Қадр кечаларида – қадр топмаганлар !
19 июн 2017 й.
2175 марта ўқилди.

 

 

Юртимиз  мўмин-мусулмонлари Муборак Рамазон ойининг рўзасини эмин эркин тутиб келмоқдалар. Бу муборак ойнинг илк  даҳаси “Раҳмат”,  ўртаси  “Мағфират” ва  охири “Жаҳаннам оловидан озод бўладиган” даҳалардир. Диёримиз мусулмонлари  иккинчи ўн кунлик  “Мағфират” даҳаси кунларида рўзадорлик ва тоату-ибодатлар билан ўтказиб, “Жаҳаннам оловидан озод бўладиган”  охирги даҳасида  “ Қадр кечасини ” топиш иштиёқи билан кутиб олишга киришадилар. Бу улуғ ойнинг охирги ўн кунлигида Қадр кечаси бўлиб  улар ҳар доимгидек бедор бўлиб, бу кечанинг фазилатидан баҳраманд бўлишга ҳаракат қиладилар. Зеро Оллоҳ таоло марҳамат қиладики:

 
لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِّنْ أَلْفِ شَهْرٍ
 
Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир.(“Қадр” сураси  3-оят)
 
Чунки, бу кечада Қурьони Карим нозил бўлган ва бу кечадаги ибодатнинг фазли минг ойлик ибодатдан афзалдир. Аллома  Ибн Касир оятнинг тафсирида шундай ёзганлар: “Бир киши силоҳ олиб минг ой Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилгани ривоят қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар бундан ажабландилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига ҳам шундоқ бўлишини орзу қилиб: “Эй Роббим, менинг умматимни умматлар ичида умри қисқа , амали оз қилдинг!”- дедилар. “Лайлатул Қадр сенга ва умматинга ўша одам жиҳод қилган минг ойдан яхшироқдир”, деди Аллоҳ таоло.
 
Бу кечада мўмин-мусулмонлар тахминан 9-10 соатни ичида бир умрлик ибодатларни қилиб қўядилар, яъни 83 йилу 4 ойда зикр қилди, намоз ўқиди, тавба қилди, дуо қилди ва ҳоказо кўплаб хайрли амалларни қилди деган ажр номаи аъмолларига ёзилади ин шаа Аллоҳ.
 
  Пайғамбаримиз Муҳаммад  соллоллоҳу алайҳи ва саллам  Қадр кечасининг фазилати ҳақида шундай марҳамат қилганлар:
 
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ قَامَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ
 
“Ким Лайлатул қадрни иймон ва ихлос билан қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур”
 
Демак қадр кечасини чин ихлосу муҳаббат билан тоату-ибодатда машғул бўлиб ўтказса савобга эришилади, гуноҳлар кечирилади. Абу Зарр Ғифорий р.а. жуда кўп савол берувчи инсон эди. Бир куни Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва салламдан Қадр кечаси ҳақида сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, Лайл тул Қадр Рамазон ойидами ёки бошқа ойдами?” Расулуллоҳ с.а.в. “Йўқ, фақат Рамазонда”, деб жавоб бердилар. Кейин савол бердилар: “Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, олдинги пайғамбарлар вафот этгандан сўнг уларнинг шариатлари ҳам кўтарилди. Сизнинг шариатингиз ҳам кўтариладими ёки қиёматга қадар давом этадими?” “Қиёматга қадар давом этади” дедилар. Яна Абу Зарр Ғифорий р.а. сўрадилар: “У кеча Рамазон ойиниг қайси кунида?” Расулуллоҳ с.а.в.: “Аввалги 10 кунлигида ёки охирги 10 кунлигида истанглар”. Сўнгра Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам  озгина бошқа гаплар билан овора бўлиб Абу Зарр Ғифорий р.а.нинг саволларини унутганларида, яна саволга тута бошладилар: “Ё Расулуллоҳ, у Қадр кечаси қайси 10 кунликда?” “Охирги 10 кунлигида кутгин. Бўлди, мендан бошқа нарса сўрама” дедилар. яна Пайғамбаримиз с.а.в. у-бу нарсалар ҳақида суҳбат қилиб, Абу Зарр Ғифорий р.а.нинг саволлари эсларидан чиқиб қолди. Бу пайтдан фойдаланиб, савол бердилар: “Ё Набияллоҳ, сизнинг умматингиз учун бўйнингиздаги бўлган масъулиятингиз ҳаққи ҳурмати сўрайман ўша кеча охирги 10 кунликнинг қайси кечасида бўлади?” Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай аччиқлари келдики бундан олдин ҳам бундан кейин ҳам бунчалик менга нисбатан ғазаб қилмагандилар: “Охирги 10 кунликнинг 7-кечасида кут ва бўлди энди ҳеч нарса сўрама”, деб мендан ачиққландилар – дейдилар Абу Зарр Ғифорий р.а.
 
Бу муборак кечанинг қадри улуғдир. Қадр сўзи  икки хил маьнода келади – биринчиси қадри улуғ, иккинчиси, миқдор яьни бандаларнинг тақдирини белгилашдир. Қадр кечаси шарофатли ҳукмлар чиқариш ва ўлчаш белгилаш, Аллоҳ таоло бу кечада ўз  бандасига ризқу насибасини белгилаб беради.
 
Аммо аксинча бўлиб бедор турсам бўлди деб ухламасдан телевизор кўриб, футбол ўйинлари, телефон уйнаб, бировларни ғийбат қилиб, бозордаги нарх наволар ҳақида суҳбат қилиб ўтказса хулоса қилиб айтганда Аллоҳ ва Расули рози бўлмайдиган иш билан машғул бўлиб ушбу қадрли кечаларни ўтказадиган бўлса ҳеч қандай савобга эга бўлмайди. Балки бундай кишилар қадр кечаларида қадр топмаган кишилар бўлиб фақат вақтларини зое қилган бўладилар холос.  
 
Яратган зот бу кечанинг фазилату барокотидан ҳаммамизни баҳраманд айласин!
 
 
                                                                                         Манбалар асосида тузувчи:
                                                                                            “Хўжа Али Ромитаний”
                                                                                                   жомеь масжиди
                                                                                         имом хатиби  Отабек Раҳимов.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:36
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram