Пайғамбаримиз Муҳаммад ( сав) билан бирга бўлишни хохлайсизми?
29 ноябр 2016 й.
3325 марта ўқилди.

 Пайғамбаримиз Муҳаммад ( сав) билан бирга  бўлишни хохлайсизми?

     Аллоҳ таоло инсонларни турли тоифаларга ажратди. Бу имтиҳон дунёда ҳар хил инсонларни кўрамиз. Булар орасида шундай тоифалар борки инсонларнинг ёрдами, хизмати, меҳри, моддий ва маънавий кўмагига муҳтож. Аллоҳ таоло махлуқотларини бир-бирларига муҳтож қилиб яратди. Шу эҳтиёжларини қондириш учун баъзиларини баъзиларидан устун қилиб қўйди. Бу устунлик билан инсон заиф, касалманд, ногирон, кучсизларни масхара қилиб устиларидан кулиши эмас ваҳоланки уларга ёрдам бериши лозим. Банда шундагина Аллоҳ таолонинг розилигини топади. Аллоҳ таоло мени ҳам шундай заиф, кучсиз бир ҳолда яратишга қодир эди, деган тафаккурда Аллоҳ таоло берган неъматларни шукронасини қилиши керак. Ва шу билан инсон яхшилик, савоб, ажрга муваффақ бўлади. Агарда, ҳаммага бир хилдаги неъматлар берилганда унда кимга яхшилик қилиб, ёрдам бериб, савобли иш қилар эдик. У вақтда бу имтиҳон дунёда яшашдан, синовдан маъно қолмасди.
     Заифларниниг кучлилар устидан, фақирларнинг бойлар устидан, соғларнинг касалмандлар устидан, мансаб эгаларининг мансабсизларнинг устидан, ходимларнинг раҳбар устидан, қорни очларниннг қорни тўқлар устидан, усти юпун кийимсизларнинг уст-боши бут бўлган кийимликлар устидан ҳаққи бор. Ҳар бир ҳақ соҳибига ҳаққини беришини Аллоҳ таоло бандага буюрган. Ва буни бандасидан сўрайди. Инсон бу учун жавобгар бўлади.
    Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўладиган иш – мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритиш, қорнини тўйдириш ва машаққатини енгиллатишдир», – дедилар». Ҳорис ибн Абу Умома ривояти.
      Жамиятда мана шундай қалби ўксик, қорни оч, қийинчиликда вояга етаётган меҳр-мурувватга ташна, ҳимояга муҳтож бўлган тоифалардан бири ота-онасидан эрта айрилган  етимлардир.  
     Шариатимизда етим деб - отаси вафот этган, онаси билан қолган, вояга етмаган (ўғил-қиз) фарзандларга нисбатан  айтилади. Вояга етганда етимликдан чиқади.
    Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи вассалам марҳамат қиладилар: “Эҳтилом бўлгандан кейин (болағат ёшига етганда) етим бўлмайди” деганлар.
    Етимлар жамиятнинг ожиз ва заиф шахсларидир. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйсак, тарбияси ва таълимига бепарво бўлсак келажакда улар жамият учун катта мусибат, фожеъа бўлиши, миллати, юртига хиёнат қилиши мумкин. Агар уларга ғамхўрлик қилинса жамиятига фойдали инсон бўлиб етишади. Шунинг учун ҳам етимларнинг таъминоти, таълим ва тарбияси унинг маҳрамлари, жамиятининг зиммасига юкланади.
   Бугун, орамизда ўз жигари, ака-укасидан қолган етим болаларини қарамоғига олиш, парвариш қилиш, уларга ёрдам бериш ўрнига уларни ҳеч вақосиз ҳатто отасидан қолган меросни ҳам бермай қаровсиз қолдираётганлар ёки қарамоғига олиб уларга зулм қилиб, ҳаққини еб, мулкидан фойдаланиб ўзи ва фарзандилари роҳатда яшаб, етимни эса хорлаятганлар мавжуд.
   Аллоҳ таоло  Нисо сураси 10-оятида марҳамат қилиб айтади: “ Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз, қоринларига оловни еган бўлурлар. Ва, албатта, дўзахга кирурлар”.
    Ёки аксинча, етимларга меҳр бериб, ўқитиб, одоб бериб, уй-жойлик қилиб, уйлантириб ғамхўрлик қилиятганларни ҳам учратамиз.    
   Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “ Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “ Уйларнинг энг яхшиси етим бола парвариш қилинадиган уйдир”, - деганлар.
    Демак, қайси бир хонадон, маҳалла, шаҳар, жамиятда етим бўлса шу жой энг яхши ва афзал макон ҳисобланади.
   Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “ Мен ва етимни ўз қарамоғига олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён турамиз” – деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар.”  
   Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ўринда олим, қори ёки саховатлик бой демадилар. Балки, ким етимни қарамоғига олса мен билан жаннатда бирга бўлади дедилар. Пайғамбаримиз етимларни яхши кўриб, уларга меҳрибонлик қилар эдилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам оталаридан оналарининг қоринларида икки ойлик бўлганларида ажралганлар. Энди қайси биримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан жаннатга бирга бўлишни хоҳласак етимпарвар бўлайлик ва уларнинг ҳолидан хабар олиб кўмак берайлик.
    Маълумки, мамлакатимизда етим-есирлар ва ногиронларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ҳукуматимиз томонидан яхши йўлга қўйилган. Етимлар учун меҳрибонлик уйлари фаолият кўрсатиб турибди. Саховатпеша инсонлар ана шундай жойларга хайр-эҳсон қилиб, уларнинг кўнгилларини кўтариб, жойлардаги маҳалла фуқаролари йиғинлари томонидан ҳар томонлама ёрдам бериб келинмоқда.
     Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тили билан қалб жароҳатига малҳам бўлса, унга қиёматгача бунинг ажри келиб туради ва қиёматда янада мукаммалроқ ажр олади», – дедилар». Табароний «Макоримул ахлоқ»да ривоят қилганлар.  Етимлар мана шундай биргина ширин сўзга интиқ инсонлардир.
    Баъзида дину-дунёмиз, оқибату-охиратимиз учун фойдасиз беҳуда ишлар, исроф ва риёлар билан оввора бўлиб олдимиздаги савоби улуғ бўлган амалларни сезмаймиз, билмаймиз, унутганмиз ёки эътибор қилмаймиз. Кўпинча ўзимиз, аёлимиз, болаларимизнинг орзу-ҳаваслари кўзимизга кўринади-ю аммо етим-фақирларнинг эҳтиёжи, яшашга уйи йўқлиги, оёқ-кийим олишга маблағи етишмаслиги, кўз ёшлари кўзимизга кўринмайди.
     Исломда буюрилмаган ортиқча эҳсонларни қиламиз-у нега уйланаолмаётган фақирлар, етимларни уйлантиришга ҳаракат қилмаймиз. Бугун борган эҳсонларимизни сабабини сўраганимизда айтишади: “ Ҳа бир ўтганларни руҳи шод бўлсин ”, “ Шундай бир худойи қилияпман”, “ Шундай бир шукрона учун ёки ният қилган эдим” – деб. Агар шу эҳсонимизга кетган маблағни маҳалладаги етим, фақирларни эҳтиёжига сарфласак ва савобини ота-онамизни номига бағишласак биздан рози, амалимиздан хурсанд, руҳлари шод бўлиб жаннатдаги мақомлари кўтарилиб, нажотга эришган бўлар эдилар. Умримизга ҳам ризқимизга ҳам барака кирарди. Шуларни дуоси сабаб бўлиб балою-офат, машаққату хорлик, касаллигу мусибатлардан Аллоҳ таоло барчани сақларди. Эҳсонлар орасида бунақа эҳсонни савобидан ортиқ савоб бўлмайди. Фақат дунёмизни ўйлаб эмас охиратимизни ҳам ўйлаб иш қилайлик. Бугун баъзида ҳаддан ошиб кам таъминланган, муҳтож, ночор кимсаларни унитиб қўйдик.  Кўнгли синиқ, меҳрга ташналарни хурсанд қилиш ниҳоятда савобли амал эканини унутмайлик.
                                    Ким бир кўнгли бузуқ хотирин шод айлагай
                                    Анча борким каъба вайрон бўлса обод айлагай.
     Каъбани Иброҳим алайҳиссалом қурган бўлсалар, инсонни қалбини Аллоҳ таоло бино қилган. Шунинг эътиборидан каъба бино қилишнинг савобидан кўра қалби вайрон бўлиб турган мусулмон, етим, фақир, муҳтожни қалбига хурсандчилик киритишнинг савоби афзал. 
   Аллоҳ таолонинг нусратини, розилигини заифларнинг орасидан қидирайлик. Қиёмат куни бева онанинг хурсанд бўлиб тўккан кўзёши ва етим боланинг табассуми тарозимизни оғир қиладиган амал эканини эсдан чиқармайлик.
    Аллоҳ таоло бизни бу қилиятган амалларимизни қайсиниси қабул қилиб, қайси амалимиз билан жаннатга киритади буни билмаймиз. Аллоҳ таолони розилигини заиф, фақир, камбағал, етим, бева – бечора, муҳтожларни қалбидан қидирайлик. Уларга муҳаббатли, раҳмли бўлайлик.
     Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, Аллоҳ таолонинг раҳмати раҳмдиллар устига ёғилади», – дедилар. Биз: «Эй Расулуллоҳ, ҳаммамиз раҳмдилмиз», – дедик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзига, аҳли оиласигагина раҳм қилувчилар раҳмдил эмаслар. Ваҳоланки, барча мусулмонларга раҳм қилувчилар раҳмдилдирлар», – дедилар». Абу Яъло ва Табаронийривояти.
    Аллоҳ таоло барчага меҳрли, оқибатли бўлишимизни насиб айласин. Етимлар ва заифларга ёрдамчи бўлиб, жаннатда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлишни муяссар қилсин.
  
 
Ғиждувон туман   
« Соктари » жомеъ
масжиди имом хатиби  Жасурбек  Латипов.

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:40
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram