Яхшидан қолур боқий ном
03 октябр 2026 й.
166 марта ўқилди.

Яхшидан қолур боқий ном
(Беназир, саховатпеша инсон хотирасига)
Инсон умри фақат йиллар билан эмас, балки ортидан қолдирган хайрли амаллари, элга қилган хизмати ва эл қалбида қолган эзгу хотираси билан ўлчанади. Ана шундай ибратли ва маъноли умр кечирган, саховати-ю камтарлиги билан кўнгиллардан жой олган фидойи юртдошларимиздан бири Саидов Чориқул ҳожи эдилар.
Саидов Чориқул ҳожи 1941 йилда Ромитан туманининг Арабхона қишлоғида таваллуд топдилар. Расмий диний таълим муассасасида ўқиш имконияти бўлмаган бўлса-да, дин илми соҳасида ўз даврининг етук уламоларидан пухта сабоқ олиб, комил устозлик мақомига етдилар. Кўплаб шогирдларга таълим-тарбия бериб, уларни Бухородаги нуфузли мадрасаларда таҳсил олишга тайёрладилар. Ўз хонадонларида барпо этган мўъжаз ва бой кутубхона эса илмга чанқоқ ёшлар учун маърифат чашмаси бўлиб хизмат қилди.
Чориқул ҳожининг шахсий ташаббуси, қатъияти ҳамда халқнинг фаол кўмаги билан Қалайчорбоғ қишлоғида янги масжид бунёд этилди. 1989 йилда маҳалла аҳли ҳамжиҳатлигида, умумхалқ ҳашари йўли билан 100 намозхонга мўлжалланган ушбу муқаддас маскан қурилиши бошланиб, муваффақиятли битказилди. 1993 йилда эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан расмий рўйхатдан ўтказилиб, унга «Эшони пир» жоме масжиди мақоми берилди ҳамда Саидов Чориқул ҳожи мазкур масжидга илк имом-хатиб этиб тайинландилар. Шунингдек, Ромитан туманида яна учта масжиднинг қад ростлаши, уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш ва фаолият бошлашида ҳам у кишининг хизматлари беқиёс бўлди.
У зотнинг жума намозларидаги мавъизалари, маърака ва маросимлардаги суҳбатлари ниҳоятда самимий, ҳаётий ва таъсирли эди. Чориқул ҳожи нафақат диний раҳнамо, балки ёш авлодга одоб-ахлоқ, меҳнатсеварлик ва тўғриликдан сабоқ берувчи чинакам ибрат тимсоли бўлдилар.
Бу инсон серқирра фазилатлар соҳиби эдилар: моҳир боғбон, ўз қўли билан тўр тўқиб, балиқ овлаш ҳадисини олган уста сайёд, саховатпеша ва меҳмондўст инсон бўлганлар. Юртимизнинг қайси вилояти ёки туманига сафар қилмасинлар, қуруқ қўл билан бормас, қайтишда эса албатта бирор ибратли тажриба, эзгу янгилик олиб келиб, эл орасида кенг тарғиб қилардилар. Самимият, очиқкўнгиллик ва камтарлик ҳукм сурган хонадонлари эса ҳамиша меҳмонлар билан гавжум эди.
Эл-юрт корига яраб, ўзларидан обод масканлар, садоқатли шогирдлар ва хайрли маънавий мерос қолдирган Саидов Чориқул ҳожи 2025 йил 19 декабр, муборак жума куни бандаликни бажо келтирдилар. Жаноза намозлари ўзлари асос солган «Эшони пир» жоме масжидида адо этилиб, юзлаб намозхонлар, сафдошлар ва мухлислар у кишини сўнгги манзилга кузатдилар.
Аллоҳ таоло у кишининг барча солиҳ амалларини ҳусни қабул айлаб, охиратларини обод, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳазрати Бобо жомеь масжиди имом хатиби Суннатуллоҳ Фахриев
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:21
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:15
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram