривояти).
Когон шаҳар “Шом” жомеъ масжиди
имом хатиби Д.Болтаев
«орқага