Аллоҳ яхши кўрган инсон
22 феврал 2016 й.
3059 марта ўқилди.

 Аллоҳ яхши кўрган инсон

Дўстлик Аллоҳ учун ёки дунё манфаатларидан бирига боғланади. Дунё учун бўлган дўстлик молига, мансабига, аёлига бўлади. Аллоҳга маъсият йўлида дўстлашганлар охиратда бир-бирларини лаънатлаб, маломат қилишади. Чунки уларнинг ҳар бири бу аянчли ҳолга тушишига “дўсти”ни сабабчи деб билади.
 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши бошқа бир қишлоқдаги биродарини зиёрат қилди. Аллоҳ таоло унинг йўлига кузатувчи қилиб бир фариштани юборди. Фаришта унинг олдига келиб: «Қаерга боришни хоҳлайсан?» деганида, ҳалиги киши: «Мана бу қишлоқдаги биродаримникига», деди. Фаришта: «Сенинг унда парваришлаб турган бирор мол-мулкинг борми?» деганида, «Йўқ, лекин мен уни Аллоҳ йўлида яхши кўраман», деди. Шунда ҳалиги фаришта: «Мен сенга юборилган Аллоҳнинг элчисиман. Албатта Аллоҳ сени худди уни яхши кўрганингдек яхши кўради», деди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
 
Киши бу дунёда кимни холис яхши кўрса, охиратда ҳам ўшалар билан бўлади. Шунинг учун дўст танлашда ва ўзаро алоқаларда тақво биринчи ўринга қўйилса, охиратда ҳам у дўстлик давом этади. Қиёмат кунида бир-бирлари ҳақида ўйлайдилар ва ёрдамлашишларига изн берилади. Аллоҳ таъоло Зухруф сурасида:
 
“У кунда тақводорлардан ўзга дўстлар бир-бирларига душмандирлар. (У кунда тақво аҳлига айтилур:) “Эй бандаларим! Бугун сизларга хавф йўқдир ва сизлар асло ғам чекмайсиз. (Улар дунёда) оятларимизга имон келтирган ва мусулмон бўлган(банда)лар. Ўзингиз ҳам, жуфтларингиз ҳам мамнунлик ҳолларингизда жаннатга кирингиз!”» (Зухруф, 67 – 70)
Зухруф сурасининг 67-оятининг сабаби нузули икки мушрик дўст, Убай ибн Халаф ва Уқба ибн Абу Муъийт ҳақида Маккада нозил бўлган, дейишган. Уқба ибн Абу Муъийт Маккада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтириб қолади. Буни кўрган мушриклар: “Уқба ибн Абу Муъийт ўз динидан воз кечиб, янги динга ўтибди”, деган гапларни тарқатишади ва буни эшитган Убай ибн Халаф дўстига: “Агар Муҳаммад билан учрашганингда унинг юзига туфламасанг, менинг юзим сенга ҳаром”, дейди. Уқба дўсти айтганидай қилади. Бу иши учун Бадр жангида ҳибс қилиб ўлдирилди. Убай ибн Халаф эса Уҳудда ўлдирилади. У иккиси бу дунёда гуё бир-бирига содиқ дўст бўлсалар ҳам, охиратда бир-бирига ашаддий душманга айланиб, бир-бирини лаънатлайди.
 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши дўстининг динидадир. Шундай бўлгандан кейин ким билан дўстлашаётганингга қара», дедилар. Абу Довуд ва Термизийлар саҳиҳ иснод ила ривоят қилишган.
 
Ёшликда инсон дўст танлашда адашмаслиги лозим, нодон дўст инсоннинг умрини хароб этади. Араб мақолида: «Дўстинг кимлигини айтсанг, ўзингнинг кимлигингни айтиб бераман» дейишади. Шунинг учун дўст танлашда адашмайлик.
 
Аллоҳ ҳаммаларимизни дунёда ҳам охиратда ҳам аҳли солиҳ дўстлар ила жамласин.
 
 
Азизжон Жамолов - Шофиркон туман
“Шайҳи Дарвеш” жоме масжиди имом-ҳатиби.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:35
Куёш: 07:15
Пешин: 13:10
Аср: 16:10
Шом: 17:45
Хуфтон: 19:25
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram