ИСЛОМДА МАҲР МАСАЛАСИ (2-қисм)
28 январ 2022 й.
846 марта ўқилди.

ИСЛОМДА МАҲР МАСАЛАСИ (2-қисм)
 
Ҳар бир никоҳда маҳр беришлик вожиб ҳисобланади. Лекин никоҳ ақдида маҳр тайин қилиш никоҳни дуруст бўлиш шартларидан саналмайди. Зеро, никоҳдан асосий мақсад маҳр олиш эмас, балки ўзаро алоқа боғлаш ва ҳузурланишдир.
Бир киши маҳр бермасдан бир қизга уйланса, жумҳур уламолар наздида никоҳ дуруст бўлади. Моликийларда эса дуруст бўлмайди.
Маҳрнинг ҳикматлари:
эр никоҳ тузилиши жараёнидан бошлаб зиммасига аёли/оиласининг моддий таъминотини олиши, унга қўшимча бир масъулият билан бирга қандайдир ифтихор туйғусини ҳам беради;
арзимас сабаблар билан хотинни талоқ қилишининг олдини олади;
маҳр аёлнинг ҳурматини сақлайди, у қандайдир мулкни эгаси эканлигини ҳис қилиб, шу билан кўнгли тўлади;
маҳр оилавий муносабатларнинг бўшашиб кетишининг олдини олади (яъни агар эр маҳр бермаса, уйлана олмаслигини, агар ўз ташаббуси билан аёлини талоқ қилса, аёл маҳрини ўзи билан олиб кетишини ҳис қилса/ёдида тутса (устига-устак, маҳрга бирор қадрли/қимматли нарса тақдим этилган бўлса), у оилани бузишдан олдин яхшилаб ўйлайди.
Маҳр икки хил бўлади:
1.Номи айтилган маҳр;
2.Маҳри мисл.
1.Номи айтилган маҳрга никоҳ ўқилаётган вақтда миқдори аниқ баён этилган маҳр киради.
2.Агар маҳр айтилмай, никоҳ қилинса, келинга маҳри мисл берилади. Яъни ўша қизнинг дини, жамоли, ҳасаби, насаби, мол-дунёси, ақли, илми, одоби ва бикрлиги эътиборидан бошқа қизларга қанча маҳр берилаётган бўлса, унга ҳам шу тайин қилинади. Албатта, бунда келиннинг ҳолати билан бирга куёвнинг ҳам ҳолати эътиборга олинади. Агар келин ўз тенгиларидан ортиқроқ бўлса ёки бирор нуқсони бўлса, шунга қараб муносиб тарзда маҳр оширилади ёки камайтирилади. Гоҳида маҳри мисл умумий ишора билан белгиланиб, бир оз кўпроқ ёки камроқ бўлиши мумкин. Чунки маҳри мислни хос тафтиш қилиб белгиланса, маломатчилар турли бўлмағур гаплар чиқаришлари мумкин. Маҳрнинг кўпига чегара йўқлигига фуқаҳолар иттифоқ қилишган, лекин ози хусусида ихтилофлар мавжуд. Баъзилар маҳрнинг энг ози ўн дирҳам бўлади дейишса (бу таҳминан нисобнинг йигирмадан бирига тенг), бошқалар ундан кўпроқ ёки камроқ дейишган. Аммо маҳрнинг ҳаддан зиёд кўпайтирмаслик мустаҳаб амаллардандир.
 
Гоҳида икки тараф келишиб, маҳрни бир қисмини махфий, бошқа қисмини ошкор қилишлари мумкин. Яна гоҳо маҳрни одамлар эшитсин ёки кўрсин учун шов-шув ҳам қилинади. Борадиган уйини жиҳозлаш, асбоб-ускуна олиб бориш, уй-анжомлари билан тўлдириш келин томоннинг зиммасидаги иш эмас. Чунки бу каби нафақалар вожиб нафақалар сирасига киради ва уни бажариш куёвнинг вазифаси ҳисобланади. Агар келинлар ўзи билан бирга уй-анжом жиҳозлари олиб келса, буни хайрия дейилади.
Маҳр гоҳида нақд берилса, баъзан насия қилинади. Насия қилинганда унинг вақти аниқ белгилаб қўйилмаган бўлса, маҳрнинг охирги бериш муддати талоқ ёки ўлим бўлади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, агар эр талоқ қилса келин унга берилган маҳрни ўзи билан олиб кетади. Агар эр маҳрни бермай вафот этса, ваъда қилинган маҳр унинг меросхўрлари томонидан маййитнинг мол-мулки ҳисобидан марҳумнинг бевасига берилиши керак бўлади. Ким хотинини унга яқинлик қилмасдан талоқ қилса, айтилган маҳрнинг ярмини тўлайди.
 
Fiqh.uz портали маълумотлари асосида тайёрланган
 
Шофиркон туман “Мирзоқул” жомеъ масжид
имом-хатиби Яхё домла Жумаев
 
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 06:00
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram