Ҳазил-мутойиба одоби
02 июл 2020 й.
1169 марта ўқилди.
Ҳазил-мутойиба одоби
Инсонлар ҳаётлари давомида руҳиятларини ҳазил-мутойиба ва ширин сўзлар, қизиқарли ҳикматлар билан бойитиб борсалар, умрлари завқли, файзли бўлади. Бу сўзлар ва ҳолатлар меъёрида бўлиб, ҳаддан ошмаса, албатта кишилар қалбига манзур бўлиб, қувонч бахшида этади. Муқаддас динимиз мусулмон кишини очиқ юз, табассумли ва яхши дўст бўлишга буюради. Атрофдагилар бундай кишининг суҳбатидан мароқ олиб, рағбат ва меҳрлари зиёда бўлади. Натижада кишилар ўртасидаги ўзаро ҳурмату эҳтиром ва муҳаббат зиёдалиги муҳим омил бўлиб, жамият янада мустаҳкамланади, жипслашади, бошланган ишлар самараси ортаверади.
Бироқ ҳар бир ишнинг қонун-қоидаси бўлганидек, бу одоб турининг ҳам ўзига яраша меъёрий жиҳатлари бор. Акс ҳолда, яъни ҳазил-мутойиба қилиш ҳаддан зиёда бўлса, мазахга айланиши ёки шундай тушунилиши мумкин. Мазах қилиш эса инсон қалбини яраловчи қалтис қуролдир. Шу боис ҳазил-мутойиба қилишнинг қои¬далари билан танишайлик.
Ҳазил-мутойибада меъёрдан ошмаслик
Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен ўйин ва эрмак аҳлидан эмасман”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Мазах қилиш, ортиқча ҳазил мусулмонни Аллоҳ таолога ибодат қилиш, буюрган эзгу ва хайрли ишлар, яъни инсонлар ҳамда жамиятга манфаатли амаллар билан кўпроқ, бардавом машғул бўлиш, бошқаларни тарғиб этиш каби асосий амаллардан чалғитади.
Бу борада ҳам саҳобалар Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) тарбия олганлар. Улар ўзаро ҳазил-мутойиба қилишарди. Агар ул зот жиддийлашсалар, салобатли бўлардилар.
Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” асарида ривоят қилади: “Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва сал¬лам) асҳоблари бир-бирларига (енгил нарса) отардилар, айрим пайтларда улар жиддий қиёфага кирардилар. Кўп мазах қилиш қалбни ўлдиради, адоватни мерос қилади ҳамда кичикларни катталарга нисбатан ҳурматсизликка ундайди”.
Умар (розияллоҳу анҳу): “Ким кўп кулса, ҳайбати камаяди ва ким кўп ҳазил қилса, уни беписанд қилади”, деди.
Ҳазил-мутойибада озор бермаслик
Бошқаларни хафа қилмаслик шарти билан аҳлига, қариндошларига, дўстлари ва ака-укаларига ҳазил-мутоиба қилиш мубоҳдир.
Навбатдаги ҳадисларда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳобларини ёмонлик аломати мавжуд бўлган ҳазилдан қайтарганларини баён қиламиз. Абдуллоҳ ибн Соиб ривоят қилади: “Биродарингиз нарсасини ҳазиллашиб ҳам, жиддий ҳам олманг, ким биродарининг ҳассасини олса, бас, уни қайтарсин”, дедилар (Абу Довуд ривояти).
Абдураҳмон ибн Абу Лайло ривоят қилади: “Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалари у киши билан сайрга чиқди. Йўлда улардан бири ухлади. Шунда уларнинг баъзиси унинг ёнидаги арқонни олишди. У уйғониб, арқонини йўқотганидан қўрқди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон мусулмонни қўрқитиши ҳалол эмас”, дедилар” (Абу Довуд ривояти).
Хандақ ғазоти куни Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу) одамлар билан бирга тупроқ ташиди. Бир маҳал у чарчаб ухлаб қолди. Шунда Аммора ибн Робеъ (розияллоҳу анҳу) ҳазил қилиб унга сездирмай аслаҳасини олиб қўйди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ишдан қайтардилар.
Ибн Ҳиббон Омир ибн Робеъадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир киши кимнингдир оёқ кийимини ҳазиллашиб яшириб қўйди. Буни Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларида, Ул зот: “Мусулмонни қўрқитманглар, чунки уни қўрқитиш катта зулмдир”, дедилар” (Имом Табароний ривояти).
Ҳазил баҳона бировнинг устидан кулиш, ғийбат қилиш, таҳқирлаш ва динимиз арконлари хусусида мазах қилиш, ҳурматсизлик қилиш гуноҳдир.
Ҳазил-мутойибада ёлғондан сақланиш
Ёлғоннинг тури кўп, барчасидан сақланиш керак. Кишилар даврасида бўлганларнинг баъзилари кулгили қиссаларни, ҳикояларни сўзлаётганида эшитаётганларни кулдириш, уларга хурсандчилик улашиш мақсадида ёлғон тўқийдилар. Шубҳасиз, шу тариқа баён этилган қисса ва ҳикоялар ёлғон, динимиз булардан қайтарган ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қаттиқ қоралаган амаллардандир.
Буҳз ибн Ҳаким (розияллоҳу анҳу) ривоят қи¬ла¬ди, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонларни кулдириш учун ёлғон сўзларни айтувчига вайл бўлсин, вайл бўлсин, вайл бўлсин”, дедилар (Абу Довуд, Термизий, Насоий, Байҳақий ривояти).
Навос ибн Самъон (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенга ишонган биродарингга ёлғон гап гапиришинг катта хиёнатдир”, дедилар» (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Шу ўринда ёлғоннинг кўпайиб, тарқалишига сабаб бўлаётган баъзи жиҳатлар ва сабаблар ҳақида мушоҳада қилиб ўтамиз. Одамлар орасида “1 апрел ёлғони” (алдаш куни) номи билан кенг тарқалган ёмон одат бор. Бу ғарб “маданият”идан кириб келган. Асрлардан буён динимиз ва халқимиз қадриятлари чамбарчас боғланиб, “ёлғончи” деган номни ўзларига ор билган, бу иллатга яқин йўламаган аждодларимизнинг бугунги айрим авлодлари ўз ота-боболарининг ғурурли, номусли, иффатли урф-одатлари қолиб, кимнингдир бетайин одатларини ўзлаштириб олмоқдалар. Бунинг натижасида баъзи ёш¬ларимиз “ёлғон гапирса бўлар экан” деган тарбияни олиб, ўз ота-оналарига, устозларига ҳам ёлғончилик қилаётганларининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Алдов билан бировларнинг пулларини олиб мақтаниб кетаётганлар, ёлғон гаплари билан оилаларни бузаётганлар, ёлғончи туҳматчилар, ёлғон сўзлаб гувоҳлик берувчилар қаер¬дан келмоқда? Улар ўзга юрт вакиллари эмас, ўз фарзандларимиз, ака-ука, опа-сингилларимиздир.
Бир киши бешинчи синфда ўқийдиган ўғли ҳақида гапириб беряпти: “Бир куни ўғлимдан:
– Ўғлим, ўқитувчинг ота-оналар мажлисига тез-тез чақириб турарди. Кейинги вақтларда чақирмай қўйди, – деб сўрасам, ўғлим:
– Дадажон, энди устозимиз чақирмайди, – деди.
– Нимага чақирмайди устозинг, нима, биздан хафа бўлдими?
– Хафамас. Яқинда ота-оналар йиғилиши бўлди. Сиз “Менинг вақтим йўқ”, ойим эса: “Дугоналарим билан гапим бор, боролмайман”, дедилар. Яхшиям бормабсизлар, ўша куни устозимиз ўртоғим Ботирни дадасига: “Ўғлингиз яхши ўқимайди”, дебди. Ботирни дадаси ро-са уришибди. Энди ҳар куни уйидан кўчага чиқмасдан, дарс қилаётган эмиш. Кейинги кун устозимиз: “Шокир, ота-онанг нимага келмади?” деб сўрадилар. Мен: “Устоз, дадам узоқ сафарга кетганлар, ҳали-бери келмайдилар. Ойимнинг мазалари йўқ, келолмайдилар”, деб жавоб бердим.
– Яхши қилибсан, ўғлим, энди бошқа безовта қилмайди, ўзи шундоғам ишларим кўп, – дедим.
Бу ота ўғлининг “гапдон”лигию, “уддабурон”лигидан хурсанд бўлиб сўзламоқда. Демак, болани ёлғон гапиргани учун рағбатлантирмоқда. Шу тахлит тарбия олиб, балоғат ёшига етган фарзандга ёлғоннинг салбий оқибатларини уқтириб кўрингчи, қанчалик уддалар экансиз бу ишни? Беҳуда уриниб, вақтингиз бекорга кетишидан бошқа нарсага кафолат йўқ. Чунки у болалигидан катта бўлгунга қадар ёлғон кирдикорларининг “маза”сини тотиб, “самара”сини кўрган ва ундан завқ олиб улгурган. Энди у бу йўлда “етуклик”ка интилади, ёлғонни яшириш учун ҳеч бир жиноятдан, зулм ва ёмонликдан қайтмайди. Агар боши бир тошга урилиб ёрилгач, тўғри йўлни ихтиёр қилмаса! Кўриб турибсиз, майда-чуйдадек туюлган ёлғонларга эътиборсизлик туфайли, келажакда яхши инсон бўлиб етишиши лозим бўлган фарзанд ёмон йўлни одат қилмоқда.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қиёматга қадар келадиган барча умматларига энг яхши мураббий ва муаллимдир. Фахри Коинот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ёлғончилар менинг умматим эмас”, дея ўзлари ва аҳли Ислом билан бундай кимсалар ўртасига парда қўйганлар. У зот ўз ўрнида, тўғри маънода, яъни ёлғон аралаштирмасдан ҳазил қилганлар. Ёлғондан мутлақо узоқ бўлганлар ва бошқаларни ҳам ростгўйликка чақирганлар.
Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом) ҳазил-мутойибаларидан намуналар
Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Зоҳир исмли саҳролик киши бор эди. У саҳродан ҳадялар олиб келиб, Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) берарди. У бўйи паст одам эди. Бир куни у мато сотиб турганида Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёнига келдилар. Билдирмасдан Зоҳирни орқасидан маҳкам қучоқладилар. Зоҳир: “Ким, мени қўйиб юбор”, деди. Қайрилиб қараса, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) турибдилар. Сўнг Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўксиларига тегиб турган орқа елкаларини ажратмай турди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Бу қулни ким сотиб олади?” дедилар.
– Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасам, менинг бозорим чаққон эмас, – деди Зоҳир.
– Лекин Аллоҳнинг ҳузурида бозоринг чаққон, Аллоҳнинг ҳузурида сен қимматсан, – дедилар у зот. (Имом Термизий ривояти).
Авф ибн Молик Ашжаъий ривоят қилади: “Табук” ғазотида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келдим. Ул зот теридан ясалган кичкина чодирда эдилар. У зотга салом бердим. Набий (алайҳиссалом) алик олдилар ва “Киргин” дедилар. Мен: “Ҳамма танам кирсинми?” дедим. У зот: “Ҳамманг”, дедилар (Абу Довуд ривояти).
Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир киши келиб, Пайғамбардан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) улов сўради. У зот: “Мен сенга туянинг боласини бераман”, дедилар.
– Ё Аллоҳнинг расули, туянинг боласини нима қиламан?
– Туя туядан туғиладими? – дедилар (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти).
Ибн Бикор Зайд ибн Асламдан ривоят қилади. Умму Айман деган аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб:
– Менинг эрим сизни чақиряпти, – деди.
– У ким? Икки кўзи оқ кишими?
– Йўқ.
– Ҳа, унинг икки кўзи оқ.
– Йўқ, Аллоҳга қасам ичаман.
– Ҳар кишининг икки кўзи оқ бўлади.
Жаноб Пайғамбар (алайҳиссалом) бу ўринда кўз қорачиғи атрофидаги оқликни мақсад қилган эдилар.
Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоят қилади: «Бир кампир Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Ё Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени жаннатга киргизсин”, деди. Шунда: “Эй фалончининг онаси, жаннатга кампирлар кирмайди”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Унга айтинглар, у кампир ҳолатда жаннатга кирмайди”, деб айтдилар» (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло бундай дейди: «Биз уларни (ҳур қизларни) дафъатан пайдо қилдик (онадан туғилмадилар). Кейин уларни бокира қизлар қилдик. (Улар) жозибали ва тенгқурдир-лар» (Воқеа сураси, 35–37 оятлар).
Юқоридаги воқеада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёллар жаннатга қиз ҳолатида киради деган маънони мақсад қилиб ҳазиллашдилар.
Беназир салоҳиятли мураббийларимиз тарбия жараёнида Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) самимий одоблар билангина ҳазил қилганликларини тушунтириб ва уқтириб борсалар, фарзандларимиз бундан ибрат олишади ва ҳаётлари давомида кишилар билан ўзаро яхши муомалада бўлишади.
Усмонхон АЛИМОВнинг
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан
ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
«орқага