Суннатга амал, бидъатни тарк килиш
14 феврал 2023 й.
521 марта ўқилди.

 Суннатга амал, бидъатни тарк килиш

Суннат бу динда юриладиган йўлдир. Ким энг тўғри йўлда юрмоқчи бўлса, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларида юриши лозимдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أمَا بَعْدُ، فَإِنَّ خَيْرَ الْحَدِيْثِ كِتَابُ اللهِ، وَخَيْرَ الهَدْيِ هَدْيُ مُحَمَّدٍ، وَشَرَّ الْأُمُورِ مُحْدَثَاتُهَا، وَكُلُّ بِدْعَةٍ ضَلاَلَةٍ
яъни: “Аммо баъд, албатта сўзларнинг энг яхшиси Аллоҳнинг китобидир. Йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммаднинг йўлидир. Ишларнинг ёмони янги пайдо чиқарилганидир. Ҳар бир бидъат залолатдир”, – деганлар (Имом Муслим ривоятлари).
Қуръони каримнинг қирқдан ортиқ ояти карималарида мўмин-мусулмонлар Расулимиз алайҳиссаломга итоат қилиш ва эргашишга буюрилган. Жумладан, Ҳашр сурасида бундай дейилган:
وَمَا آَتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانْتَهُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ
яъни: “Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир” 
Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан келаётган дин йўлига хилоф равишда янгиликлар жорий қилиш қаттиқ қораланади ва рад этилади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ  
яъни: “Ким ушбу ишимизда унда йўқ нарсани пайдо қилса, у қайтарилган”, –дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Ҳадиси шарифдаги “Ушбу ишимиз” деганда дин, шариат назарда тутилган. “Унда йўқ нарса” деганда шариатда мутлақ бўлмаган ёки шариатнинг умумий қоида ва далиллари далолат қилмаган амал тушунилади.
Ҳанафий мазҳабининг муҳаққиқ олимларидан Мулла Али Қори шундай дейдилар:
وَمَعْنَى الْحَدِيْثِ: أَنَّ مَنْ أَحْدَثَ فِي الْإِسْلاَمِ رَأْياً لَمْ يَكُنْ لَهُ مِنَ الْكِتَابِ وَالسُّنَّةِ سَنَدٌ ظَاهِرٌ أَوْ خَفِيٌّ مَلْفُوظٌ أَوْ مُسْتَنْبَطٌ فَهُوَ مَرْدُودٌ عَلَيْهِ
яъни: “...Ҳадиснинг маъноси, ким Исломда бир “фикр” ўйлаб топса, унга Қуръондан ҳам, суннатдан ҳам, очиқ ойдин ёки махфий, лафзий ёки мустанбат (ижтиҳод қилиб топилган) асос бўлмаса, у (фикр ёки амал) рад қилингандир”.
Энди “бидъат” сўзини таърифига киришадиган бўлсак, “бидъат” сўзи луғатда “ўхшаши бўлмаган янги нарсани пайдо қилиш, диний ақидаларга киритилган ўринсиз ислоҳ”, – деган маънони билдиради. Истилоҳда эса Аллома Иззиддин ибн Абдуссалом шундай таърифлаганлар:
اَلْبِدْعَةُ فِعْلُ مَا لَمْ يُعْهَدْ فِي عَصْرِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ
яъни: “Бидъат – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсани амалга оширишдир” 
Уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).
Бидъати ҳасана – шариатда асли бўлган амални шу аслга таяниб, уни шакллантириш учун жорий қилинган қўшимча амалларга айтилади. Бунга ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган Таровеҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврларида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилдилар ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, – дедилар.
Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар – “бидъати ҳасана” бўлади. Яъни, мақталган, яхши бидъат саналади.
Бидъати саййиа эса – шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, уни шариатимизда рад этилгандир.
Уламоларимиз бидъати ҳасана ва бидъати саййиа ўртасини ажратиб олиш учун асосий мезон бу – шариатимизнинг умумий қоидаларидир, деганлар. Яъни, Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида кузатилмаган бирор бир амал ушбу шариат қоидаларига мувофиқ келса, залолатга бошловчи бидъат саналмайди. Аксинча, мақталган, яхши бидъат саналади.
Демак, Пайғамбаримиз алайҳиссалом давриларида бўлмаган ҳар бир амал ҳам ёмон бидъат бўлавермайди. Балки, шариатимизнинг умумий қоидаларига зид бўлган ёхуд унга асосланмаган ҳар қандай амал ёки эътиқод залолатга бошловчи бидъат саналади. Ҳар бир мусулмон айнан ушбу бидъатдан сақланиши лозим бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини Ўз суннатлари (тутган йўллари)ни маҳкам ушлаш ва Расулимиздан кейин ўтган улуғ зотларнинг йўлларида бардавом бўлишга чақириб, бундай деганлар:
عَلَيْكُمْ بِسُنَّتِي وَسُنَّةِ الْخُلَفَاءِ الْمَهْدِيِّينَ الرَّاشِدِينَ، تَمَسَّكُوا بِهَا وَعَضُّوا عَلَيْهَا بِالنَّوَاجِذِ 
яъни: “Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек, маҳкам ушланглар” (Имом Термизий ривоятлари).
Муҳаммаджон Ўтаев,
“Ойбиноқ” жомеъ масжиди имом-хатиби 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 06:00
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram