Таҳоратга оид фатволар (давоми)
18 март 2020 й.
1526 марта ўқилди.
ТАҲОРАТ
Таҳоратга оид фатволар (давоми)
69-ФАТВО
Таҳорат қилгач, икки оёғини нопок ерга қўйса, қаралади: агар ер қаттиқ ва қуруқ бўлиб, узоқ турмай, дарҳол оёқларини ердан олса, зарари йўқ. Аммо оёқлари қуриган, ер эса нам бўлиб, оёқларига ўша намлик ўтса, уларни ювиши лозимдир.
«Сирожия».
70-ФАТВО
Гул, қовун, тарвуз сувлари, сут, сирка каби суюқликлар тоза ҳисобланади ва улар билан қўл, кийимлар ювилса, тоза бўлади, лекин улар билан таҳорат ёки ғусл қилинмайди.
«Сирожия».
71-ФАТВО
Таяммумни барча ер жинсидан бўлган нарсалар билан қилиш мумкин. Масалан, қум, чанг, тош, оҳак, сурма, ганч, зирних (маргимуш), ёқут, маржон, зумрад, фируза, ғишт ва бошқалар. Аммо кул, қўрғошин, олтин, кумуш, шиша, туз, лой каби нарсалар билан таяммум қилинмайди. Имом Сарахсий ва Ҳусомиддин (р.ҳ.) сўзига кўра, тоғ тузлари билан таяммум қилиш жоиз, сув тузлари билан мумкин эмас. Олтин, кумуш, темир, мис каби металлар ердан олиниб, буюм ясалмай турган ҳолатида улар билан таяммум қилиш мумкин.
«Сирожия», «Нафъул-муфтий».
72-ФАТВО
Тўққиз ёшга етмаган қиз боладан ҳайз қони келса, у шаръан ҳайз ҳисобланмайди.
«Сирожия».
73-ФАТВО
Рўзадор киши таҳоратда оғзини ғарғара қилмай чаяди. Сув томоққа кетиб қолиш хавфи бўлгани учун ғарғара қилиш макруҳ ҳисобланади.
«Нафъул-муфтий»,
«Ҳошиятул Виқоя».
74-ФАТВО
Қалин соқолли одам таҳоратда соқоли остига сув етказиши шарт эмас, балки устки қисмини ювиб қўяверади. Аммо соқоли сийрак киши соқоли остига сув етказиши фарз амаллардан ҳисобланади. Ғуслда эса, қалин соқол остига ҳам сув етказиш шартдир.
«Нафъул-муфтий»,
«Шарҳи Ниқоя», «Бадое».
75-ФАТВО
Инсоннинг баданидан чиққан тер шаръан тоза ҳисобланади. Аммо муттасил арақ ичишга мубтало бўлган кишининг тери нажасдир.
«Сирожия», «Захоир».
76-ФАТВО
Оғиз тўлиб қайт қилиш таҳоратни синдиради. Аммо овқат ошқозонга етиб бормасидан қайт қилса, таҳорат синмайди.
«Сирожия»,
«Хизонатур-ривоёт».
77-ФАТВО
Балиқнинг ичидан чиқадиган қонга ўхшаш нарса қон ҳисобланмайди. У тозадир. Зеро, қон қуёшга тутилса, қорайиши керак. Балиқдан чиққан нарса эса офтобда оқаради.
«Нафъул-муфтий».
78-ФАТВО
Ит сувга беланиб силкинганида сачраган сув кийимга тегса, қаралади: агар сув ит юнгини остигача ивитган ва унинг кийимга теккан миқдори бир дирҳамча бўлса, кийим нопокдир. Борди-ю, ит юнгининг устки қисмигина ивиган бўлса, сачраган сув кийимни нопок қилмайди.
«Нафъул-муфтий», «Жомеъул-музмарот».
79-ФАТВО
Кийимнинг нажосат теккан ери унутилиб, уни топиш имкони бўлмаса, бир жойи қасд қилиниб, ювиб қўйилаверади. Шунингдек, хирмон янчиётган от-эшаклар тезагини ажратиб олиб ташлаш қийин бўлгани сабабли бир қисм дон олиб ювилса ёки ювмай эҳсон қилинса, янчилган доннинг ҳаммаси покланган бўлади.
«Мухтасар», «Нафъул-муфтий», «Хулоса».
80-ФАТВО
Гилам, палос каби сувини сиқиб чиқариш мумкин бўлмаган нарсаларга нажас теккан бўлса, улар бир кеча оқар сувга ташлаб қўйиш билан покланади.
«Нафъул-муфтий», «Фатҳул-Қадир», «Мухтасар».
81-ФАТВО
Суюқ асалга нажас тушса, уни поклаш учун ўнга икки миқдорида, яъни асалнинг бешдан бирича сув қўшиб қайнатилади. Сув буғланиб тамом бўлиши билан яна сув қуйиб, ушбу жараён уч марта такрорланади.
«Нафъул-муфтий», «Қуня».
82-ФАТВО
Бадан, кийим, идиш ва бошқа нарсаларни поклаш учун ишлатиладиган воситаларнинг турлари кўпдир. Масалан:
Сув. Тоза сув покловчи восита ҳисобланади. Бинобарин, бир марта ишлатилган сув «мустаъмал» бўлиб қолиши сабабли унинг поклаш воситаси бўлиш-бўлмаслигида ихтилоф қилинган. Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф (р.ҳ.) наздида, «мустаъмал» сув нажас саналиб, бошқа нарсани поклай олмайди. Муҳаммад (р.ҳ.) наздида эса, у тозалиги сабабли бошқа нарсани ҳам поклашга ярайди.
Сувдан бошқа суюқлик турлари. Сирка, ишқор каби суюқликларнинг сув ўрнига ўтиш шарти – суюқ ҳолатда бўлиши билан бирга нажосатни кетказувчи, тоза суюқликлар сирасига кирувчи бўлишидир. Шунга кўра, ёғ, сут, қон, сийдик каби суюқликлар ҳеч нарсани поклай олмайди. Ўзи нажосат бўлгач, нарсадаги нажосатни кетказган тақдирда ҳам, барибир ювилган жойини нопок қилиб қўяверади. Масалан, сийдик билан кийимдаги қонни кетказиш мумкин. Лекин қон кетиб, сийдик асорати сақланиши оқибатида кийим нопоклигича қолаверади.
Ерга суртиш. Оёқ кийимлари остига нажосат тегса, Абу Ҳанифа билан Абу Юсуф (р.ҳ.) наздида, ерга ишқаш билан поклаш мумкин. Имом Муҳаммад, Зуфар, Шофиъий, Молик (р.ҳ.) наздида, фақат сув билан ювиш туфайлигина тозаланади. Қуригандан кейин белгиси қолмайдиган суюқ нажосатлар фақат сув билан ювиб покланади. Лекин қайси восита билан бўлса-да, нажосатнинг ҳиди, ранги қолмагунча тозаланса, ҳар қандай нарса тоза бўлаверади, деб иттифоқ этилган.
Ишқалаш. Кийимда қуриб қотиб қолган манийни ишқалаш билан ҳам либос пок бўлади.
Тупроқ. Шиша, пичоқ ва бошқа қаттиқ металлдан ясалган силлиқ асбоблар ерга, тупроққа ёки бошқа матоҳларга артиш ва ишқаш билан покланади.
Матоҳ билан артиш. Қон олинган аъзодаги қон юқини латта, пахта, бинт каби нарсалар билан артиб тозалаш мумкин.
Олов. Ўрнида айтиб ўтилганидек, сўйилган ҳайвон калласи қонга беланган бўлса-да, оловда куйдирилса, у покланган ҳолда пишади. Унинг шўрваси ҳам ҳалол. Қизиган тандирга нопок сув сепиб қуритилгач, пиширилган нон тоза ҳисобланади. Темирдан ясалган асбобларга теккан нажосат ҳам олов билан покланади.
Бир жинсдан бошқа жинсга айланиш. Ароқ сиркага айлантирилса, ҳалол бўлади. Туз конига сингиб кетган эшак, чўчқа каби ҳайвонлар билан туз нопок бўлиб қолмайди. Бу Абу Ҳанифа билан Муҳаммад (р.ҳ.) наздида шундай. Аммо Абу Юсуф (р.ҳ.) наздида, туз нопок бўлади. Фатво олдинги ҳукмга берилган.
Кесиш. Тахта, ёғоч каби нарсаларнинг нажосат теккан жойи кесиб ташланса, қолган қисми пок ҳисобланади.
Ерни ҳайдаш. Нажосат тушган ерни чопиш, ҳайдаш, ағдариш каби ишлов билан поклаш мумкин.
Ўйиб олиб ташлаш. Масалан, қотиб қолган ёғ, мой, қаймоқ каби нарсаларга сичқон ёки бошқа палид нарса тушса, ўша нарса атрофи билан ўйиб олиб ташланса, қолгани пок ҳисобланади.
Оқар ҳовуз. Кичик ҳажмдаги ҳовузга сув бир томондан кириб, иккинчи тарафдан чиқиб кетаётган бўлса, унга нажас тушса, нопок қилмайди.
Ошлаш. Ўлимтик ва гўшти ҳаром ҳайвонларнинг териси ошлаш билан тоза бўлади. Ўлимтикнинг юнги, суяги, пайи ҳам тоза ҳисобланади. Териси ошлашни қабул қилмайдиган ҳайвонлар териси покланмайди. Масалан, илон, сичқон кабиларнинг териси ошлашни қабул қилмайди. Итнинг териси нажас, юнги эса, тоза дейилган.
«Бисмиллоҳ» билан сўйиш. Гўшти ейилмайдиган (чўчқадан бошқа) ҳайвонларни мусулмон одам «Бисмиллоҳ» билан сўйса, териси, гўшти тоза бўлиб қолади. Аммо ейиш учун ҳалол бўлмайди.
Ернинг қуриши. Ерга нажосат тушган бўлса, қуриб асорати кетиши билан ер тоза бўлади. Имом Зуфар, Аҳмад ва Шофиъий (р.ҳ.) наздида, ювилмагунча тоза бўлмайди. Ерга ёпишиб турган, масалан, девор, дарахт, гиёҳ, қамишга ўхшаган нарсалар ҳам худди шундай. Шағал ҳукми ҳам тупроқ кабидир.
Агар дарахт ёки қамишдан кесиб ёки синдириб олинса ва унга нажас тегса, фақат ювиш ёки кесиб ташлаш билан тоза бўлади. Ерга ётқизиб терилган ғиштлар ҳам ер ҳукмидадир.
Сувини чиқариш. Қудуқ сувига нажас тушса, белгиланган миқдорда сув олиб ташлаш билан қудуқдаги қолган сув пок ҳисобланади.
Тақсимлаш. Аввал айтилганидек, донни янчиётган ҳайвонлар сийдиги аралашиб кетган дон тақсимлаб олинса, ёки бир қисми олиб ювилса, ёхуд бировга бериб юборилса, қолган қисми ҳалол ҳисобланади.
Бир қисмини ювиш. Агар кийимнинг бир ерига нажас тегса, кейин унинг қайси жой экани маълум бўлмаса, бир ўрни қасд қилиб ювилса, қолган қисми ҳам тоза ҳисобланади.
«Нафъул-муфтий».
83-ФАТВО
Кийим юпқалигидан йиртилиб кетмасин деб ювганда сиқмаган бўлса ҳам, зарурат юзасидан шу кийимда намоз ўқиш жоиз бўлади.
«Нафъул-муфтий»,
«Дуррул-мухтор».
84-ФАТВО
Замзам суви билан ғусл қилиш жоиз, лекин истинжо қилиш макруҳдир.
«Нафъул-муфтий»,
«Дуррул-мухтор».
85-ФАТВО
Дашт, саҳро жойлардаги тошлар устига сийиш, улар билан истинжо қилиш жоиз эмас. Зеро, тошли жойлар жинлар маскани ҳисобланади. Шунингдек, суяк ва тезаклар билан ҳам истинжо қилинмайди. Зеро, суяклар жинлар озуқаси, тезаклар эса (жинлар) уловларининг озуқасидир.
«Нафъул-муфтий».
86-ФАТВО
Қасддан бетаҳорат намоз ўқиган киши кофир бўлади. Имом Ҳалвоний сўзига кўра, таҳоратнинг фарзлигини билиб туриб, бетаҳорат намоз ўқиган киши зиндиқдир.
«Қозихон».
87-ФАТВО
Ҳайз кўрган аёл ҳар бир намоз вақти кирганда таҳорат олиб, ҳар куни ўқийдиган жойига ўтириб, бир намоз ўқиганчалик вақт мобайнида тасбеҳ, таҳлил ўқиб ўтириши мустаҳаб амаллардан ҳисобланади.
«Сирожия».
88-ФАТВО
Йиртқич қушларнинг оғзидан қолган сув ёки таом макруҳдир. Лекин улар қафас ёки бошқа иҳота қилинган жойларда тоза емиш билан боқилаётган, тумшуқлари нопок нарсадан ифлосланмаётган бўлса, уларнинг оғзидан қолган ёки оғзи теккан нарса макруҳ эмас. Бу Абу Юсуфнинг (р.ҳ.) сўзлари бўлиб, шундай деб берилган фатвони машойихлар маъқуллашган.
«Захоир».
89-ФАТВО
Катта ҳовуз ёки оқиб турган ариқ сувига ҳайвон тезаги ёки бошқа нажосат турларидан бири тушган бўлса, уни бирор идиш билан олиб ташлаганда шу идиш ва унинг ичидаги сув нопок бўлади. Ҳовуз ва ариқ суви эса поклигича қолади.
«Захоир».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
muslim.uz сайтидан
«орқага