ТИНЧЛИК БОР ЖОЙДА БАРАКА БОР
10 март 2026 й.
147 марта ўқилди.
ТИНЧЛИК БОР ЖОЙДА БАРАКА БОР
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Бугунги кунда жамиятимизда алдов, ўзгаларнинг молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштириш, фирибгарлик, зўравонлик, ҳатто ўз жонига қасд қилиш каби жиноятлар ҳамда лоқайдлик сингари салбий иллатлар баъзан учраб турмоқда. Аждодлари дину диёнат, ахлоқу одоб, ор-номус, ҳалолу покликни ўзининг ғурури деб билган ўзбек халқининг авлодлари орасида бундай жиноятларга қўл ураётганларнинг учраётгани, албатта, ачинарли ҳолдир. Зеро, бундай иллатларга эргашишни аждодларимиз ўзларига ор деб билишган.
Динимизда инсоннинг жонига, молига ва шаънига ноҳақ тажовуз қилиш оғир гуноҳ саналади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
«Ким биродарининг обрўсига ёки бирор нарсасига зулм қилган бўлса, динор ва дирҳам фойда бермайдиган кун — Қиёмат келишидан олдин унинг ҳаққини ҳалоллаб олсин. У кунда агар яхши амали бўлса, етказган зулми миқдорича савоби олинади. Агар савоби бўлмаса, биродарининг гуноҳидан олиб унинг бўйнига юкланади»
(Имом Бухорий ривояти).
Шунингдек, ўзгаларнинг молига ёки жонига тажовуз қилиш, моддий ёки маънавий бўлишидан қатъи назар, бирор инсонга зарар етказиш, унинг тинчлиги ва омонлигига хавф солиш — бошқаларга нисбатан хиёнат ҳисобланади.
Абу Саъид разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим:
«Қайси бирингиз мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин. Агар бунга қурби етмаса, тили билан қайтарсин. Агар бунга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан ёмон кўрсин. Бу эса имоннинг энг заифидир»
(Имом Муслим ривояти).
Демак, шу юртда истиқомат қилаётган ҳар бир инсон тинчлик ва осойишталик учун масъулдир. Бепарволик ҳеч бир мусулмонга ярашмайди. Агар барчамиз бирдам ва ҳамжиҳат бўлсак, жамиятимизда тинчлик, тотувлик ва барaka янада мустаҳкамланади.
Бухоро шаҳар“Хўжа Абдуллоҳ Сафедмуй”
жоме масжиди имом-хатиби Равшан домла Камолов
жоме масжиди имом-хатиби Равшан домла Камолов
«орқага















