Мазҳабга эргашиш салафлар йӯлига эргашиш демакдир
25 апрел 2024 й.
446 марта ўқилди.

 Мазҳабга эргашиш салафлар йӯлига эргашиш демакдир

Салафи солиҳлар йўлидан юриш, уларнинг таълимотига амал қилиш энг шарафли маслакдир. Зеро, улар биздан кўра Аллоҳнинг каломи ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг суннатларини яхшироқ билганлар.
Афсуски, сўнги йилларда салафлар йўлидан юриш даъвоси билан уммат орасига тафриқа соладиган тоифалар чиқиб қолди. Улар ўзларини “салафий” деб атаб, авом халқни мазҳабга эргашишдан қайтармоқда.
Келинг, улар кўтараётган баъзи даъволарни илмий ва мантиқий таҳлил қилиб кўрамиз. Зеро, ҳар бир даъвони илмий ўрганиб, кейин уни қабул қилиш динимизнинг таълимоти ҳисобланади.
Улар айтади: “Аллоҳ бизни бировнинг фикрига эргашиб ибодат қилишга буюрмаган. Шунинг учун, мазҳаб имомига эргашишимиз шарт эмас”.
Бу даъволари Қуръон оятларига зиддир. Чунки Аллоҳ таоло билмаган нарсаларимизни олимлардан сўраб, унга амал қилишга буюриб, шундай деган:
فَاسْأَلُوا  أهْل الذِّكْر إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
“Билмасангиз, зикр аҳлидан (яъни, олимлардан) сўранг”. (Наҳл, 43).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло бизни олимлардан сўрашга ва улар айтган кўрсатмага амал қилишга буюрмоқда.  Мазҳабга эргашиш масаласида аҳли сунна вал-жамоа олимлари барча даврда мужтаҳид даражасига етмаган шахснинг бир мазҳабга эргашиб амал қилиши, яъни мужтаҳид олимга тақлид қилиши вожиб, деганлар. Саҳоба ва тобеъинлар ҳам мана шунга амал қилганлар. Шундай экан, мазҳабга эргашиш айнан Қуръони карим кӯрсатмасига амал қилиш ҳисобланади. 
Яна бошқа бир оятда эса ишларда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ҳамда Қуръон ва суннатдан ҳукм чиқара оладиган мужтаҳид олимларга эргашишга тарғиб қилинган:
وَإِذَا جَاءَهُمْ أمْرٌ مِنَ الْأَمْنِ أَوِالْخَوْفِ أذَاعُوا بِهِ وَلَوْ رَدُّوهُ إِلَى الرَّسُولِ وَإِلَى أُولِي الْأَمْرِ مِنْهُم لَعَلِمَهُ الَّذِينَ يَسْتَنْبِطُونَهُ مِنْهُمْ
“Ва қачонки уларга эминлик ёки хавф тўғрисида бир иш – хабар етса, уни ҳар қаёққа тарқатурлар. Агар уни Расулга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан ишнинг негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар”. (Нисо, 83).
Бу оятни Имом Заҳҳок қуйидагича тафсир қилган: “Агар улар ҳалол-ҳаром борасидаги ишларини тасдиқлатиб олиш мақсадида Расулуллоҳга ва ӯзларидан бӯлган иш эгаларига, яъни фиқҳ ва ҳикмат соҳибларига ҳавола этганларида эди, улар орасидан илмни чуқур тадқиқ қиладиганлари билишар эди”. (Тафсири Табарий, 10005; Тафсири Бағавий, 1/456; Тафсири Самарқандий, 1/372).
“Ишнинг негизини биладиганлар” ёхуд “илмни чуқур тадқиқ қиладиганлар” дея таржима қилинган сӯз бирикмасининг араб тилидаги ӯзаги “истинбот” деб номланади. “Истинбот” сӯзи луғатда: “қудуқ қазиб, ундан илк бор сув чиқариб олиш” маъносини билдиради. Истелоҳда эса: 
الاسْتِنْباط مَعْرِفَة كَيفيَّةِ اسْتِخْراجِ الأَحْكامِ الشَّرْعِيَّةِ مِن أَدِلَّةِ الفِقْهِ التَّفْصِيلِيَّةِ
“Истинбот - шаръий ҳукмларни фиқҳнинг тафсилий далилларидан чиқариб олиш кайфиятини билиш” ҳисобланади.
Яъни, истинбот мужтаҳидлик даражасига етган олимларнинг фаолиятига оид амалиётдир, ҳар ким ӯз ҳолича уриниб кӯриши мумкин бӯлган оддий иш эмас. Шунинг учун юқоридаги оят мазмунида мӯминлар истинбот қила оладиган мужтаҳидларга дин ишларини ҳавола қилишга буюрилмоқдалар.
Демак, ижтиҳод қилиш даражасига етмаган ҳар бир одам, гарчи у араб тилини яхши билиб, ӯз назарида оят ва ҳадисларнинг маъносини тушунсада, мужтаҳид имомга эргашиши лозимдир. Бинобарин, ислом уммати асрлар оша доимо мана шунга амал қилиб келмоқда.
Имом Ҳоким “Мустадрак”да қуйидаги ҳадисни келтиради:
عن ابن عمر رضي الله عنهما ، قال : قال رسول الله صلّى الله عليه وآله وسلّم : "لايجمع الله هذه الأمّة على الضلالة أبداً" ، وقال : "يد الله على الجماعة ، فاتّبعوا السواد الأعظم ، فإنّه من شذّ شذّ في النّار" .
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: “Аллоҳ таоло бу умматни ҳеч қачон залолат узра жам қилмайди”. Ва яна дедилар: “Аллоҳнинг нусрати жамоат устидадир. Бас, “катта қоралик”ка (яъни, умматнинг кӯпчилиги юрган йӯлга) эргашинглар. Чунки, ким ёлғизланиб қолса (яъни, якка йӯл тутса), оташи дӯзахда ҳам ёлғиз қолади”. 
Имом Аҳмад, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа каби муҳаддислар ҳам бу маънодаги кӯплаб ҳадисларни ӯз тӯпламларида келтирганлар.
Агар сон-саноқсиз уламолари билан мазҳаб йӯлини тутиб келаётган бу умматни залолатда айбланса, у ҳолда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг бу уммат ҳақидаги мазкур башоратлари амалга ошмаган бӯлиб қолади. Бу эса у зотга нисбатан туҳматдир. (Бундан барчамизни Аллоҳ асрасин).
Аксинча, мазҳабсизлик йӯлини тутиш ва унга тарғиб қилиш, ҳадисга кӯра оқибати аянчли бӯлган ёлғизланиш ва якка йӯл тутиш ҳисобланади. (Бундан ҳам Аллоҳ барчамизни асрасин).
“Салафий”ларнинг яна бир даъвоси: “Мазҳабга эмас, салафларга эргшашиш керак”. 
Мана шу сўзни айтаётган “салафий”га: “Қаердан бу фикрга келдингиз”, деб савол берсангиз, у: “Албоний, Усаймин ва Ибн Бозларнинг маърузаларидан эшитиб, китобларидан ўқиб шу фикрга келдим”, дейди. 
Фаразан, тўрт мазҳаб имомларига эргашмай, гӯёки салафларнинг йўлидан юрадиган бўлсак, ўша салафларнинг сўзини ва йўлини қандай топамиз, десангиз, “салафий”лар: “Албоний, Усаймин, Ибн Боз ва бошқа олимлар ўз китоблари ва маърузаларида салафлар йўлини баён қилиб, фиқҳий масалаларни айтишган. Биз ўшанга амал қилсак бўлди”, дейди. 
Биз шунда у “салафий”га: “Демак, сиз ҳам аслида салафларнинг эмас, яқин даврда яшаган Албоний, Усаймин, Ибн Бознинг, нари борса ҳижрий еттинчи асрда яшаб ўтган Ибн Таймиянинг йўлига эргашаётган экансиз-да”, деймиз. 
Аслида, Имом Аъзамга эргашиш салафлар йўлини маҳкам тутишдир. Чунки, Имом Аъзам Абу Ҳанифа (роҳимаҳуллоҳ) тобеъин, яъни салафи солиҳлардан бўлиб, у зотнинг илм силсиласи катта тобеъин ва саҳобалар орқали Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га муттасил санад билан боғланади. У зотнинг илм ва ижтиҳодларини шогирдлари ва улардан кейинги уламолар дарс ҳалқаларида ва ёзган китоблари орқали нақл қилиб берганлар. Бу жараён ҳамон узликсиз равишда давом этиб келмоқда. 
Қолган уч мазҳаб имомлари ҳам Албоний ва Усайминдан, ҳатто, Ибн Таймиядан ҳам кўра салафлар даврига яқин яшаганлар ва уларнинг йўлини булардан кўра яхши билганлар. 
Шундай экан, асоси йўқ даъволарни четга суриб, бир минг икки юз йилдан бери давом этиб келаётган тўртта мазҳабнинг бирига эргашиб, ибодатларни адо қилиш энг тўғри иш ва салафлар йўлини маҳкам тутиш ҳисобланади. Аллоҳ таоло барчамизни мана шу йӯлда собит қилсин!
Мир Араб олий мадрасаси ӯқитувчиси Асрорхон Маҳмудов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:16
Пешин: 13:10
Аср: 18:35
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:50
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram