Қайси ҳолларда аёлни талоқ қилишга рухсат берилган?
16 феврал 2023 й.
«орқага
279 марта ўқилди.
Қайси ҳолларда аёлни талоқ қилишга рухсат берилган?
“Талоқ” сўзи луғатда “бирор нарсани бўшатиб қўйиш” маъносини англатади. Эр-хотин никоҳ билан боғланиб оила қуради. Лекин феъл-атворлари бир-бирига мос келмаслиги, фарзанд кўрмаслик каби сабаблар туфайли ажралишга тўғри келиб қолиши мумкин. Талоққа рухсат бермаслик инсон табиатига қарши ҳукмдир. Ислом шариати шунинг учун аёлни қийнамаслик мақсадида эркакка “талоқ” айни чоғда аёлга “хулуъ” ҳаққини берди. Яъни аёл киши эри билан яшашни хоҳламаса, қозига ариза бериб ажраб кета олади.
Аммо талоқ охирги чора, ноилож нуқтадир. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол нарса талоқдир”, дедилар” (Абу Довуд, Имом Ҳоким. Имом Ҳоким саҳиҳ деган). Бирор жойда талоқ содир бўлса, Аллоҳнинг арши ларзага келади. Демак жаҳл чиққанда ёки сархушликда, бўлар бўлмасга “талоқ” сўзини тилга олиш ярамайди.
Аёл уч ҳайз кўриш миқдорида идда ўтиргандан сўнггина бошқа кишига турмушга чиқиши мумкин. Талоқ қилингандан кейин эр аёлнинг иддаси чиққунча таом, кийим, маскан кўринишида унга нафақа қилиб туради. Талоқ қилинган аёл агар хомиладор бўлса, эр у то кўзи ёригунга қадар нафақа билан таъминлаб туради. Агар аёл талоқ қилган эридан бўлган болани эмизса, агар хоҳласа, ана шу болани эмизгани учун ҳақ олади.
Аллоҳ таоло амр қилиб айтадики, талоқ қилинган аёлларингизни ўзингиз яшаб турган масканда яшашига имкон яратинг. Яъни талоқ бўлди, деб масканингиздан чиқариб юборманг, яхши жой бўлмаса, бундайроғи ҳам бўлаверади, деганидир. Шариатимизда ажралаётган аёлга эр томонидан совғалар бериш ҳам жорий қилинган.
Изоҳ: Аслида иддадан мақсад эр-хотинга ярашиш учун имконият яратишдир. Идда пайтида эр ва хотин ҳеч бир қийинчиликсиз яна оилаларини тиклай оладилар.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ажримларда ажралаётган аёлнинг ҳуқуқлари аниқ белгилаб қўйилган. “Уч талоқсан” дейиш билан аёлни, баъзи ҳолатларда болалари билан яшайдиган масканидан жудо қилиш, кун кечириши учун шароит яратиб бермаслик шариатга ҳам, амалдаги қонунларимизга ҳам зиддир. Аллоҳ таоло барчамизни оилаларимизни барокатли, мустаҳкам, саодатли қилсин. Беҳуда ажримлардан Ўзи асрасин.
“Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий” жомеъ масжид
имом-хатиби Ғолиб Очилов