Аллоҳ қаерда ёки «Айналлоҳ»
19 феврал 2016 й.
5761 марта ўқилди.

 

Аллоҳ қаерда ёки «Айналлоҳ»
 
Баъзи фитнали саволни кўтариб мусулмонларни бошини оғритиб юрадиган инсонлар: «Аллоҳ қаерда», деган савол билан аҳли илмга мурожат қилади. Уларнинг айтишича сизнинг мусулмон ёки мусулмонмаслигингиз мана шу саволга жавоб беришингиздан кейин маълум бўлар экан. 
Аслида бу фитнали савол бўлиб, бу саволни берган киши билан гаплашиб ҳам ўтирилмайди, балки Имом Молик қилганларидек ундай бидъатчини ўз ҳузуридан ҳайдаб чиқариш лозим. 
Қуйида ушбу саволни берган кишига ўз даврининг етук олими Шайхул ислом Абу Исҳоқ Шерозийнинг(393-476ҳ./ 1003-1083м) берган жавобларини келтириб ўтамиз:
Шайхул ислом Абу Исҳоқ аш-Шерози  айтадилар: 
Агар: «Аллоҳ аршда бўлмаса, осмонда бўлмаса ёки бирор бир жиҳат(томон)да бўлмаса. Унда У қаерда», дейилса. 
 
Бу савол берувчиларга қуйидагича жавоб берилади: «Сизларнинг биринчи билимсизлигингиз: Аллоҳни «айна (яъни қаер)» лафзи билан сифатлашингизда. Чунки «айна» лафзи маконни аниқлаб олишда ишлатилади. Аллоҳ эса макондан беҳожатдир. 
Сўнг улардан: «Сизлар арш, осмон ва барча жиҳат(томон)ларни яратилган нарса деб биласизларми, ёки йўқ», деб сўралади. Агар: «Йўқ бу нарсалар яратилмаган», дейишса, унда улар (атеистлардек) бу олам қидам(яъни азалдан бўлган уни ҳеч ким яратмаган) деган бўлади. 
 
Сўнг улар билан олам ҳодис (яъни яратилган) ми ёки ҳодис эмасми, деган баҳсга ўтилади. Агар ҳақ аҳли айтганидек «Олам ҳодис, жиҳат(томон)лар ҳам яратилган», дейишса, уларга: «Аллоҳ мана шу нарсаларни яъни оламни, осмонни, аршни ва жиҳатни яратмасидан олдин ҳам бор эдими, мана шу нарсаларни йўқдан бор қилган зот Аллоҳми ёки йўқми?», деб савол берилади. Агар улар: «Булар яратилмасидан олдин Аллоҳ йўқ эди ва буларни яратган зот Аллоҳ эмас», деб жавоб беришса, унда Аллоҳни ҳам ҳодис, деган бўлишади ва бу очиқ ойдин куфр ҳисобланади. Агар ҳақ аҳлига мувофиқ ўлароқ: «Аллоҳ улар (яъни осмон, арш ва жиҳат)ни яратмасидан олдин ҳам бор эди», дейишса, унда уларга: «Аллоҳ буларни(яъни осмон, арш ва жиҳатни) яратмасидан олдин қаерда эди?», деб савол берилади. 
 
Мана шу нарсалар яратилмасидан олдин Улар айтадиган далиллари, биз учун мана шу нарсалар яратилгандан кейин айтадиган далилимиз бўлади. Чунки Аллоҳ барча махлуқотларни яратмасидан олдин қандай бўлса, махлуқотларини яратгандан кейин ҳам худди шундай турибди. Аллоҳга нисбаттан бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўзгариш, бир макондан иккинчи маконга ўтиш содир бўлмайди. 
 
Қуръонда Иброҳим алайҳисалом қиссаларида: «Кеч киргач Иброҳим юлдузни кўриб: «Бу менинг Роббим», деди. Юлдус сўнгач эса(яъни бир макондан иккинчи маконга, бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтгач) Иброҳим: «Мен ўзгарувчи ва кўчувчи нарсани ёқтирмайман», деди.», дейилади. Кимики қадим бўлган(яъни азалдан бор бўлган ҳеч ким уни яратмаган) зотни Иброҳим алайҳиссалом нафий қиллган сифатлар билан(яъни ўзгарувчи ва кўчувчи сифат билан) васфласа у мусулмон ҳисобланмайди. 
 
Агар: «Аллоҳ бирор жиҳатда бўлмаса, унда осмонга қараб дуо қилишимизни нима фойдаси бор. Бундан ташқари Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам меърожда осмонга чиққанлар-ку», дейилса. Уларга: «Агар Аллоҳ теппада деювчи кишига тўғри айтаяпсан дейилса, бошқа бир инсон: «Аллоҳ қибла томонда. Чунки намоз ўқиятганда барчамиз қиблага қараймизку», дейишга ўтади ва яна бири: «Йўқ. Аллоҳ пасда. Чунки биз сажда қилганда пешонамизни ерга қўямизку. Ахир ҳадисда «Инсон Роббисига энг яқин бўладиган пайти бу саждадалигидадир», дейилган-ку. Бундан ташқари оятда: «Сажда қил ва яқинлаш», дейилган», дейди. 
 
Шуни билинки Агар Аллоҳ юқори томонда бўлганида, сажда қилган одамга, «Аллоҳга энг яқин бўлган инсон», дейилмасди. Худди шунингдек намозхон қиблага юзлангани учун, «Аллоҳ қиблада» ёки инсон сажда қилганда ерга сажда қилгани учун «Аллоҳ ерда», деб бўлмайди. Намозхон қиблага юзланишлиги Аллоҳ қибла томонда эканлиги ифода қилмаганидек, Осмонга қўл кўтариб дуо қилиши Аллоҳ осмонда эканлигини ифода қилмайди. Мусо алайҳисалом тоққа чиқиб Аллоҳ билан гаплашганлари, Аллоҳ ўша тоғда деганини ифода қилмаганидек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни меърожда осмонга чиққанлари бу Аллоҳ осмонда деганини ифода қилмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меърожда осмонга чиқишлари бу у зотнинг бошқа пайғамбарлардан даражалари олий эканлигини билдириш учундир», деб жавоб берилади». 
 
Имом Абу Исҳоқ Шерозийнинг  "Ал-Ишарат ила Мазхаб Ахлул Хақ" китобидан
 
Имом Шерозий туғрисида олимларнинг сўзлари
Имом Нававий (хижрий 631-676 й.) Имом Шерозийнинг "Ал-Муҳаззаб" китобларига ёзган шарҳларида айтадилар:
 
У киши муҳаққиқ, мутқин, мудаққиқ, турли хил фанларни ўзида жамлаган ва кўплаб фойдали китобларни соҳиби, зоҳид, обид, тақводор, дунёдан юз ўгирган охиратга қалби билан юзланган, Аллоҳнинг динини нусрати учун жонини фидо қиладиган, ҳавойи нафсига итоат қилишдан узоқ бўлга, солиҳ, ориф, ибодат билан илмни ўзида жамлаган, дин вазифаларини тўхтовсиз бажарадиган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашувчи саноқли олимлардан бири бўлган Абу Исъҳоқ ибн Али ибн Юсуф ибн Абдуллоҳ Шерозий Ферузободийдирлар.
 
Имом Самъоний у киши ҳақларида: «Абу Исъҳоқ  шофиъий мазҳабидаги буюк имом, Боғдоддаги Низомия мадрасасида мударрис эдилар. Ўз даврларининг шайхи ва оша асрнинг имоми эдилар. Илм олиш мақсадида у кишининг олдиларига турли ўлкалардан толиби илмлар келган. Абул Аббос ибн Сурайж тутган йўлни лозим тутган эдилар. Зоҳид, тақводор, камтарин, гўзал хулқли, сахий, доим табассум қилиб турадиган, ширин сўзли инсон эдилар. Чиройли қиссаларни ҳикоя ва гўзал ибратли шеърларни айтадиган фасоҳатли инсон эдилар. Жуда кўп шерларни ёдлаган эдилар. Фасоҳатда донғИ кетган инсон  эдилар. Илм борасида катта денгиз бўлишлари билан бирга сийрати гўзал, дунё ўзи бўйсиниб келганда, ундан юз ўгирган ягона инсонлардан бири эдилар», дедилар.
 
 
Хофиз Шамсуддин аз-Захаби (хижрий 673-748 й)  у киши ҳақида "Сияр аълам ан-Нубала" да айтадилар:
У киши шайх, имом, мужтаҳид, шайхул ислом Абу Исъҳоқ Иброҳим иббн Али ибн Юсуф Ферузободий Шерозий эдилар. Абу Бакр Шоший у киши ҳақларида: «Абу Исъҳоқ ўз асрининг олим имомларига Аллоҳнинг ҳужжати эдилар», дедилар. Муваффақ ал-ҳанафий у киши ҳақларида: «Абу Исъҳоқ фуқаҳоларнинг Амирул муминидирлар», дедилар.
 
Имам Тожуддин ас-Субки (хижрий 717-771 й.) "Табақот Шофиийя ал-кубро» да айтадилар:
 У киши имом Шайхул ислом, қуёшнинг нуридек дунёга кенг тарқалган кўплаб китобларнинг муаллифи эдилар. У кишининг фазлини фақатгина шайтоннинг чалишидан тентираб қолган кишиларгина инкор қилади.
 
 
«Хўжа Амир Кулол» жоме масжидининг 
имом ноиби Абдулазиз Мансурхўжа
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:34
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram