КУРСИДА НАМОЗ ЎҚИШНИНГ ҲУКМИ
07 март 2023 й.
«орқага
1143 марта ўқилди.
КУРСИДА НАМОЗ ЎҚИШНИНГ ҲУКМИ
بسم الله الرحمن الرحيم
Мусулмон банда динимизда буюрилган ибодатларни ўзининг куч-имкониятига қараб адо этади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган:
لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا
«Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани буюрмайди» (Бақара сураси, 286-оят).
Аллоҳ таоло инсоннинг тоқати етмайдиган ўринларда турли енгилликлар берган. Жумладан, бемор одам намознинг бирорта рукнини адо эта олмаса, ҳукмлар осонлашишига сабаб бўлади. Масалан, намозни тик туриб ўқий олмайдиган киши учун асл қоида – намозни ўтириб ўқишдир. Тик туриб ўқий олмаган одам суннатда кўрсатилганидек ўтира олса, шундай қилади, лекин бунга ҳам қодир бўлмаса, ўзига қулай бўлган ҳолатда ўтириб ўқийди. Масалан, тиз чўкиб, чордона қуриб ёки оёқ узатиб ўтириб ўқийди.
Лекин бемор одам намозни тик туриб, руку ва сажда қилиб ўқий олса, соғлом одам ҳукмида бўлади, бундай одамнинг ўтириб, имо-ишора билан намоз ўқиши дуруст бўлмайди («Муҳитул Бурҳоний»).
Бу борада қуйидаги ҳадиси шарифни келтириб ўтиш мумкин.
قَالَ كَانَتْ بِي بَوَاسِيرُ فَسَأَلْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ الصَّلَاةِ فَقَالَ صَلِّ قَائِمًا فَإِنْ لَمْ تَسْتَطِعْ فَقَاعِدًا فَإِنْ لَمْ تَسْتَطِعْ فَعَلَى جَنْبٍ
Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Менда бавосир бор эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан (шу ҳолатда) намоз ўқиш ҳақида сўраган эдим, шундай дедилар: «Намозни тик туриб ўқигин. Бунга қодир бўлмасанг, ўтириб ўқигин. Бунга ҳам қодир бўлмасанг, ёнбошлаб ўқигин» (Имом Бухорий ривояти).
Намознинг фарзларидан бири қиём, яъни тик туришдир. Фарз амал узрсиз тарк қилинса, намоз дуруст бўлмай қолади. Шунинг учун ҳеч бўлмаганда такбири таҳримани ёки ундан кейин қироатнинг бир қисмини бўлса ҳам тик туриб қила оладиган кишига бу нарса фарз бўлади, кейин кўп тик тура олмаса, давомини ўтириб ўқийди.
وَإِنْ قَدَرَ عَلَى بَعْضِ الْقِيَامِ قَامَ بِأَنْ كَانَ قَادِرًا عَلَى التَّكْبِيرِ قَائِمًا أَوْ عَلَى التَّكْبِيرِ وَبَعْضِ الْقِرَاءَةِ فَإِنَّهُ يُؤْمَرُ بِالْقِيَامِ قَالَ شَمْسُ الْأَئِمَّةِ هُوَ الْمَذْهَبُ الصَّحِيحُ ، وَلَوْ تَرَكَ هَذَا خِيفَ أَنْ لَا تَجُوزَ صَلَاتُهُ
«Киши маълум даражада тик туришга қодир бўлса, масалан, тик туриб такбири таҳрима айтишга ёки такбири таҳримани айтиб, қироатнинг бир қисмини ўқий олса, (ўша миқдорча) тик туришга буюрилади.
Шамсул-аимма: «Мана шу – мазҳабдаги энг тўғри гапдир», деганлар.
Агар бу одам намозда шу миқдорда турмаса, намози дуруст бўлмай қолиши хавфи бор» («Дурарул-ҳукком»).
Демак, оз бўлса ҳам тик туриб намоз ўқий оладиган одам шу миқдорда тик туриши шарт. Бу ҳақда Имом Косоний роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:
شَرْطُ صِحَّةِ التَّكْبِيْرِ أَنْ يُوْجَدَ فِي حَالَةِ الْقِيَامِ فِي حَقِّ الْقَادِرِ عَلَى الْقِيَامِ، سَوَاءٌ كَانَ إِمَامًا أَوْ مُنْفَرِدًا أَوْ مُقْتَدِيًا، حَتَّى لَوْ كَبَّرَ قَاعِدًا ثُمَّ قَامَ لاَ يَصِيْرُ شَارِعًا، وَلَوْ وُجِدَ الْإِمَامُ فِي الرُّكُوعِ أَو السُّجُودِ أَو الْقُعُودِ يَنْبَغِيْ أَنْ يُكَبِّرَ قَائِمًا ثُمَّ يَتْبَعُهُ فِي الرُّكْنِ الَّذِي هُوَ فِيْهِ، وَلَوْ كَبَّرَ لِلْاِفْتِتَاحِ فِي الرُّكْنِ الَّذِيْ هُوَ فِيْهِ لاَ يَصِيْرُ شَارِعًا لِعَدَمِ التَّكْبِيْرِ قَائِمًا مَعَ الْقُدْرَةِ عَلَيْهِ .
«Тик туришга қодир бўлган имом учун ҳам, ёлғиз намоз ўқиётган одам учун ҳам, иқтидо қилган одам учун ҳам намозга киришдаги такбирни айтишнинг шарти – бу такбирни тик турган ҳолатда айтишдир. Тик туришга қодир одам ўтирган ҳолида такбир айтиб, кейин туриб ўқиса, намозга кирган ҳисобланмайди. Имом руку, сажда ёки қаъдада бўлса, намозга энди қўшилаётган одам такбирни тик туриб айтиб, кейин имомга эргашиши шарт. Имом сажда ёки қаъдада турганида келиб иқтидо қилган одам ўтириб олиб, кейин такбир айтса, намозга киришган бўлмайди, чунки у қиёмга, яъни тик туришга қодирдир» («Бадоиъус саноиъ»).
Намозда тик тура олмайдиган одам руку ва сажда қилишга қодир бўлса, ўтирган ҳолида руку ва сажда қилади, яъни унинг ерга сажда қилиши фарздир. Лекин тик тура олмайдиган, ўтириб руку ва сажда қила оладиган одам курсига ўтириб олса, у яна бир фарзни – ерга сажда қилишни ҳам тарк қилган бўлади.
Бу ҳақда «Фатовои Татархония» китобида шундай дейилади:
وَإِنْ عَجَزَ عَنِ الْقِيَامِ وَقَدَرَ عَلَى الْقُعُودِ، فَإِنَّهُ يُصَلِّي الْمَكْتُوبَةَ قَاعِداً بِرُكُوعٍ وَسُجُودٍ، وَلاَ يُجْزِئُهُ غَيْرُ ذَلِكَ
«Тик тура олмайдиган, лекин ўтира оладиган одам фарз намозларни ўтирган ҳолда руку ва сажда қилиб ўқийди. Бундан бошқача ўқиш унга жоиз эмас».
Бир киши тик туришга ҳам, сажда ва рукуга ҳам қодир бўлмаса, ўтирган ҳолатда, имо-ишора билан намоз ўқийди. Саждага қилган имо-ишораси рукуга қилган ишорасидан кўпроқ бўлади, яъни пастроқ эгилади.
وَإِنْ تَعَذَّرَا مَعَ الْقِيَامِ أَوْمَأَ بِرَأْسِهِ قَاعِدًا إِنْ قَدَرَ، وَجَعَلَ سُجُودَهُ أَخْفَضَ مِنْ رُكُوعِهِ
«Руку-сажда қилиш ҳам, тик туриш узрли бўлса, намозни ўтирган ҳолатда, боши билан имо-ишора қилиб ўқийди, саждасини рукусидан пастроқ қилади» («Мухтасарул виқоя»).
Шу ерда эслатиб ўтамизки, тик тура олмайдиган одам деганда тик турса қаттиқ оғриқ сезадиган, касаллиги кучайиб кетадиган ёки тузалиши кечикиб кетадиган кишилар ҳам тушунилади («Муҳитул-Бурҳоний»).
Мана шундай беморлар, яъни туришга ҳам, руку-саждага ҳам қодир бўлмаган кишилар курсига ўтириб намоз ўқишлари дуруст бўлади, чунки улар тик тура олмагани учун, ерга сажда қила олмагани учун курсига ўтириб, имо-ишора қилиб ўқиса, имкон даражасидаги ишни қилган бўладилар. Лекин афзали – ерга ўтириб имо-ишора қилишдир, чунки руку-сажда қила олмайдиган одам тик туриб имо-ишора қилганидан кўра ерга ўтириб, имо-ишора қилгани афзалдир.
«Мухтасарул-виқоя» китобида тик тура оладиган, лекин руку ва сажда қила олмайдиган беморлар ўтириб, имо-ишора билан намоз ўқигани афзаллиги айтилган. Бундай кишилар ҳам курсида ўтириб, имо-ишора қилиб намоз ўқиши жоиз, чунки улар ерга ўтирган тақдирда ҳам руку-саждани имо-ишора билан қиладилар.
Агар бир одам бирор узр туфайли тик туриб ҳам, ерга ўтириб ҳам намоз ўқий олмаса, лекин курсида ўтириб намоз ўқий олса, бу ҳолатда ҳам намозни курсида ўтириб ўқиши жоиз. Масалан, жарроҳлик амалиётидан кейин фақатгина курсида ўтириб намоз ўқишга имкони бўлса, шундай қилиши жоиз бўлади.
Замонамизнинг етук уламоларидан Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ бу масалада қуйидаги хулосага келганлар: «Руку-сажда қила олмайдига одам ўтириб намоз ўқиши жоиз. Бу ҳолатда ерга ўтириб ўқигани яхшироқ. Қиём, руку ва сажда қила олмайдиган одам курсида ўтириб намоз ўқиса, руку-саждани ишора билан адо этиши мумкин».
Ҳиндистондаги Дорул-улум фатво уюшмаси ҳам шу мазмунда фатво чиқарган.
Урдун фатво уюшмаси бу масала юзасидан шофеъий мазҳаби қоидаларига асосан фатво чиқарган бўлиб, унда ҳам узрли ҳолатда курсида ўтириб намоз ўқиш жоизлиги айтилган, қуйидагилар узрли ҳолатлар сифатида кўрсатилган:
«Беморнинг қаттиқ машаққатдан қўрқиши, касалликнинг кучайиб ёки чўзилиб кетиши ҳам намозни ўтириб ўқишни жоиз қиладиган узрларга киради» (2014 йил 24 мартдаги 137-қарор).
Миср фатво уюшмасининг шу мавзуда берилган саволга жавоб сифатида берган 2250-рақамли фатвосида шундай дейилади:
«Намозни туриб ўқий олмайдиган кишига курсида ўтириб намоз ўқиш жоиз бўлади. Курсида намоз ўқиш ҳукмлари ерда намоз ўқиш ҳукмлари билан бир хилдир. Ерга ўтириб намоз ўқиш жоиздир...
Курсида ўтириб ўқишга мажбур бўлган одам намозни мукаммал ўқиши учун бор имкониятини ишга солиши лозим. Руку ва саждани ўзининг асл ҳолатида адо қилишга қанчалик имкони бўлса, шунга риоя қилиши керак. Масалан, ерга ўтирган ҳолида руку ва сажда қила оладиган одамга фарз намозни курсида ўқиш ҳаром бўлади. Шунингдек, бундай одамлар намозни масжидда ўқийдиган бўлса, сафлар баробар бўлишига ҳам риоя қилиши керак. Бунинг учун қуйидагилар тавсия қилинади:
– курсида ўтирадиганларга алоҳида саф ташкил қилиш;
– уларга сафнинг бир четида алоҳида жой ажратиш;
– курсиларнинг ҳажми масжидга, сафлар ўртасидаги масофага муносиб бўлиши керак.
– бошқа намозхонларнинг намоз ўқишига халақит бермаслиги керак.
Шунингдек, бу масалага эътибор қаратган уламолар курсилар хушуъ ва хузуъга муносиб бўлиши лозимлигини айтганлар. Юмшоқ, суянчиқли курсиларда намоз ўқиш мақсадга мувофиқ бўлмайди. Суянишга эҳтиёжи бўлмаган беморларнинг суяниб намоз ўқиши жоиз эмас.
Юқоридаги фатволарнинг барчасида курсида намоз ўқиш фақатгина узрли ҳолатларга тегишлидир. Киши узри бўлмаса ҳам курсида намоз ўқиса, бир нечта шаръий буйруқларни тарк қилган бўлади, масалан, такбирни тик туриб айтиш, қиёмда туриш (тик туриш), ерга сажда қилиш каби фарз амалларни бажармаган бўлади. Ваҳоланки, намознинг битта фарзи узрсиз тарк қилинса, намоз дуруст бўлмаслиги барчамизга маълум.
Юқорида баён этилган ҳукмларга кўра, ҳеч бўлмаганда ерга ўтириб сажда қила оладиган кишиларнинг курсида ўтириб намоз ўқиши дуруст эмас.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларининг охирида оғир бемор бўлганлар. У зотни масжидга икки саҳоба етаклаб чиққан. У зот уларга суяниб, муборак оёқлари ерга судралган ҳолатда чиққанлар. Ана шундай оғир ҳолатда ҳам Набий алайҳиссалом ерга ўтириб, намозни жамоат билан бирга адо қилганлар. Бу ҳолат барчамизга катта дарс, гўзал ибратдир.
Баъзи ҳолатларда айрим намозхонларнинг масжидга ўзи юриб келиб, ўзи юриб чиқиб кетиши, масжиддан чиқиб ҳам бир неча муддат тик оёқда туриб, ёнидагилар билар гаплашиб туришлари, лекин намозни курсига ўтириб ўқишлари кузатилади.
Намоз – банда билан Аллоҳ таоло ўртасидаги ишдир. Шунинг учун мусулмон одам ўзига ўзи узр топишга Аллоҳ таолодан қўрқиши, тақво қилиши керак. Шаръий ҳукмларни енгиллатишга арзимайдиган турли баҳоналар шаръий узр ҳисобланмайди.
Мазҳабимиздаги мўътабар китоблардан бири бўлмиш «Дурарул-ҳукком шарҳу Ғурарил-аҳком» китобида шундай дейилган:
(إذَا تَعَذَّرَ الْقِيَامُ لِمَرَضٍ) حَصَلَ (قَبْلَهَا) أَيْ الصَّلَاةِ (أَوْ فِيهَا أَوْ خَافَ زِيَادَتَهُ) أَيْ الْمَرَضِ (أَوْ) خَافَ بُطْءَ الْبُرْءِ بِهِ أَيْ بِسَبَبِ الْقِيَامِ (أَوْ) خَافَ (دَوَرَانَ الرَّأْسِ أَوْ يَجِدُ لِلْقِيَامِ أَلَمًا شَدِيدًا قَعَدَ) جَوَابُ إذَا تَعَذَّرَ (كَيْفَ شَاءَ) مِنْ التَّرَبُّعِ وَغَيْرِهِ (وَصَلَّى) قَاعِدًا (بِرُكُوعٍ وَسُجُودٍ) ، وَإِنْ قَدَرَ عَلَى بَعْضِ الْقِيَامِ قَامَ بِأَنْ كَانَ قَادِرًا عَلَى التَّكْبِيرِ قَائِمًا أَوْ عَلَى التَّكْبِيرِ وَبَعْضِ الْقِرَاءَةِ فَإِنَّهُ يُؤْمَرُ بِالْقِيَامِ قَالَ شَمْسُ الْأَئِمَّةِ هُوَ الْمَذْهَبُ الصَّحِيحُ ، وَلَوْ تَرَكَ هَذَا خِيفَ أَنْ لَا تَجُوزَ صَلَاتُهُ (وَإِنْ تَعَذَّرَا) أَيْ الرُّكُوعُ وَالسُّجُودُ لَا الْقِيَامُ (أَوْمَأَ قَاعِدًا) وَهُوَ أَفْضَلُ مِنْ الْإِيمَاءِ قَائِمًا (وَ) لَكِنْ (سُجُودُهُ أَخْفَضُ مِنْ رُكُوعِهِ)
«Намозгача ёки намоз пайтида касаллик пайдо бўлиб, шу туфайли намозни туриб ўқишга узр ҳосил бўлса, тик туриб ўқилганда ўша касаллик кучайиб кетса, секин тузалса ёки боши айланиб, йиқилиб тушиш хавфи бўлса, тик турганда қаттиқ оғриқ пайдо бўлса, бундай киши ўзи хоҳлаган ҳолатида ўтириб, масалан чордона қуриб, руку-сажда билан намоз ўқийди.
Агар бу киши маълум муддат тик тура олса, масалан, тик туриб такбири таҳрима айтишга ёки такбири таҳримани айтиб, маълум муддат тик туриб қироат қилишга кучи етса, ўшанча муддат тик туриши керак бўлади.
Шамсул аимма: «Мана шу гап мазҳабдаги энг тўғри гапдир», деганлар.
Агар шу муддат миқдорича тик турмаса, намози дуруст бўлмай қолиши мумкин.
Кишининг туришга имкони бўлса, лекин руку-сажда қила олмаса, бу киши намозни ўтириб, имо-ишора билан ўқийди, шундай ўқигани тик турган ҳолда имо-ишора қилиб ўқиганидан афзал бўлади. Ўтириб ўқиганда саждада рукудан пастроқ эгилади» («Дурарул-ҳукком»).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламолар ҳайъати бемор кишиларнинг курсига ўтириб намоз ўқиши масаласида фиқҳий манбаларни атрофлича ўрганиб, бир қанча муҳокамалардан кейин ўзининг навбатдаги фатвосини эълон қилади:
1. Қиём (тик туриш) намознинг фарзларидан биридир. Киши қанча муддат тик тура олса, шунча муддат тик туриб намоз ўқиши фарздир. Шариат эътиборига молик бўлган узр йўқ бўлса, ерга ёки курсига ўтириб намоз ўқиш мутлақо жоиз эмас.
Тик турганда қаттиқ оғриқ пайдо бўлиши, касаллик кучайиб ёки чўзилиб кетиши каби ҳолатларгина ўтириб намоз ўқишни жоиз қиладиган узр ҳисобланади.
2. Тик тура олмайдиган, лекин ўтириб руку-сажда қила оладиган одамга намозда ерга ўтириб руку-сажда қилиш фарздир. Бундай одам курсига ўтириб, руку-саждани имо-ишора билан қилиши жоиз эмас.
3. Рукуъ-саждани ўтирган ҳолда қила олмайдиган одамга намозни курсига ўтириб ўқиш, руку-саждани имо-ишора билан қилиш жоиздир. Бундай одам сажда қилганда рукудан пастроқ эгилади. Бу ҳолатда ерга ўтириб, имо-ишора қилиш афзалдир.
4. Курсида намоз ўқийдиган одам сафлар текислигига путур етказмаслиги, бошқаларнинг намоз ўқишига халақит бермаслиги керак. Курсида намоз ўқиётган одам сафга гавдаси билан эмас, оёқлари билан баробар туриши керак. Бундай ҳолатда бошқа намозхонларнинг намоз ўқишига танглик ҳосил қилмаслик учун масжидда курсида намоз ўқийдиганлар учун алоҳида саф ташкил қилиш; ёки сафнинг бир четида улар учун алоҳида жой ажратиш керак; курсиларнинг ҳажми масжид ва сафлар орасидаги масофага муносиб бўлиши керак.
Эслатма: Намоз – Исломнинг рукнларидан биридир. Мусулмон одам намозни мукаммал адо этишга эътибор қаратиши керак. Намозда қанчалик хушуъ ва хузуъ билан ўқилса, шунчалик мукаммал бўлади. Шунинг учун курсида намоз ўқиган ҳолатда ҳам курсилар оддий, суянчиқсиз бўлиши мақсадга мувофиқдир. Валлоҳу аълам.
Фатво лойиҳасини Фатво маркази етакчи мутахассиси Ҳабибуллоҳ домла Жўрабоев тайёрлади.
Фатво лойиҳаси билан танишиб чиқиб, розилик билдирганлар:
1. Нуриддин домла Холиқназаров – Фатво ҳайъати раиси, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг раиси, муфтий, Фатво маркази директори,
2. Ҳомиджон домла Ишматбеков – Фатво ҳайъати аъзоси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари,
3. Жалолиддин домла Ҳамроқулов – Фатво ҳайъати аъзоси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари,
4. Муҳаммад Аюбхон домла Ҳомидов – Фатво маркази бош мутахассиси, Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси,
5. Соатмурод домла Примов – Тошкент ислом институти проректори, доцент,
6. Яҳё домла Раззоқов – Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси,
7. Фарҳод домла Жўраев – Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси,
8. Ғуломиддин домла Холбоев – Фатво маркази директор ўринбосари, Тошкент ислом институти ўқитувчиси,
9. Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров – Фатво маркази бош мутахассиси,
10. Ҳабибуллоҳ домла Жўрабоев – Фатво маркази етакчи мутахассиси, Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси,
11. Абдуғофур домла Ниёзқулов – Фатво маркази бош мутахассиси.
12. Сайидаҳмад домла Сайдаралиев – Фатво маркази етакчи мутахассиси,
13. Абдулатиф домла Турсунов – Фатво маркази бош мутахассиси, Тошкент ислом институти ўқитувчиси,
14. Отабек домла Мамадиев – Фатво маркази мутахассиси,
15. Ёрқинжон домла Жумабоев – Фатво маркази мутахассиси,
16. Зикриё домла Бобораҳимов – Фатво маркази мутахассиси,
17. Муҳаммаджон домла Ибрагимов – Фатво маркази мутахассиси.
Манба: https://t.me/diniysavollar March 07, 2023