Фолбин ва мунажжимни тасдиқлаш
16 май 2022 й.
644 марта ўқилди.
Фолбин ва мунажжимни тасдиқлаш
Аллоҳ таоло айтади:
“(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (Исро сураси, 36-оят).
Ушбу оят тафсиридан Калбий: “Билмаган нарсанг ҳақида гапирма”, деб айтсалар, Қатода: “Эшитмаган нарсангни эшитдим, кўрмаган нарсангни кўрдим ва билмаган нарсангни биламан, демагин”, деганлар.
“ Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)”, оятини тафсир қилиб, Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳ бандаларидан бу аъзоларни қандай амалларга ишлатганини сўрайди”, деганлар.
Ушбу ояти карима ҳалол бўлмаган нарсага қараш, ҳаром саналган нарсани эшитиш ва жоиз бўлмаган нарсани ирода қилишдан қайтаришга ҳужжатдир. Валлоҳу “(У) ғайбни билувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирор кимсани хабардор қилмас. Фақат Ўзи рози бўлган (танлаган) пайғамбарнигина (икки дунёнинг баъзи сирларидан огоҳ этар)...”. (Жин сураси, 26-27-оятлар)
Мазкур ояти карима юлдузлар ғайбга далолат қилади, деб даъво қилган кимса кофир бўлишига далилдир. Валлоҳу аълам.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: “Ким башоратгўй ёки фолбин олдига бориб, айтаётган гапини рост деб билса, шубҳасиз, Муҳаммадга келган нарсага куфр келтирибди”. (Имом Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривояти)
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: “Ким башоратгўйнинг олдига бориб, ундан бирор нарсани сўраб, тасдиқласа, қирқ кунгача унинг бирорта ҳам номози қабул қилинмайди”. (Имом Муслим ривояти)
Ойша (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Одамлар “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дан фолбинлар ҳақида сўрашди. У зот: “Улар ҳақ эмаслар”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, улар гоҳида шундай гапларни айтадиларки, ҳақ бўлиб чиқади”, дейишади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Бу ҳақ калимани жин ўғринча билиб, уни дўсти-фолбинлар қулоғига қуяди. Улар эса унга юзта ёлғонни аралаштиради”, дедилар”. (Муттафақун алайҳ)
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: “Фаришталар булутга тушадилар ва осмонда ҳукм қилинган ишни зикр қиладилар. Шайтон ўғринча қулоқ тутиб, эшитиб олади-да, уни фолбинларга етказади. Улар эса унга ўзларидан юзта ёлғон қўшиб, ёлғон гапирадилар”. (Имом Бухорий ривояти)
Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) айтганлар: “Фолбин сеҳргардир, сеҳргар эса кофирдир”. Шундай экан азизлар ! Бундай жирканч иллатдан, улкан гуноҳдан сақланайлик, яқинларимизни ҳам огоҳ этайлик.
Аллоҳ таолодан икки дунёда офият ва паноҳ тилаймиз.
Вобкент тумани “Анжир Фағнавий” масжиди
имом-хатиби Ғолиб домла Очилов
имом-хатиби Ғолиб домла Очилов
«орқага