ОТА-ОНАНГ ЖАННАТИНГ ЁКИ ...
09 феврал 2022 й.
766 марта ўқилди.

 ОТА-ОНАНГ ЖАННАТИНГ ЁКИ ...

Ота-она бўлиш Аллоҳ таолонинг бандаларига олий инъомларидандир. Инсонфарзандли бўлганидан сўнг қалби шафқат, меҳр-муҳаббат каби фазилатлар билан безалади. Фарзандининг камоли, у яхши яшаши, қийинчилик кўрмай ўсиши учун қўлидан келган барча ишни қилади, ҳатто ўз роҳат, фароғатидан ҳам кечади... Бироқ афсуслар бўлсинки, ота-онасининг юзини ерга қаратиб, уларнинг дилларига озор етказадиган фарзандлар ҳам орамизда учраб турибди. Улар бу ишлари билан ҳам дунёда, ҳам охиратда бадбахт бўлишларини ўйламайдилар.   
Аллоҳ таоло фарзандга ота-онага яхшилик қилиш, уларни хурматлаш ва эъзозлашни буюради: «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга рахим қилгин!”» (Исро, 23-24).   
Ота-онага итоатсизлик, уларга қаттиқ сўз айтиш, ранжитиб оқ бўлиш фарзандни заволга етаклайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дунёдаги энг катта гуноҳ Аллоҳга ширк келтиришдан кейин, ота-онага оқ бўлишни айтганлар. Абдураҳмон ибн Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уч марта: “Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг улканини хабарини берайми?”-дедилар. “Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!”-дейишди. “Аллохга ширк келтириш. Ота-онага оқ бўлиш”- дедилар ва ёнбошлаб ётган эдилар, қадларини ростлаб ўтириб: “Ёлғон сўздан огоҳ бўлинг!”-дедилар. Ана шу гапни қайта-қайта такрорладилар, (қўрқиб кетганимдан) “сукут сақласайдилар”,-дедим».  Халқимизда: «Ота-онанг жаннатинг ёки жаҳаннаминг!» деган гап бор. Яъни, ё уларнинг розилигини олиб, раҳматга эришасан ёки норози қилиб, Аллохнинг қаҳрига учрайсан. Шундай экан, меҳримизни, мол-дунёмизни ўткинчи истакларга эмас, ота-она ризосини қозониб, боқий ҳаёт захирасини йиғишга сарф этайлик. Кексайиб, ожизлашган меҳрибонларимизнинг қадрига етайлик, улар ғанимат эканини асло унутиб қўймайлик.

Бухоро туман “Имом Бухорий” жомеъ масжид
имом-хатиби Абдураҳмон домла  Бақоев

 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:40
Куёш: 05:25
Пешин: 13:10
Аср: 18:15
Шом: 19:55
Хуфтон: 21:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram