Ёшларда Ватанга муҳаббатни шакллантирайлик
15 январ 2026 й.
106 марта ўқилди.
Ёшларда Ватанга муҳаббатни шакллантирайлик
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар бўлсин.
Ватан — инсон учун остонадан, яъни унинг киндик қони тўкилган муқаддас тупроқдан бошланади. “Ватан” атамаси арабча сўз бўлиб, “она юрт” деган маънони англатади. Ватанга муҳаббат эса энг улуғ ва юксак инсоний фазилатлардан бири ҳисобланади. Бу ҳақда халқ орасида машҳур бўлган “Ватанни севмоқ — иймондандир” деган ҳикматни эсга олиш жоиз.
Инсон улғайиб, вояга етган заминини севиши, унинг тупроғини муқаддас деб билиши, умри давомида Ватанга фарзандлик садоқати билан хизмат қилиб яшаши ҳам фарздир, ҳам қарздир. Ислом оламида ном қозонган буюк аждодларимиз — Имом Бухорий, Имом Термизий, Насафий, Шоший каби алломаларнинг ўз тахаллусларини киндик қони тўкилган юрт номи билан боғлаганлари ҳам Ватанга бўлган чуқур муҳаббат ва ифтихорнинг ёрқин ифодасидир.
Ватан инсон учун муқаддас ва ҳеч бир нарса билан алмаштириб бўлмайдиган улуғ туйғудир. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир. Ватан ҳимояси йўлида бедор туриб, посбонлик қилган инсон ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
«Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмайди: бири — Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз, иккинчиси — Аллоҳ йўлида посбонлик қилиб, ухламаган кўз»
(Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят).
Демак, Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб бўлса, унга хиёнат қилиш, унинг тинчлиги ва осойишталигига раҳна солиш шунчалик оғир гуноҳ ва кечирилмас жиноятдир. Ватанга хиёнат инсонликка ҳам, иймонга ҳам тўғри келмайди. Зеро, инсон ўз юрти равнақи учун фидойилик кўрсатиши, бу йўлда зарурат бўлса, жонини ҳам аямаслиги лозим.
Бугун биз, Ўзбекистон ёшлари, тинч ва фаровон юртда ҳаёт кечираётган эканмиз, ушбу неъматнинг қадрига етишимиз, берилган имкониятлардан оқилона ва самарали фойдаланишимиз шарт. Дунёда қанчадан-қанча халқлар нотинчлик сабаб ўз Ватанини ташлаб, ўзга юртларда сарсон бўлиб юрибди. Биз эса ўз уйимизда тинч-осуда ҳаёт кечирмоқдамиз.
Аллоҳ таоло бизларни бундай буюк неъматларга лойиқ кўрган экан, унинг шукрини адо этиш, Ватан тинчлиги ва барқарорлиги йўлида доимо ҳушёр, фаол ва масъулиятли бўлиш — нафақат ўз олдимизда, балки келажак авлод олдидаги муқаддас бурчимиздир.
Маҳмуд Мамадиев, Бухоро вилояти Ғиждувон тумани
“Фришкент” жоме масжиди имом-хатиби
«орқага















