Муташобиҳ оятлар нима сабабдан нозил қилинган
07 феврал 2023 й.
654 марта ўқилди.

 Муташобиҳ оятлар нима сабабдан нозил қилинган

Аллоҳ таоло Қуръони каримда оятларни икки хил ҳолатда нозил қилди. Булар муҳкам ва муташобиҳ оятлардир. Бу ҳақида Оли Имрон сурасининг 7- оятида
"هُوَ الَّذِي أَنزَلَ عَلَيْكَ الْكِتَابَ مِنْهُ آيَاتٌ مُّحْكَمَاتٌ هُنَّ أُمُّ الْكِتَابِ وَأُخَرُ مُتَشَابِهَاتٌ..."
"У сенга китобни туширган зотдир. Унда муҳкам оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ (оят)лар ҳам бор".
Муҳкам луғатда «очиқ-ойдин», «аниқ-равшан» маъноларини англатади.
Муҳкамнинг истилоҳий маъноси тўғрисида кўплаб таърифлар берилган бўлиб, уларнинг энг мўътабар ва машҳурларидан бири, ирода қилинган маъноси қатъий равишда очиқ-ойдин бўлиб, фақат битта маънонинг эҳтимоли бўлган оятлар муҳкам дейилади.
Бундай оятлар асосан маъноси очиқ-ойдин бўлган ҳукм оятларидир. Аллоҳ таоло Нисо сураси 103-оятида шундай нозил қилади. “Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир." Ушбу оят маъноси битта бўлган муҳкам оятлар сирасига киради.
Муҳкам оятларнинг маъноларини инсон ўзи хоҳлаган маънога ўзгартириб таъвил қила олмайди. Чунки маъноси ҳам лафзи ҳам ҳукми ҳам очиқ-ойдиндир.
«Муташобиҳ» луғатда «ўхшаш», «ноаниқ» ва «қоронғу» каби маъноларни англатади. Муташобиҳнинг истилоҳий маъноси, бир-бирига зид икки хил маънонинг эҳтимоли бўлгани учун сўзловчининг ирода қилган нарсаси эшитувчига ноаниқ бўлиб қолган сўзлар муташобиҳ дейилади.
Аллоҳ таолонинг зотига нисбатан муташобиҳ оятлар ворид бўлган. Бу оятларга сиртдан қараганда Аллоҳ таоло Ўзи яратган бандаларига айрим амал ва сифатларда ўхшашлиги келиб чиқади. Масалан, Фатҳ сурасининг 10- оятида “Аллоҳнинг қўли уларнинг қўли устидадир“. Бу оятдан  илми бўлмаган киши бир қарашда қўл ва макон нисбати маъносини тушунади.
Биз Аллоҳ таолонинг зотида, сифатларида ва феълларида махлуқотларга ўхшашдан поклигини билиб, эътиқод қилмоғимиз лозим.
Аллоҳ таоло шу қадар мукаммал зотки бир оят нозил қилдими ўша оят ҳақида тингловчида ҳеч қандай савол қолдирмайдиган даражада аниқ-равшан ва мукаммал қилиб нозил қилади.
Инсонда савол бўлиши мумкин “Аллоҳ таоло нима сабабдан бандаларини чалғитадиган, адаштирадиган оятни нозил қилди?" - деб. Бунинг жавоби аниқ! Жавобни ҳам бенуқсон Зотнинг Ўзи Оли Имрон сураси 7-оятининг давомида қуйидагича баён қилади.
"... فَأَمَّا الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ زَيْغٌ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَابَهَ مِنْهُ ابْتِغَاءَ الْفِتْنَةِ وَابْتِغَاءَ تَأْوِيله"
"...Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашади. Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас".
Оятнинг маъноси тушунарли Аллоҳ таоло қалбида шубҳаси, ғарази борларнинг иймонини синаш ва сафларини тайинлашини маълум қилган. Фитначи қанча уринмасин бу каби оятларнинг маъносидан асло хабардор бўла олмайди.
Оятнинг охирида асл иймон эгаларини васфлаб
 "... وَالرَّاسِخُونَ فِي الْعِلْمِ يَقُولُونَ آمَنَّا بِهِ كُلٌّ مِّنْ عِندِ رَبِّنَا ۗ وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّا أُولُو الْأَلْبَابِ."
"Илмда собит бўлганлар эса, унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир, дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эслайдилар", - деб очиқ-ойдин таърифлаган. Аллоҳ таоло барчамизни илмда собит бўлганлардан ва иймонида ҳеч қандай шубҳа бўлмаган инсонлардан қилсин.
"Ҳазрати Бобо" жомеъ масжид имом-хатиби Суннатуллоҳ Фахриев
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:15
Пешин: 13:10
Аср: 18:35
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:50
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram