Мазҳаблар — бирлик рамзи
27 апрел 2026 й.
«орқага
152 марта ўқилди.
Мазҳаблар — бирлик рамзи
Ислом дини инсониятни ягона эътиқод, ягона мақсад ва эзгу қадриятлар атрофида бирлаштиришга чақирувчи мукаммал тизимдир. Унда ихтилоф эмас, балки ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик асосий ўринни эгаллайди. Шу нуқтаи назардан қараганда, мазҳаблар ҳам ислом уммати ичидаги парокандалик эмас, аксинча, бирликни таъминловчи муҳим омил сифатида намоён бўлади.
Мазҳаб сўзи араб тилидан олинган бўлиб, “йўл”, “услуб” маъноларини англатади. Исломда мазҳаблар — Қуръон ва суннатга асосланиб, фиқҳий масалаларни тушуниш ва татбиқ этишда шаклланган илмий мактаблардир. Уларнинг пайдо бўлиши турли ҳудудлар, шароитлар ва ижтимоий эҳтиёжлар билан боғлиқ бўлган.
Тарихан тўрт асосий сунний мазҳаб шаклланган: ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблар. Ушбу мазҳаблар ўртасидаги фарқлар асосий ақидада эмас, балки баъзи фиқҳий масалаларни талқин қилишда намоён бўлади. Бу эса исломнинг кенг қамровли ва мослашувчан дин эканлигини кўрсатади.
Мазҳабларнинг мавжудлиги инсонлар учун енгиллик ва қулайлик яратади. Чунки ҳар бир мазҳаб муайян шароит ва эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда ҳукм чиқаради. Бу эса турли миллат ва маданият вакилларига ислом аҳкомларини амал қилишда осонлик беради. Демак, мазҳаблар ихтилоф манбаи эмас, балки рағбат ва имконият манбаидир.
Афсуски, баъзан мазҳаблар нотўғри тушунилиб, улар орқали ажралиш ёки низо келтириб чиқариш ҳолатлари ҳам учраб туради. Аслида эса, уламолар мазҳаблар ўртасида ҳурмат ва бағрикенгликни тарғиб қилганлар. Улар бир-бирларининг фикрларини рад этмаган, балки илмий ихтилоф сифатида қабул қилганлар.
Бугунги кунда глобаллашув шароитида ислом уммати олдида турган асосий вазифалардан бири — бирликни сақлашдир. Бу йўлда мазҳабларни тўғри англаш ва уларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки мазҳаблар — бирликка хизмат қилувчи восита, эмаски бўлиниш сабаби.
Хулоса қилиб айтганда, мазҳаблар ислом динининг бой илмий мероси бўлиб, улар орқали диннинг мазмун-моҳияти янада чуқурроқ англаш мумкин. Уларни тўғри тушуниш ва амал қилиш эса жамиятда тинчлик, ҳамжиҳатлик ва барқарорликни таъминлайди. Демак, мазҳаблар — ҳақиқатан ҳам бирлик рамзидир.
Нарзилло Ахмедов,
Мир Араб олий мадрасаси “Диний фанлар” кафедраси мудири















