ИЛМ АҲЛИНИ ЭЪЗОЗЛАШ ИЙМОН, КАМСИТИШ ЭСА НИФОҚ АЛОМАТИДИР!
03 апрел 2023 й.
«орқага
852 марта ўқилди.
ИЛМ АҲЛИНИ ЭЪЗОЗЛАШ ИЙМОН, КАМСИТИШ ЭСА НИФОҚ АЛОМАТИДИР!
Ислом илм дини. Ислом илм эгаларини қадрлайдиган, ҳурматини ўрнига қўядиган улуғ диндир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда илм эгаларини мақтаб, уларни юксак даражаларга кўтариши ҳақида ваъда берган. Жумладан, Мужодала сурасида шундай марҳамат қилади:
يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ
“Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни, хусусан, илм берилганларни даражаларга кўтаради” (Мужодала сураси/11).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам илм эгаларининг қадри ва шарафи ҳақида жуда кўп ҳадислар бор. Жумладан бир ҳадисларида жанобимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
إن الله وملائكته وأهل السموات والأرضين حتى النملة في جحرها وحتى الحوت ليصلون على معلم الناس الخير
“Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмон ва Ер аҳолиси, ҳатто уясидаги чумоли ва денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи олимларга мағфират тилаб дуо қилишади”. (Имом Термизий).
Одамларга ҳалол-ҳаром, оқу-қорани ўргатадиган олимларнинг шарафи шу даражада. Аллоҳ жамики жонзотларга илм эгаларини ҳурмат қилишни, уларнинг ҳаққига дуо қилишни, қадрига етишни тайинлаган ва таълим берган. Аллоҳга иймон келтирган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган ҳар бир мусулмон илм эгаларини қадрлаши, кўнглини олиши, уларнинг ҳаққига мағфират сўраб дуо қилиши керак. Бу ишни Ер, осмон ва ҳатто денгиздаги жамики жониворлар Аллоҳнинг амри билан зиммаларидаги бурчлари ўлароқ адо этишади. Фақатгина кофир ва мунофиқлар бундан мустасно.
Кофирлар, иймони халқумидан нарига ўтмаган юзаки мусулмон мунофиқлар эса дин ва маърифат улашувчи илм эгаларини ёмон кўришади. Уларни кўрганда юраги сиқилади. Ютуқларидан ҳаловатини юқотади. Улар мақталганда эса ғашлари келиб, ижирғаниб ўтиришади. Уларнинг ҳаққига мағфират сўраб дуо қилиш ўрнига, уларни қарғайди, ҳақоратлайди. Уларга нисбатан бўҳтонлар қилишади.
Куни кеча ҳукуматимиз мутасаддилари тарафдан Республикадаги жамики масжид ходимларига Қурбон ҳайит муносабати билан моддий ёрдам ажратилди. Ҳукуматимиз меҳроб соҳиблари давлатнинг эътиборидан четда эмаслигини, улар ҳам шу халқнинг бир бўлаги ва бугунги оғир пандемия даврида давлат ғазнасидан нафақа олишга ҳақли эканликларини эътироф этишини намоён қилди.
Қалбида заррача иймони бор Ватандошларимизнинг ҳаммаси бундан хурсанд бўлди, шодланди. Аллоҳга ҳамдлар айтилди. Ҳа, ҳақиқатан Аллоҳнинг байтида хизматда турганларга расман моддий ёрдам қилиниши хурсанд бўлишга арзигулик ишда.
Халққа шариат аҳкомларини етказучи меҳроб соҳиблари эса ҳукуматнинг бу қўлловини юксак эҳтиром сифатида қабул қилдилар ва шу ишни бошида турган барча катталарга дуо қилишди. Зотан, ислом шунга буюради. Аллоҳ ҳар қандай яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтаришни таълим беради.
Аммо, имом домлаларга кўрсатилган бу иззат-икром ортидан баъзи бировлар тинчини йўқотди. Ўзларини қўярга жой топа олмасдан ижтимоий тармоқларда “Имомларга нега пул берилади? Улар нима иш қилди ўзи?” – деган саволлар билан тутақиб роса жириллашди. Имомлар шаънига бўҳтону уйдирмалар қилишди. Бу қилиқлари билан эса аслида ўзларининг ким эканликларини халққа кўрсатиб беришди.
Яъни, улар олимларни қадрлайдиган, улуғлайдиган, ҳаққига мағфират сўраб дуо қиладиганлар сафида эмас, аксинча, илм-маърифат тарқатувчиларни ёмон кўрадиган, ютуқларидан куйиб ёнадиган, шаънларига ҳақорат ёғдирадиган мунофиқлар сафида эканликларини исботлаб беришди.
Аслида илм эгаларига келиб турган моддий ва маънавий кўмак йўлига тўсқинлик қилиш мунофиқларнинг иши. Аллоҳ таоло Қуръони каримда уларнинг бу ишлари ҳақида шундай хабар берган:
هُمُ الَّذِينَ يَقُولُونَ لَا تُنفِقُوا عَلَى مَنْ عِندَ رَسُولِ اللَّهِ حَتَّى يَنفَضُّوا وَلِلَّهِ خَزَائِنُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَلَكِنَّ الْمُنَافِقِينَ لَا يَفْقَهُونَ
“Улар “Аллоҳнинг Расули ҳузуридагиларга эҳсон қилманглар, токи тарқаб кетишсин” дейдиганлардир. Ҳолбуки, осмонлару Ернинг хазиналари фақат Аллоҳникидир, лекин мунофиқлар билишмайди”. (Мунафиқун сураси/7).
Мадинада Абдуллоҳ ибн Убай деган бир мунофиқ бўларди. У ўзининг ошна-оғайниларига: “Аллоҳнинг Расули атрофидаги одамларга моддий ёрдам қилманглар, шундаа улар тирикчилик билан овора бўлиб тарқаб кетишади ва Муҳаммад ёлғиз қолади” – деб уқтиради. Яъни, дин хизматида турган мусулмонларга берилаётган нафақалар йўлига тўсқинлик қилмоқчи бўлади.
Лекин Аллоҳ ўша Ибн Убай ва у каби фикрловчи бошқа мунофиқларга уқтириб қўйдики, Ер ва осмонлардаги жамики бойлик ва хазиналар Аллоҳники ва уларни Ўзи хоҳлаганидек тақсим қилади. Хоҳлаган бандасига бойлик беради, хоҳлаганига бермайди. Аммо бу ҳақиқатни мунофиқлар қаердан билсин?! Бу эътиқодни билиш ва англаш учун соф фаҳм-фаросат керак. Қалби гина-кудуратга тўла мунофиқ ва мунофиқсифатларда бу фазилат қаерданам бўлсин?!
Имом-домлаларга берилган маблағ ҳам Аслида Аллоҳники ва Аллоҳнинг тақсимоти ила имомларнинг қўлига етди. Аллоҳ шуни истади, хоҳлади, амр қилди ва сабабаларини қоим қилди. Ўзи суйган кимнингдир қалбига илм аҳлларининг ҳолидан хабар олишни илҳом қилди ва шу билан ўз иродасини амалга оширди. Бундан норози бўлиш, Аллоҳнинг ҳукмига норози бўлишдир. Аллоҳнинг ҳукмига эса кофир ва мунофиқлар норози бўлади.
Азизлар, биласизми орамизда қанча-қанча намозхонлар бор, намозни қайсидир домланинг марузасидан таъсирланиб бошлаган. Қанча-қанча ҳалол савдогарлар бор. Савдо ишида ҳалоллик нечоғли муҳимлигини қайсидир имомнинг маърузасидан олган. Бугунги кунда имомлардек халққа кенг маърифат тарқатаётган ким бор?! Шундай имомлар борки, китоблар ёзяпти, диний, маънавий-маърифий йўналишда алоҳида-алоҳида вебсайтлар юргизишяпти. Меҳробдан туриб халқни исломий руҳда тарбиялаяпти. Жанозага борса ҳам, маъракага борса ҳам одамларга ниманидир ўргатяпти. Буларни ҳаққига денгиздаги балиқлару, уясидаги чумолилар истиғфор тилаб турганда, ортидан куракда турмас гаплар қилиш бизга ярашармикин?!
Азиз диндошлар! Шуни яхши билайлик, Аллоҳнинг динидан бирор ҳукмни билган ва уни кимгадир ўргатадиган одамнинг ютуғидан шодланмоқ чин мусулмонлик аломати. Уларнинг ютуқларидан куюниш эса мунофиқлик аломати. Ана энди сиз ўз жамоангизни танланг!
Ботиржон ТОЖИБОЕВ