АЛЛОҲНИНГ ЗИКРИ ИЛА ҚАЛБЛАР ОРОМ ОЛУР!
20 август 2021 й.
1488 марта ўқилди.

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ رَبِّ الْعَالَمِين وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الْاَمِين، وَعَلَى آلِهِ وَأصْحَابِهِ أَجْمَعِيْنَ أَمَّا بَعْدُ

АЛЛОҲНИНГ ЗИКРИ ИЛА ҚАЛБЛАР ОРОМ ОЛУР!

Муҳтарам жамоат!  Юртимиз аҳли 2021 йил 15 август куни улкан мусибатга, оғир жудоликка учради. Кўп йиллардан бери нафақат юртимиз, балки минтақадаги мамлакатларга ҳам сермаҳсул хизматлари билан танилган, фазилатли уламо, улуғ устоз, муфассир, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимов ҳазратлари фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар... У кишининг ҳаққига истиғфор айтиб, Аллоҳ таолодан  раҳмат сўраш –   ҳар биримизнинг зиммамиздаги бурчдир. Аллоҳ таоло марҳум муфтий ҳазратларини эллик йиллик дини мубинимиз йўлидаги беқиёс хизматлари, илм-маърифат, зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини барча саҳву хатоларига каффорат қилиб, раҳматига сазовор айлаб, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!

Азиз жамоат! Динимизда тарғиб қилинган, савобли ва Парвардигорга севимли амаллардан бири – Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш, уни ҳамду санолар билан эслаб ёд этишдир. Зеро Аллоҳ таолони эслаб ёд этиш бандага дунё ва охиратда кўплаб фойдалар келтиради.

Биринчидан, банда Аллоҳ таолони зикр қилиш билан Роббисининг илоҳий буйруғини бажарган бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اذْكُرُوا اللَّهَ ذِكْرًا كَثِيرًا  وَسَبِّحُوهُ بُكْرَةً وَأَصِيلًا

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилингиз ва эртаю кеч Унга тасбеҳ айтингиз!” (Аҳзоб сураси 41-42-оятлар).

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу бу оят ҳақида шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло нимани фарз қилса, унга чегара қўйган, кейин уни бажарадиганларга узрли ҳолатларни баён қилган. Аммо Аллоҳ таолони эслаб ёд этиш учун чегара қўйилмаган. Нисо сурасининг 103 оятида: “Намозни адо этиб бўлганингиздан сўнг, турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларингизда (ҳам доимо) Аллоҳни ёд этинг!”, деб марҳамат қилган. Ақли ҳуши жойида бўлган  киши учун зикрни тарк қилишга узр йўқ.

Аллоҳ таолонинг “Аллоҳни кўп зикр қилингиз”, деган сўзининг маъноси эртаю кеч, денгиз ва қуруқликда, соғлик ва касалликда ҳамда ошкор ва махфий “Аллоҳни зикр қилинг”, деганидир. Муфассир Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Кўп зикр қилиш  У Зотни ҳеч унутмасликдир” (Тафсири Бағавий китобидан).

Зикрнинг фазилати ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:

أَلاَ أُنَبِّئُكُمْ بِخَيْرِ أعْمالِكُمْ، وأزْكَاهَا عِنْدَ مَلِيكِكُمْ وأرْفَعِهَا في دَرَجَاتِكُمْ وَخَيرٍ لَكُمْ مِنْ إنْفَاقِ الذَّهَبِ والفِضَّةِ وَخَيْرٍ لَكُمْ مِنْ أن تَلْقَوا عَدُوَّكُمْ فَتَضْرِبُوا أعْنَاقَهُمْ وَيَضْرِبُوا أعْنَاقَكُمْ قَالَوا بَلَى، قَالَ ذِكر الله تَعَالَى

(رواه الإمام الترمذي عن أَبي الدرداءِ رضي الله عنه)  

яъни: “(Эй, мусулмонлар!) Амалларингизнинг яхшисига далолат қилайинми?! Роббингиз наздида покизаси, даражангизни кўтарувчиси, тилла ва кумуш инфоқ-эҳсон қилишингиздан яхшироғи, душманга йўлиқиб, уларга сиз, сизга улар қилич билан зарба беришиданда яхшироғи...?!” “Ҳа, айтинг”, дейишди саҳобалар. У Зот алайҳиссалом: “Амалларнинг яхшиси – Аллоҳ таолонинг зикридир”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари).

Иккинчидан, Аллоҳ таоло мағфират ва улуғ ажр ваъда қилган эркак ва аёллардаги бир нечта сифатлардан бир сифатга эга бўлади. Қуръони каримда шундай дейилади:

 وَالذَّاكِرِينَ اللَّهَ كَثِيرًا وَالذَّاكِرَاتِ أَعَدَّ اللَّهُ لَهُمْ مَغْفِرَةً وَأَجْرًا عَظِيمًا

яъни: “...Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир” (Аҳзоб сураси 5-оят).

Демак, бир қанча савоб ишлар қаторида қалби, тили ва аъзолари билан Аллоҳ таолони зикр қилувчиларга гуноҳларининг кечирилиши ва охиратда улуғ ажр – жаннат тайёрлаб қўйилган. (Тафсири Табарий китобидан). Аъзолар билан зикр қилиш – аъзоларни савоб амалларга ишлатишдир.

 Пайғамбаримиз алайҳиссалом зикр қилувчи киши ва зикр қилмайдиган кишини қуйидагича тасвирлайдилар:

 مَثَلُ الذي يَذْكُرُ رَبَّهُ وَالَّذِي لا يَذْكُرُ رَبَّهُ، مَثَلُ الْحَيِّ وَالْمَيِّتِ 

( متفق عليه عن أبي موسى رضي الله عنه)

яъни: “Роббисини зикр қилувчи ва Роббисини зикр қилмайдиган кишининг мисоли худди тирик ва ўлик кабидир” (Муттафақун алайҳ).

  Учинчидан, мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш сабабли қалб хотиржамлигига эришадилар. Шундан кейин улар дунёдаги синовларни осонлик билан енгадилар. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

 الَّذِينَ آَمَنُوا وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُمْ بِذِكْرِ اللَّهِ أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ

яъни: “Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)” (Раъд сураси 24-оят).

Аллоҳ таолонинг зикри қалбга таскин олиб келиш билан қийинчиликни енгилликка, ғамни хурсандчиликка айлантирувчи ва неъматларни жалб қилувчидир. Ҳеч бир нарса Аллоҳ таолонинг зикри каби қийинчиликни даф қила олмайди. Пайғамбаримиз алайҳссалом маҳзун бўлганларида:

لا إلَهَ إلَّا اللَّهُ العَظِيمُ الحَلِيمُ، لا إلَهَ إلَّا اللَّهُ رَبُّ العَرْشِ العَظِيمِ، لا إلَهَ إلَّا اللَّهُ رَبُّ السَّمَوَاتِ ورَبُّ الأرْضِ، ورَبُّ العَرْشِ الكَرِيمِ

яъни: “Улуғ Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! Ҳалим Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! Осмонлар, ер ва Аршнинг Роббиси Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!”, деб дуо қилардилар.

Гоҳида Юнус алайҳиссаломнинг балиқ қорнида айтган зикрларини эслатиб, ким шу зикрни қилса, Аллоҳ таоло унинг ғамини кетказишини айтардилар:

لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ

яъни: “Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен айбу нуқсондан поксан! Мен ўзимга зулм қилувчилардан бўлдим”.

Мусъаб ибн Саъд разияллоҳу анҳудан, у киши отасидан бундай ривоят қиладилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. У Зот: “Сизлардан бирингиз ҳар куни мингта савобни қўлга кирита олмайдими? – дедилар. Шунда У Зотнинг ҳамсуҳбатларидан бир киши: “Қандай қилиб бирортамиз мингта савобга эга бўлиши мумкин?” – деб сўради. “Юзта тасбеҳ айтади. Шунда унга мингта савоб ёзилади ва ундан мингта гуноҳ ўчирилади”, – дедилар. (Имом Табароний ривоятлари).

Демак, 1 марта “Субҳаналлоҳ” деган бандага 10 та савоб ёзилади ва ундан 10 та гуноҳ ўчирилади. Ваҳоланки, бунга 1 сония вақт кетади холос. Бундан Исломда савоб амал қилиш жуда ҳам осонлиги келиб чиқади. Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

مَنْ قَالَ: سُبْحَانَ اللهِ العَظِيمِ وَبِحَمْدِهِ غُرِسَتْ لَهُ نَخْلَةٌ فِي الجَنَّةِ

 رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ جَابِرٍ رضي الله عنه

яъни: “Ким “субҳаналлоҳил азийм ва биҳамдиҳи” деса, унга жаннатда бир хурмо экилади”– деганлар (Имом Термизий ривоятлари).

Ким ўзининг жаннатдаги боғида хурмолари кўп бўлишини истаса, мазкур ривоятда келган зикрни кўпроқ айтсин. Бу эса жуда ҳам осон. Бир дақиқанинг ўзида уни бир неча бор айтиш мумкин бўлади.

Азизлар! Мазкур зикр-тасбеҳлардан бошқа яна бир қанча зикрлар бор. Масалан, “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллоҳ”, “Аллоҳу акбар”, “Астағфируллоҳ”, “Саййидул истиғфор”,  турли салавотлар ва бошқалар. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, зикрларнинг энг улуғи Қуръон тиловати бўлиб, ҳар бир мусулмон тиловати Қуръонга ваъда қилинган ажру савоблардан насибадор бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу кунда ўн икки минг марта, Холид ибн Марвон эса юз минг марта тасбеҳ айтар эди.

Бир киши дўстидан: “Уйингиздан ишхонангизга боргунча йўл қанча вақт олади?”, деб сўрабди. Дўсти: “Агар йўл тиқилинч бўлса, саккиз юзта тасбеҳни, агар йўл очиқ бўлса, икки юз элликта тасбеҳни олади”, деб жавоб берибди. Жавобнинг гўзаллигига қаранг!

Демак, шариатимиз зикр қилишга катта йўл очиб, юрганда ҳам, турганда ҳам, касб-ҳунар билан машғул бўлганда ҳам, улов минишда ҳам ва бошқа зикр қилишга имкон бўладиган ишлар билан машғул бўлганда ҳам, у билан машғул бўлишга рухсат берган. Ҳатто таҳоратсиз ҳолда ҳам зикр қилишга рухсат берилган.  Аёллар узрли бўлган пайтларида таҳоратли ҳолатда юришларининг имкони йўқ. Шундай бўлсада, шариатимиз уларга бундай пайтларда Қуръон тиловатидан бошқа барча зикрларни қилишга рухсат берган. Шундай экан, мусулмон киши мазкур ҳолатларда ҳам зикр қилиб, катта ажру савобларга эришиши мумкин.

Хулоса шуки, Аллоҳ таолонинг розилигини топиш ва охиратда ютуққа эришиш мусобақасида ғолиб бўлувчилар Аллоҳ таолонинг зикрини кўп қилувчи мўмин ва мўминалардир. Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: “Муфарридлар пешқадам бўлдилар”. “Эй, Аллоҳнинг Расули! Муфарридлар кимлар?”, дейишди. У Зот алайҳиссалом: “Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчи эркак ва аёллар”, – деб жавоб бердилар.

Аллоҳ таоло барчамизни кўп зикр қилувчи бандаларидан қилиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин! Омин! 

Эслатма: Ҳурматли имом-домла! Намозларни очиқ майдонда, барча карантин қоидаларига амал қилган ҳолда адо этилиши ҳамда жума хутбаси, дуолари ва қироатларининг мухтасар бўлишини таъминлашингизни сўраймиз!

  

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:00
Куёш: 06:47
Пешин: 13:10
Аср: 17:25
Шом: 19:05
Хуфтон: 20:25
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram